Янги ўзликни кийиб олиб, уни асло ечмайлик
Янги ўзликни кийиб олинглар. КОЛОС. 3:10
1, 2. а) Нега янги ўзликни кийиб олиш қўлимиздан келади, деб айтиш мумкин? б) Колосаликларга 3:10–14 да янги ўзликка хос қайси фазилатлар ҳақида ёзилган?
«ЯНГИ ўзлик». Мазкур ибора «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»да икки марта учрайди. (Эфес. 4:24; Колос. 3:10) Бу ерда «Худонинг ниятига кўра яралган» шахсият назарда тутилган. Шундай янги ўзликни ривожлантириш қўлимиздан келади. Нега деганда, Яҳова одамзодни Ўз суратига кўра яратган ва улар Унинг гўзал фазилатларини акс эттира олишади. (Ибт. 1:26, 27; Эфес. 5:1)
2 Илк ота-онамиздан номукаммалликни мерос қилиб олганимиз сабабли, нотўғри истакларга берилиб кетишга мойилмиз. Бундан ташқари, атрофимиздаги одамлар ҳам бизга қаттиқ таъсир қилиши мумкин. Лекин раҳм-шафқатли Худойимиз Яҳованинг кўмаги билан биз айнан У истагандек инсон бўла оламиз. Келинг, ушбу мақсадга эришиш истагимизни кучайтириш учун, янги ўзликка хос айрим фазилатларни кўриб чиқамиз. (Колосаликларга 3:10–14 ни ўқинг.) Шунингдек, бу фазилатларни хизматда қандай намоён этишимиз мумкинлигини ҳам билиб оламиз.
«ҲАММАЛАРИНГИЗ... БИРЛИКДАСИЗЛАР»
3. Қайси фазилат янги ўзликнинг ажралмас бир қисмидир?
3 Павлус бизни янги ўзликни кийиб олишга чорлаганидан кейин, юзхотирчиликдан холи бўлишни янги шахсиятнинг ажралмас бир қисми сифатида тасвирлади. У шундай дея ёзди: «На юнон, на яҳудий, на суннат ва на суннатсизлик, на чет эллик, на скиф, на қул ва на озод бор». * Нима сабабдан жамоатда ирқ, миллат ёки ижтимоий аҳволга қараб одам ажратмаслик керак? Чунки Масиҳнинг ҳақиқий издошлари «бирликда»дирлар. (Колос. 3:11; Галат. 3:28)
4. а) Яҳованинг хизматчилари бошқаларга қандай муносабатда бўлишлари керак? б) Қайси вазият масиҳийларнинг бирлигига путур етказиши мумкин?
4 Янги ўзликни кийиб олганлар имондошларини ҳам, бошқа инсонларни ҳам, уларнинг ижтимоий ёки ирқий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳурмат қилишади. (Рим. 2:11) Бундай йўл тутиш дунёнинг баъзи қисмларида қийин кечиши мумкин. Масалан, Жанубий Африкадаги ҳукумат турли ирққа мансуб одамлар алоҳида яшаши учун махсус ҳудудлар ажратиб берган. Ўша ҳудудларда ҳозиргача кўп одамлар, жумладан, Яҳованинг Шоҳидлари ҳам яшайди. Шу боис, Етакчи кенгаш имондошларимизни: «Бағрингизни кенг қилинглар»,— деб ундаб, улар бир-бири билан яқинроқ танишиб олишлари учун 2013 йил октябрь ойида ўзгача тадбир уюштирди. (2 Кор. 6:13) Қизиқ, бу қандай тадбир экан?
5, 6. а) Худонинг халқи орасидаги бирликни мустаҳкамлаш учун бир мамлакатда қандай тадбирлар уюштирилди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.) б) Бу қандай натижа берди?
5 Турли ирқларга мансуб бўлган ёки ҳар хил тилларда гапирадиган иккита жамоат дам олиш кунлари бирга вақт ўтказиши учун тадбирлар ташкиллаштирилди. Иккала жамоатдаги имондошлар ваъзгўйликда ҳамкорлик қилишарди, биргалашиб йиғилишларга қатнашарди ва бир-бириникига меҳмонга боришарди. Мазкур тадбирда юзлаб жамоатлар иштирок этди ва ҳатто Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган кишилар маҳаллий филиалга хатлар ёзиб, бу тадбир ҳақида ижобий фикр билдиришди. Мисол учун, бир дин пешвоси шундай деди: «Мен Яҳованинг Шоҳиди эмасман, лекин шуни айтиш жоизки, сизлар ваъзгўйлик ишини жуда пухта ташкил этгансизлар ва ораларингизда ирқлараро бағрикенглик ҳукм сурмоқда». Яҳованинг Шоҳидларига-чи, бу тадбир қандай таъсир қилди?
6 Коса тилида гапирадиган Нома исмли бир имондошимиз инглизча жамоатдаги оқ танли биродарларни ўзининг оддийгина уйига таклиф қилиш борасида аввалига иккиланиб турганди. Аммо оқ танли имондошлари билан ваъзгўйликка чиқиб, уйларида меҳмон бўлгач, «улар ҳам биз каби оддий инсонлар экан», деган хулосага келди. Кейинчалик, коса тилида гапирадиган жамоатнинг инглизча жамоатга меҳмондорчилик кўрсатиш навбати келганида, Нома овқат тайёрлаб, айрим имондошларини ўз уйига таклиф қилди. Меҳмонлар орасида оқ танли оқсоқол ҳам бор эди. Нома шундай дея бўлишди: «У оддий пластмасса яшикка, деярли ерга ўтиришга тайёр бўлгани мени ҳайратда қолдирди». Ҳозиргача давом этаётган бу тадбир натижасида кўп биродару опа-сингиллар янги дўстлар орттириб, бундан буён ҳам бағрикенгликни намоён этишга қатъий қарор қилишди.
«МЕҲР-ШАФҚАТ, МЕҲРИБОНЛИК»
7. Нега ҳозир меҳр-шафқатли бўлиш айни муддао?
7 Шайтоннинг дунёси ўз якунига етмагунча, қийинчиликлардан қутула олмаймиз. Биз ишсизлик, жиддий касалликлар, таъқиблар, табиий офатлар, жиноятчилик дастидан мол-мулкимиздан айрилиш ва шу каби бошқа мушкулликларни бошдан кечиряпмиз. Кулфатли ёки азоб-уқубатли дамларда Эфес. 4:32) Янги ўзликка хос бўлган бу фазилатлар ёрдамида биз Аллоҳга тақлид қилиб, бошқаларга тасалли бера оламиз. (2 Кор. 1:3, 4)
бир-биримизни қўллаб-қувватлаш учун, чинакам меҳр-шафқатни намоён этишимиз лозим. Раҳм-шафқат туйғуси бизни меҳрибон бўлишга ундайди. (8. Жамоатда барчага раҳм-шафқат ва меҳрибонлик кўрсатиш қандай яхши натижаларга олиб келиши мумкин? Мисол келтиринг.
8 Қай йўсин жамоатимиздаги мусофирлар ёки ночор аҳволда бўлганларга янада кўпроқ меҳр бера оламиз? Бундай инсонлар жамоатда ўзларини қадрли ҳис қилишлари учун, улар билан дўст бўлишимиз лозим. (1 Кор. 12:22, 25) Масалан, Филиппиндан Японияга кўчиб ўтган Дэнникарл билан нима юз берганини кўриб чиқайлик. Иш жойида унга бошқа ҳамкорлари қатори бир хил муносабат кўрсатишмаган. Вақт ўтиб, у Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларига қатнай бошлади. «Йиғилишга келганларнинг деярли ҳаммаси япон эди,— дейди Дэнникарл,— аммо улар мени худди азалдан танигандек илиқлик билан қарши олишди». Унга меҳрибонлик кўрсатишда давом этишгани туфайли Дэнникарл маънан ўсди. У сувга чўмди ва ҳозир оқсоқол бўлиб хизмат қиляпти. Жамоатидаги оқсоқоллар уни ва хотини Жениферни жамоатлари учун барака деб ҳисоблашади. Бу жуфтлик ҳақида оқсоқоллар шундай дейишди: «Улар кашшоф сифатида ниҳоятда оддий ҳаёт кечириб, Худонинг Шоҳлигини биринчи ўринга қўйишда яхши ўрнак кўрсатишмоқда». (Луқо 12:31)
9, 10. Хизматда меҳр-шафқатни намоён этиш қанақа баракалар келтиришини кўрсатувчи мисолларни айтиб беринг.
9 Бошқаларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни улашганимизда, ҳаммага «яхшилик қилиш» фурсати пайдо бўлади. (Галат. 6:10) Муҳожирларга нисбатан меҳр-шафқат туйғуси кўп имондошларимизни янги тилни ўрганишга ундамоқда. (1 Кор. 9:23) Бу мўл-кўл баракалар олиб келмоқда. Мана бир мисол. Австралиялик Тиффани исмли бир доимий кашшоф Брисбен шаҳридаги суахили тилида гапирадиган жамоатга ёрдам бериш мақсадида шу тилни ўрганди. Тилни ўрганиш Тиффани учун осон кечмаган бўлса ҳам, бу унинг ҳаётини бойитди. У шундай деб бўлишди: «Агар хизматингиз қизиқарли бўлишини истасангиз, бошқа тилда гапирадиган жамоатга ўтинг. Бу худди шаҳрингиздан ташқарига чиқмасдан саёҳат қилишдайдир. Ўшанда биродарлигимиз қойилмақом даражада якдил ва умумжаҳон эканига шахсан гувоҳ бўласиз».
10 Энди Япониядаги бир оиланинг мисолини кўриб чиқайлик. Бу оилада улғайган Сакико исмли қиз шуни айтиб берди: «1990 йилларда ваъз қилиб юрганимизда Бразилиядан келган муҳожирларни кўп учратардик. Биз уларга португал тилидаги Ваҳий 21:3, 4 ёки Забур 36:10, 11, 29- оятларни кўрсатганимизда, улар диққат билан тинглашарди ва ҳатто баъзида кўзлари ёшланиб кетарди». Лекин бу оиланинг меҳр-шафқати шу билан чегараланиб қолмади. «Улар маънан чанқоқ эканини кўргач,— дейди Сакико,— бутун оиламиз билан португал тилини ўргана бошладик». Кейинчалик бу оиланинг кўмаги билан португалча жамоат ташкил этилди. Йиллар давомида бу оила кўпгина муҳожирларга Яҳованинг хизматчиси бўлишга ёрдамлашди. «Португалчани ўрганиш осон кечмади,— деб қўшиб қўйди Сакико,— аммо олган баракаларимиз бунга сарфлаган ҳаракатларимиздан ошиб тушди. Биз Яҳовага жуда ҳам миннатдормиз». (Ҳаворийлар 10:34, 35 ни ўқинг.)
Муқаддас КитобданКАМТАРИНЛИККА БУРКАНИНГЛАР
11, 12. а) Нега янги ўзликка бурканаётганимизда ниятимиз тўғри бўлиши муҳим? б) Камтаринликни сақлаб қолишимизга нима ёрдам беради?
11 Янги ўзликка бурканар эканмиз, ниятимиз одамлардан мақтов эшитиш эмас, балки Яҳовани шарафлаш бўлиши керак. Унутмангки, қачонлардир мукаммал бўлган бир руҳий мавжудот мағрурликка берилиб, оқибатда гуноҳ қилиб қўйганди. (Ҳизқиё 28:17 ни солиштиринг.) У ҳолда, гуноҳкор бандалар учун ўринсиз ғурур ва такаббурликдан қочиш қанчалар қийин-а! Аммо шунга қарамай, камтаринликка бурканиб олишнинг имкони бор. Бунда бизга нима ёрдам беради?
12 Камтаринликни сақлаб қолишни истасак, Худонинг Каломидан ўқиганларимиз устида мулоҳаза қилишга ҳар куни вақт ажратишимиз зарур. (Қонун. 17:18–20) Хусусан, Исонинг таълимотлари ҳамда камтарона хизмати ҳақида фикр юритсак, мақсадга мувофиқ бўлади. (Мат. 20:28) Ахир Исо ҳатто шогирдларининг оёқларини ювган-ку. (Юҳан. 13:12–17) Шунингдек, ўзимизни бошқалардан устун қўйиш мойиллигимиз билан курашиш учун Худодан ибодатда муқаддас руҳ сўраб туришимиз лозим. (Галат. 6:3, 4; Филип. 2:3)
13. Камтарин бўлиш қанақа баракалар келтиради?
13 Ҳикматлар 22:4 ни ўқинг. Худонинг барча хизматчиларидан камтарин бўлиш талаб қилинади ва бу чексиз баракалар келтиради. Камтаринлик жамоатда тинчлик ва якдиллик ҳукм суришига ҳисса қўшади. Бу фазилатни ривожлантириш, шунингдек, Тангрининг меҳр-иноятига эга бўлишимизга ёрдам беради. Ҳаворий Бутрус қуйидагича ёзган: «Бир-бирингизга муомала қилишда камтаринлик белбоғини тақинглар. Зеро Аллоҳ мағрурларга қарши чиқади, камтаринларга эса иноятини намоён этади». (1 Бутр. 5:5)
МУЛОЙИМЛИК ВА УЗОҚ САБРЛИЛИККА БУРКАНИНГЛАР
14. Мулойимлик ва узоқ сабрлиликни намоён этишда ким энг аъло ўрнакдир?
14 Ҳозирги дунёда мулойим ва узоқ сабрли бўлиш одатда заифлик ҳисобланади. Бундай фикрлаш тарзи ҳақиқатдан қанчалик йироқ-а! Ахир, бу гўзал фазилатларнинг манбаи оламдаги энг қудратли Зот-ку. Ҳа, Тангри Яҳова мулойимлик ва узоқ сабрлиликни намоён этишда энг аъло ўрнакдир. (2 Бутр. 3:9) У Иброҳим ва Лут пайғамбарларнинг саволларига фаришталари орқали қандай жавоб бергани бунинг яққол мисолидир. (Ибт. 18:22–33; 19:18–21) Боз устига, 1 500 йилдан зиёд вақт давомида Яҳова ўжар Исроил халқининг қилиқларига чидаб келган. (Ҳиз. 33:11)
15. Мулойимлик ва узоқ сабрлиликни намоён этишда Исо қандай ўрнак қолдирган?
15 Исо ҳам «мулойим» бўлган (Мат. 11:29) У издошларига узоқ сабрли бўлиб, уларнинг заифликларига чидаган. Ер юзидаги хизмати мобайнида Исо унга қаршилик кўрсатган дин пешволарининг ноҳақ танқидларига тоқат қилиб келган. Лекин у то ўлимигача мулойим ва узоқ сабрли бўлиб қолган. Азоб устунида оғриқлардан қийналаётганда эса, Отасидан уни қатл қилаётганларни кечиришини сўраган. Ўшанда Исо: «Улар нима қилишаётганини билишмайди»,— деган. (Луқо 23:34) Дарҳақиқат, Исо таранг, оғриқли вазиятларда ҳам мулойимлик ва узоқ сабрлиликни намоён этиб, зўр ўрнак қолдирган! (1 Бутрус 2:21–23 ни ўқинг.)
16. Мулойим ва узоқ сабрли эканимизни амалда қандай кўрсата оламиз?
16 Биз-чи, мулойимлик ва узоқ сабрлиликни қандай намоён эта оламиз? Павлус имондошларига ёзган мактубида буни қуйидаги йўл билан кўрсатиш мумкинлигини эслатиб ўтган: «Бир-бирингизга чидамли бўлинглар ва ҳатто кимнингдир бошқадан арз қилишга сабаби бўлса, уни чин дилдан кечирсин. Яҳова сизларни чин дилдан кечирганидек, сизлар ҳам шундай йўл тутинглар». (Колос. 3:13) Ҳа, бу амрга риоя қилиш учун биздан мулойим ва узоқ сабрли бўлиш кутилади. Кечиримли бўлиб эса, жамоатда якдиллик ҳукм суришига ҳисса қўшамиз.
17. Мулойимлик ва узоқ сабрлиликни намоён этиш нима учун муҳим?
17 Яҳова биздан бошқаларга мулойимлик ва узоқ сабрлиликни намоён этишимизни талаб қилади. Бу фазилатлар нажот топишимиз учун муҳимдир. (Мат. 5:5; Ёқб. 1:21) Энг асосийси эса, мазкур фазилатларни намоён этсак, Яҳовани шарафлаймиз ва бошқаларга Муқаддас Китобдаги маслаҳатларга амал қилишга кўмаклашамиз. (Галат. 6:1; 2 Тим. 2:24, 25)
«СЕВГИ ФАЗИЛАТИГА БУРКАНИНГЛАР»
18. Севги ва юзхотирчилик қилмаслик ўртасида қандай боғлиқлик бор?
18 Юқорида кўриб чиқилган барча фазилатлар севги билан чамбарчас боғлиқ. Мисол учун, шогирд Ёқуб ўз биродарларига бойларни камбағаллардан устун қўймасликни маслаҳат беришга мажбур эди. У бундай хулқ-атвор «яқинингни ўзингни севгандай сев», деган шоҳнинг қонунига зид эканини кўрсатган. Кейин у шундай деган: «Бироқ юзхотирчилик қилишда давом этсангиз, гуноҳ қилган бўласизлар». (Ёқб. 2:8, 9) Агар биз одамларни севсак, уларни маълумотига, ирқига ёки ижтимоий аҳволига қараб ажратмаймиз. Юзхотирчилик қилмаётганимиз сохта бўлмаслиги лозим. Бу фазилат шахсиятимизнинг ажралмас қисми бўлиши керак.
19. Нима учун севги фазилатига бурканишимиз муҳим?
19 Севги, шунингдек, «сабрли ва меҳрибондир», у «кеккаймайди». (1 Кор. 13:4) Чиндан ҳам, Шоҳлик хабарини бошқаларга улашишда давом этиш учун сабрли, меҳрибон ва камтарин бўлишимиз зарур. (Мат. 28:19) Худди шу фазилатлар жамоатдаги ҳамма биродару опа-сингиллар билан тинч-тотувликда яшашимизга ҳам ёрдам беради. Бундай севгини намоён этиш қанақа баракалар олиб келади? Бу жамоатларни бирлаштириб, Яҳовага шон-шараф келтиради ва инсонларни ҳақиқатга жалб қилади. Шундай экан, Муқаддас Китобда янги ўзлик тўғрисидаги сўзлар қуйидаги кучли ундов билан якун топиши жуда ўринлидир: «Буларнинг устига, инсонларни етук даражада бирлаштирадиган севги фазилатига бурканинглар». (Колос. 3:14)
«ЯНГИЛАНИШДАН» ТЎХТАМАНГЛАР
20. а) Ўзимизга қандай саволлар беришимиз зарур ва нима учун? б) Биз қайси пайтни интиқиб кутяпмиз?
20 Ҳар биримиз ўзимизга шундай савол беришимиз лозим: «Қай йўсин мен эски ўзлигимни ечиб ташлаб, ўзимдан соқит қилишим мумкин?» Биз Яҳовага илтижо қилиб, Ундан ёрдам сўрашимиз керак. Шунингдек, Худонинг Шоҳлигида мерос олишимизга халал берадиган ҳар қандай фикр ва одатдан халос бўлиш учун зўр бериб ҳаракат қилишимиз зарур. (Галат. 5:19–21) Бундан ташқари, ўзимиздан: «Ақлимни янгилашда давом этяпманми?» — деб сўрашимиз даркор. (Эфес. 4:23, 24) Барча масиҳийлар янги ўзликни кийиб олиб, уни ечмасликни мукаммал даражада ўрганмагунча, бу жараён давом этаверади. Ҳар бир инсон янги шахсиятга бурканиб, камолотга эришганда ҳаёт нақадар ажойиб бўлишини бир тасаввур қилинг!
^ абз. 3 Муқаддас Китоб ёзилган пайтда скифларни ғоят маданиятсиз халқ деб ҳисоблаб, камситишарди.