Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳамдардлик кўрсатинг

Ҳамдардлик кўрсатинг

Муаммо

Агар ўзгаларнинг биздан фарқли томонларига ҳаддан ортиқ диққат қаратсак, бу томонларни камчилик ёки нуқсон деб ҳисоблай бошлашимиз мумкин. Натижада биздан қайсидир жиҳати билан фарқ қиладиган инсонларга нисбатан юз-хотир бўлиб қоламиз. Юзхотирчилик эса бундай инсонларга ҳамдардлик кўрсатишимизга тўсқинлик қилади.

Муқаддас Китобдаги принцип

«Севинаётганлар билан севининглар, йиғлаётганлар билан йиғланглар». (РИМЛИКЛАРГА 12:15)

Бу оятдан нимани ўргансак бўлади? Бу оят ҳамдардлик кўрсатишимиз муҳим эканини кўрсатяпти. Ҳамдардлик бу — ўзимизни кимсанинг ўрнига қўйиб кўриш, унинг ғам-қайғуси ва дардига шерик бўлиш туйғусидир.

Ҳамдардлик қандай ёрдам беради?

Кимгадир ҳамдардлик кўрсатганимизда, ўша инсон билан қанчалик ўхшаш эканимизни англаймиз. Эҳтимол, у бошдан кечираётган ҳис-туйғулари ва унинг хатти-ҳаракатлари бизга таниш бўлиши мумкин. Ҳамдардлик бизга келиб чиқишимиздан қатъи назар, ҳаммамиз инсоният оиласининг бир қисми эканимизни тушунишга ёрдам беради. Агар бошқа одамларда бизга ўхшаш томонларни изласак, унда улар ҳақидаги нуқтаи назаримиз ижобий бўлади.

Ҳамдардлик бизга бошқаларни ҳурмат қилишга кўмаклашади. Масалан, Сенегалдаги Эн-Мари қуйи табақа ҳисобланувчи тоифага мансуб одамларга паст назар билан қарарди. Эн-Мари ҳамдардлик унга қандай ёрдам берганини қуйидагича тушунтириб берди: «Қуйи табақаларга мансуб кишилар қийналаётганини кўрганимда, ўзимдан шундай сўрадим: “Уларнинг ўрнида бўлганимда, нималарни ҳис қилган бўлардим?” Шундан кейин мен ўша инсонлардан юқори эмаслигимни тушуна бошладим». Демак, агар бошқа инсонларнинг қийинчиликларини тушунишга интилсак, уларни ҳукм қилишнинг ўрнига уларга ҳамдардлик кўрсатамиз.

Нима қилишингиз мумкин?

Агар қайсидир гуруҳ одамлар ҳақида салбий фикрда бўлсангиз, улар билан қайси жиҳатларингиз ўхшаш эканини аниқлашга ҳаракат қилинг. Масалан, ўша гуруҳ вакиллари қуйидаги ишларни қилишганда ўзларини қандай ҳис этишини тасаввур қилиб кўринг:

Ҳамдардлик бизга ҳаммамиз инсоният оиласининг бир қисми эканимизни тушунишга ёрдам беради

  • оила аъзолари билан овқат ейишганда

  • куннинг охирида ишни тугатишганда

  • дўстлари билан вақт ўтказишганда

  • севимли мусиқани эшитишганда

Ўзингизни уларнинг ўрнига қўйиб кўринг. Ўзингиздан шундай сўранг:

  • «Агар кимдир мени камситса, бунга қандай муносабат билдирардим?»

  • «Бошқалар мен ҳақимда ҳеч нарсани билмай туриб, мени ҳукм қилишса, ўзимни қандай ҳис этардим?»

  • «Агар мен ҳам бу гуруҳ аъзоси бўлганимда, бошқалар мен билан қандай муомала қилишларини истардим?»