Айрим диний эътиқодлар
Ҳиндуийлик
Мазкур дин тарафдорлари азоб-уқубатларни инсоннинг бу ёки олдинги ҳаётида қилган ишларининг оқибатлари деб билишади. Қолаверса, улар қайта туғилиш занжиридан халос бўлиш, яъни мокшага эришилганда одам азоб-уқубатлардан қутулади, деган ғояга ишонишади.
Ислом
Бу динга эътиқод қилувчилар азоб-уқубатларни гуноҳ учун жазо ва имон синови деб билишади. Шимолий Америка Ислом Жамиятининг президенти Сайид Сииднинг айтишича, кўнгилсиз воқеалар бизга «барча баракаларимиз учун Худодан ҳамиша миннатдор бўлишимиз кераклигини ва муҳтожларга ёрдам беришимиз лозимлигини» эслатади.
Яҳудийлик
Ушбу динга ишонувчилар инсон ўзининг хатти-ҳаракатлари дастидан азоб-уқубатларга дучор бўлади, деб ўйлашади. Мазкур диннинг баъзи вакиллари тирилиш бўлишига, кейин эса жабрдийда айбсиз одам учун адолат ўрнатилишига ишонишади. Каббала (яҳудийликдаги мистик оқим) тарафдорлари реинкарнация (руҳларнинг бир танадан иккинчисига кўчиб юриши тўғрисидаги таълимот)га эътиқод қилишади.
Буддавийлик
Буддавийларнинг таълимотига кўра, инсон ҳар сафар қайта туғилганида азоб-уқубатларга йўлиқади ва ёмон ишлар, ҳиссиётлару хоҳиш-истаклардан холи бўлмагунича азоб-уқубатлар гирдобида қолади. Донолик, ахлоқий баркамоллик ва медитация орқали инсон нирванага, яъни барча азоб-уқубатлардан халос бўлиш ҳолатига етишади.
Конфуцийчилик
Бир луғатда айтилишича, бу дин тарафдорлари азоб-уқубатларга кўпинча «инсоннинг ўзи ва қилган хатоси» сабаб бўлади, деб ҳисоблашади. («A Dictionary of Comparative Religion») Конфуцийчилик таълимотига кўра, инсон одоб қоидаларига амал қилиб яшаса, камроқ азоб-уқубатларга рўбарў келади. Бундан ташқари, конфуцийчилар азоб-уқубатларнинг аксар қисмини «инсонлардан анча кучлироқ бўлган руҳий мавжудотлар» келтириб чиқаришига ишонишади. Улар бу каби вазиятларда киши матонат кўрсатиб, тақдирга тан бериши керак, деб ўйлашади.
Баъзи қабилавий динлар
Бундай динларга эътиқод қилувчилар азоб-уқубатлар сеҳр-жоду билан боғлиқ, деб ҳисоблашади. Мазкур динларнинг таълимотларига биноан, сеҳргарлар ё омад, ё офат келтириши мумкин ва улар етказган азоб-уқубатларни турли диний расм-русумлар ёрдамида камайтирса бўлади. Ушбу динларнинг вакиллари касалликдан азоб чекаётган инсон сеҳр-жоду қилинган, деб ўйлашади ва сеҳр-жодудан иссиқ-совуқ қилувчилар қўллайдиган воситалар халос қилади, деб ишонишади.
Христианлик
Христианлар азоб-уқубатларга, Аллоҳ Каломидаги Ибтидо китобида айтилганидек, илк жуфтлик қилган гуноҳ сабаб бўлган, деб ҳисоблашади. Лекин кўп христиан оқимлари ушбу таълимотга ўз ғояларини қўшишган. Масалан, католикларнинг эътиқодларига кўра, азоб чекаётган инсон ўзининг азоб-уқубатларини Худога қурбонлик сифатида бахшида этиши мумкин ва бу «қурбонлик» черковга фойда келтиради, бошқаларга эса нажоту яхшилик олиб келади.
КЎПРОҚ БИЛИБ ОЛИНГ
jw.org сайтидаги «Худо барча динларни маъқул кўрадими?» номли видеони томоша қилинг.