Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Қўрқма, Ўзим ёрдамга келаман»

«Қўрқма, Ўзим ёрдамга келаман»

ТАСАВВУР қилинг: қоронғи кечада кўча бўйлаб кетяпсиз. Шу пайт орқангиздан кимдир келаётганини сезиб қоласиз. Сиз тўхтаганингизда, ўша кимса ҳам тўхтайди, тезлашганингизда эса, у ҳам тезлашади. Шунда сиз яқин атрофда турадиган дўстингизнинг уйига қараб чопасиз. Дўстингиз эшикни очиб, сизни уйига киргизганида эса, енгил тортиб чуқур нафас оласиз.

Эҳтимол, сиз айнан шундай вазиятга тушмагандирсиз, лекин ҳаётдаги қандайдир ташвишлар кўнглингизга ғулғула солиши мумкин. Масалан, бирон-бир камчилигингизни енгиш учун у билан курашиб келаётган бўлсангиз ҳам, афсуски, битта хатони қайта-қайта такрорлаётгандирсиз. Ё бўлмаса, иш топиш учун қанча ҳаракат қилсангиз ҳам, бунинг уддасидан чиқа олмаётгандирсиз. Ёхуд сизни олдинда кутаётган кексалик ва соғлик муаммолари ҳақида ташвишланаётгандирсиз. Балки сизни яна бошқа бир нарса безовта қилаётгандир?

Қандай муаммога дуч келишингиздан қатъи назар, қайғули кунда ёнингизда дардкаш ва ёрдам қўлини чўзишга тайёр бўлган инсон бўлишини наҳот истамасангиз?! Сизнинг ҳам шундай яқин дўстингиз борми? Ҳа, бор! Чунки Яҳова Иброҳим Халилуллоҳ учун қандай дўст бўлган бўлса, сиз учун ҳам худди шундай дўстдир. Бу ҳақда Ишаё 41:8–13 да ёзилган. 10- ва 13- оятларда Яҳова ўз хизматчиларига мурожаат қилиб, шундай деган: «Қўрқма, Мен сен билан биргаман, ваҳимага тушма, Мен сенинг Худойингман. Сенга куч бераман, Ўзим ёрдамга келаман, ғолиб ўнг қўлим билан сени қўллайман. Мен Ўзим, Эганг Худо, ўнг қўлингни кучайтираман, сенга: “Қўрқма, Ўзим ёрдамга келаман”, деган Менман».

«СЕНИ ҚЎЛЛАЙМАН»

Наинки бу сўзлар сизга ишонч бахш этмаса?! Яҳова мазкур сўзлар орқали сизга тасвирлаб берган бу суратда ўзингизни тасаввур қилиб кўринг. Гарчи Яҳова билан қўл ушлашиб кетаётганингиз ҳақида ўйлаш ёқимли бўлса ҳам, мазкур расмда бу тасвирланмаган. Сабаби, қўл ушлашиб кетганингизда, У ўнг қўли билан сизни чап қўлингиздан ушлаган бўларди. Бунинг ўрнига, Яҳова «ғолиб ўнг қўлини» бериб, гўё мушкул вазиятлардан чиқараётгандек, сизнинг «ўнг қўлингиздан» қаттиқ ушлаб: «Қўрқма, Ўзим ёрдамга келаман»,— деб ишонтиряпти.

Яҳовани қайғули пайтларда ёрдамга келадиган меҳрибон Ота ва Дўст деб биласизми? У сиз билан қизиқади, соғ-саломат бўлишингизни истайди ва ҳар вақт сизга ёрдам беришга тайёрдир. Қийинчиликка дуч келганингизда, Яҳова ўзингизни бехатар ҳис қилишингизни хоҳлайди. Негаки, У сизни қаттиқ севади. Ростдан ҳам, Яҳова «кулфатда қолганимизда доим мададкоримиздир». (Заб. 45:2)

ЎТМИШДАГИ ХАТОЛАР ДАСТИДАН АЙБДОРЛИК ҲИССИ

Баъзилар ўтмишдаги хатти-ҳаракатлари дастидан эзилиб, Худо уларни кечирганидан шубҳаланишади. Агар сиз ҳам ўзингизни шундай ҳис қилаётган бўлсангиз, ёшликдаги гуноҳларини тан олган садоқатли Аюбни эсланг. (Аюб 13:26) Сано бастакори Довуд ҳам шунга ўхшаш туйғуларни бошдан кечирган ва Яҳовага: «Эсга олма ёшликдаги гуноҳларимни»,— деб ёлворган. (Заб. 24:7) Ҳа, барчамиз номукаммалмиз, сабаби, «ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрум бўлган». (Рим. 3:23)

Ишаё 41- бобдаги сўзлар аслида Аллоҳнинг қадимги халқига қаратилган эди. Исроилликлар шу қадар кўп гуноҳ қилишганидан Яҳова уларни жазолаб, бобилликлар уларни асирликка олиб кетишларига йўл қўйганди. (Ишаё 39:6, 7) Лекин шунга қарамай, Яҳова Унинг олдига тавба қилиб қайтганларни озод қилишга ваъда берганди. (Ишаё 41:8, 9; 49:8) Бугунги кунда ҳам Яҳова Унинг илтифотига сазовор бўлишни истайдиганларга Ўзининг меҳр-иноятини кўрсатяпти. (Заб. 50:3)

Мана бир мисол. Такуя * порнографияни томоша қилиш ва мастурбация билан шуғулланиш каби нопок одатларга қарши курашиб келган. Вақти-вақти билан унда бу ҳолат такрорланган. Ўшанда у ўзини қандай ҳис қилган? «Мен ўзимни мутлақо нолойиқдек ҳис этардим, аммо Яҳовага ёлвориб кечирим сўраганимда, у худди йиқилган ҳолатимдан мени турғизгандай бўларди». Яҳова буни қай йўсин қилган? Такуянинг жамоатидаги оқсоқоллар унда бундай ҳолат такрорланганда, уларга бемалол қўнғироқ қилиши мумкинлигини айтишганди. Такуя шундай деб бўлишди: «Уларга қўнғироқ қилиш осон бўлмаган, бироқ ҳар гал қўнғироқ қилганимда, улар мени мустаҳкамлашарди». Оқсоқоллар туман нозири келганида, у Такуяникига далдали ташрифга боришини режалаштиришди. Туман нозири Такуяга қуйидагича айтди: «Мен бу ерга тасодифан келиб қолганим йўқ. Оқсоқоллар шу ерга келишимни хоҳлашди. Улар далдали ташриф учун айнан сизни танлашди». Такуя шундай дея эслайди: «Мен, гуноҳкор бир бандага, Яҳова оқсоқоллар орқали ёрдам қўлини чўзди!» Такуя маънан ўсиб, доимий кашшоф бўлди ва ҳозир филиалда хизмат қиляпти. Бу биродар билан бўлгани каби, Аллоҳ сизни ҳам йиқилган ҳолатингиздан турғизиши муқаррардир.

ИШ ҲАҚИДА ТАШВИШЛАНИШ

Ишсизлик кўпчиликни ташвишга солади. Айримлар ишини йўқотиб, бошқа иш топа олмаганидан қийналиб юришади. Масалан, иш берувчиларнинг ҳеч бири сизни ишга қабул қилмаса, ўзингизни қандай ҳис қилардингиз? Бундай вазиятда баъзилар ўзига бўлган ҳурматни йўқотишади. Шундай пайтларда Яҳова сизга қандай кўмаклашиши мумкин? Эҳтимол, У сизни дарҳол ҳар томонлама қулай бўлган иш билан таъминламас, лекин У шоҳ Довуднинг қуйидаги сўзларини эсда сақлашингизга ёрдам бериши мумкин: «Мен ҳам ёш эдим, энди кексайдим, солиҳнинг тарк этилганини, уларнинг зурриёти нон тилаганини кўрмадим». (Заб. 36:25) Ҳа, сиз Яҳова учун қадрлисиз ва Унга хизмат қилишингиз учун нимага муҳтож бўлсангиз, У сизга керакли барча нарсани тақдим этиб, «ғолиб ўнг қўли» билан ёрдам беради.

Ишингизни йўқотганингизда, Яҳова сизга қандай ёрдам бериши мумкин?

Колумбияда яшовчи Сара Яҳованинг қудратини ўзида ҳис этган. У нуфузли компанияда ишлаб, яхши ойлик оларди. Аммо унинг иши масъулиятни талаб қиларди. Лекин Сара Яҳовага кўпроқ хизмат қилишни истагани учун ишдан бўшаб, кашшофлик қилишни бошлади. Бироқ ярим ставка ишлайман деб, Сара анча қийинчиликларни бошдан кечирди. У музқаймоқ сотиладиган кичкинагина кафе очди, лекин бора-бора маблағи тугаб, уни ёпишга мажбур бўлди. Сара шундай деди: «Мана уч йил ҳам ўтди. Яҳовага минг қатла шукурки, Унинг ёрдами билан бу қийинчиликларни енга олдим». Сара дабдаба деб ҳисобланадиган ва зарурий бўлган нарсалар орасидаги фарқни англаб, эртанги кун учун ортиқча ташвишланмасликни ўрганди. (Мат. 6:33, 34) Охир-оқибат, олдинги ишхонасидаги раҳбари унга қўнғироқ қилиб, илгариги ишига қайтишни таклиф қилди. Сара фақат ярим ставкали ишга кўнишини, шунингдек, йиғилишлар ҳамда хизматга боришга раҳбари ишдан жавоб берсагина, бу таклифга рози бўлишини айтибди. Гарчи Сара аввалгидек кўп пул топмаётган бўлса ҳам, у кашшофлик хизматини давом эттириб келяпти. Саранинг айтишича, бундай оғир дамларда у Яҳованинг меҳр-муҳаббатини ўзида ҳис этди.

КЕКСАЛИК БОРАСИДА ҚАТТИҚ ТАШВИШЛАНИШ

Кексалик — одамни ташвишга соладиган муаммолардан биридир. Аксарият одамлар нафақа ёшига етгач, қолган умрини муҳтожлик кўрмай ўтказиш учун пуллари етмай қолади, деб хавотирланишади. Шунингдек, улар кексайганда пайдо бўлиши мумкин бўлган соғлик муаммолари ҳақида ҳам ташвишланишади. Эҳтимол, Довуд ҳам: «Кексайган чоғимда мени ташлаб қўймагин, қувватим кетганда, мени тарк этмагин»,— деб нола қилган. (Заб. 70:9, 18)

Келажакка ишонч билан қараш учун кексайиб қолганлар нима қилишлари керак? Бунинг учун Аллоҳ уларга зарурий нарсаларни беришига ишониб, Унга бўлган имонларини мустаҳкамлашлари лозим. Эҳтимол, улар йиллар давомида баъзи ҳаёт лаззатларини татишгандир, эндиликда эса ҳаётларини соддалаштиришга ва бори билан қаноат қилиб яшашга тўғри келар. Шунда улар «гўшт еб» яшашдан кўра, «сабзавот еб» яшашни ёқимлироқ ва ҳатто соғликлари учун ҳам фойдалироқ, деб топишлари мумкин. (Ҳик. 15:17) Агарда Яҳовани мамнун қилиш пайидан бўлсангиз, У сизга ҳатто кексайган чоғингизда ҳам ғамхўрлик қилади.

Хосе ва Роза Тони ҳамда Венди билан бирга

Келинг, 65 йилдан зиёд Яҳовага тўла вақтли хизмат қилиб келаётган Хосе ва Розанинг мисолини кўриб чиқайлик. Улар йиллар мобайнида доимий парваришга муҳтож бўлган Розанинг отасига ғамхўрлик қилишарди. Хосенинг ўзи эса саратон касаллигидан даволаниш учун жарроҳлик ва кимётерапия муолажаларидан ўтиши керак эди. Хўш, Яҳова ушбу садоқатли жуфтликка ёрдам қўлини чўздими? Албатта! Бу вазиятда Яҳова Тони ва Венди исмли жуфтликдан фойдаланди. Бу жуфтлик тўла вақтли хизматчиларни уйларида бепул яшашга таклиф қилмоқчи бўлиб турганди. Шунинг учун, улар жон деб Хосе ва Розани уйларига қабул қилишди. Бундан анча йил олдин эса, Тони юқори синфда ўқиб юрган пайтлари мактаб деразасидан Хосе ва Роза ваъз қилиб юришганини кўрарди. Тони уларни ғайрати учун севарди ва бу унга қаттиқ таъсир кўрсатганди. Ёши катта бўлган бу жуфтлик ҳаётини бутунлайин Яҳовага бағишлаганини кўриб, Тони ва Венди уларни ўзлариникига яшашга таклиф этишди. Ҳозир Хосе ва Розанинг ёши 80 дан ошган ва охирги 15 йил ичида Тони ҳамда Венди уларга ёрдам бериб келишяпти. Хосе ва Роза бу ёш жуфтликнинг ёрдамини Яҳованинг ҳадяси деб билишади.

Яҳова сизга: «Қўрқма, Ўзим ёрдамга келаман»,— деб ваъда беряпти. У сизга ҳам Ўзининг «ғолиб ўнг қўлини» узатяпти. Хўш, Унга қўлингизни узатасизми?

^ 11- х.б. Баъзи исмлар ўзгартирилган.