Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Йиғлаётганлар билан йиғланглар»

«Йиғлаётганлар билан йиғланглар»

Бир-бирингизга тасалли бериб, бир-бирингизни қўллаб-қувватланглар. 1 САЛОН. 5:11

ҚЎШИҚЛАР: 53, 28

1, 2. Яқинини йўқотган кишиларга қандай тасалли беришимиз мумкинлигини нима сабабдан муҳокама қилишимиз керак? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

СЮЗИ шундай деб бўлишди: «Ўғлимизнинг ўлимидан сўнг, биз деярли бир йил давомида қаттиқ оғриқни ҳис қилдик». Бошқа масиҳий эса унинг рафиқаси тўсатдан вафот этганида, у «сўз билан таърифлаб бўлмайдиган жисмоний оғриқни» ҳис этганини айтди. Афсуски, сон-саноқсиз бошқа масиҳийлар ҳам шунга ўхшаш дард-аламни бошдан кечиришмоқда. Масиҳийлар жамоатидаги кўплар яқинлари Армагеддондан олдин ўлишларини кутмаган бўлишлари мумкин. Эҳтимол, сизнинг ҳам яқинингиз ҳаётдан кўз юмгандир ёки кимдир яқинини йўқотганини биларсиз. Агар шундай бўлса, сизда қуйидаги савол туғилиши мумкин: «Бундай инсонларга қайғуларига дош беришга қандай ёрдам берса бўлади?»

2 Балки сиз «вақт даволайди» деган иборани эшитгандирсиз. Лекин вақт ўз-ўзидан яраланган қалбни даволай оладими? Бир бева шундай фикр билдирди: «Менимча, одамнинг дардини одам олади, деганимиз тўғрироқдир». Ҳа, том маънодаги яра каби, ҳиссий жароҳат ҳам меҳр ила парваришланса, вақт ўтиб аста-секин битиб кетиши мумкин. Хўш, айнан нима яқинидан айрилган кишиларга дилларидаги оғриқли яраларини тузатишга ёрдам беради?

ЯҲОВА — «ҲАР ҚАНДАЙ ВАЗИЯТДА ТАСАЛЛИ БЕРАДИГАН АЛЛОҲДИР»

3, 4. Нега Яҳова қайғу чекаётган инсон тасаллига муҳтож эканини тушунишига ишонсак бўлади?

3 Шак-шубҳасизки, тасаллининг асосий манбаи — ҳамдард самовий Отамиз Яҳовадир. (2 Коринфликларга 1:3, 4 ни ўқинг.) У ҳамдардликда аъло ўрнак кўрсатиб, Ўз халқини: «Мен Ўзим сизларни юпатаман!» — деб ишонтирган. (Ишаё 51:12; Заб. 118:50, 52, 76)

4 Раҳмдил Отамиз Ўзи ҳам Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб, Мусо ва шоҳ Довуд каби яқин кишиларини йўқотган. (Саҳ. 12:6–8; Мат. 22:31, 32; Ҳавор. 13:22) Муқаддас Китобда Яҳова бу азизларини ҳаётга қайтарадиган пайтни интиқиб кутаётгани ҳақида айтилган. (Аюб 14:14, 15) Ўшанда улар бахтга эришиб, мукаммал соғликка эга бўлишади. Ё бўлмаса, Худони мамнун қилган азиз севикли Ўғли ҳам азобли ўлимни бошдан кечиргани ҳақида ўйлаб кўринг. (Мат. 3:17) Ўша пайт Яҳова қандай оғриқни ҳис этганини сўз билан таърифлаб бўлмайди. (Юҳан. 5:20; 10:17)

5, 6. Қай йўсин Яҳова бизга тасалли бериши мумкин?

5 Яҳова бизнинг фойдамизни кўзлаб иш тутишига буткул амин бўлишимиз мумкин. Шунинг учун, ҳеч иккиланмай дилимиздаги ҳасратларимизни Унга ибодатда тўкиб солишимиз даркор. Яҳова ҳис-туйғуларимизни тушуниши ва бизга ниҳоятда зарур бўлган тасаллини тақдим эта олишини билиш нақадар таскин бахш этади-я! Бироқ У буни қандай қилади?

6 Аллоҳ бизга ёрдам беришининг йўлларидан бири — «муқаддас руҳдан тасалли топишдир». (Ҳавор. 9:31) Дарҳақиқат, Худонинг фаол кучи — тасалли булоғидир. Исо самовий Отамиз «Ундан сўраганларга» бажонидил «муқаддас руҳни бериши»ни ваъда қилганди. (Луқо 11:13) Юқорида тилга олинган Сюзи қуйидагича деди: «Биз тиз чўкиб, Яҳовадан тасалли беришини ўтиниб сўраган пайтларимиз кўп бўлган ва ҳар сафар Худонинг тинчлиги қалбимизу онгимизни ҳимоя қилган». (Филиппиликларга 4:6, 7 ни ўқинг.)

ИСО — ҲАМДАРД ОЛИЙ РУҲОНИЙДИР

7, 8. Нега Исо тасалли бахш этишига ишончимиз комил?

7 Яҳованинг меҳр-шафқати Унинг ҳамдард Ўғли Исо ер юзида бўлганида айтган сўзлари ва қилган ишларида мукаммал даражада акс этганди. (Юҳан. 5:19) Исо хаста қалбларга ва қайғу чекаётганларга тасалли бахш этиш учун юборилганди. (Ишаё 61:1, 2; Луқо 4:17–21) Одамлар Исо уларнинг азобларини ҳис этганини ва уларга чиндан ҳам ёрдам бермоқчи эканини билишарди. (Иброн. 2:17)

8 Исонинг оила аъзолари ва танишлари у ёш бўлганида ҳаётдан кўз юмишгани эҳтимолдан йироқ эмас. Афтидан, Исонинг тутинган отаси Юсуф Исо ҳали ёш бўлганида вафот этганга ўхшайди. * Юмшоқ кўнгил Исога, эҳтимол ўсмирлигида ёки 20 ёшга етмай туриб, ўзи ҳамда онаси, укалари ва сингиллари чекаётган қайғуни енгиб ўтиш қанчалик қийин бўлганини тасаввур қилиб кўринг.

9. Лазар вафот этганида қай тариқа Исо ҳамдардлик кўрсатган?

9 Исо хизматини бошлаганида, унда фаҳм-фаросат ва ҳамдардлик каби туйғулар ниҳоятда ривожланган эди. Мисол учун, унинг яқин дўсти Лазар ўлган пайтни олайлик. Гарчи Исо Лазарни тирилтирмоқчи эканини билса-да, у Марям ва Марта каби қаттиқ азият чекди. У бундан шунчалик таъсирлангандики, унинг юрагига ханжар санчилгандай бўлди ва кўзи ёшга тўлди. (Юҳан. 11:33–36)

10. Нима учун Исо бугунги кунда ҳам ҳамдардлик кўрсатаётганига амин бўла оламиз?

10 Қай йўсин Исо ҳамдардлик кўрсатиб, тасалли бергани бугунги кунда бизга ёрдам бериши мумкин? Муқаддас Ёзувлар бизни «Исо Масиҳ кеча, бугун ва абадий ўша-ўшадир», дея ишонтиряпти. (Иброн. 13:8) «Ҳаётга Етакловчи» сифатида Исо азият чекиш нималигини шахсан ўзи тушунар экан, демак «у... синовга дуч келаётганларга ҳам ёрдам беришга қодир». (Ҳавор. 3:15; Иброн. 2:10, 18) Шу сабабли, Масиҳ бошқаларнинг изтиробларидан таъсирланишда, уларнинг қайғусини тушунишда ва «ёрдамга муҳтож бўлганларида» уларга тасалли беришда давом этаётганига амин бўлишимиз мумкин. (Ибронийларга 4:15, 16 ни ўқинг.)

МУҚАДДАС ЁЗУВЛАРДАН ТАСАЛЛИ ТОПИШ

11. Айниқса қайси оятларни таскин бахш этувчи деб биласиз?

11 Лазарнинг вафотидан Исо қаттиқ изтироб чеккани тўғрисидаги оятлар Худонинг тасалли бахш этувчи Каломида учрайдиган беҳисоб юпантирувчи баёнотлардан атиги биттасидир. Сўзсизки, «қадимда Муқаддас Ёзувларда айтилган барча нарсалар насиҳат олишимиз учун ёзилган. Токи улар туфайли сабр-бардошли бўлиб ҳамда тасалли топиб, умидга эга бўлайлик». (Рим. 15:4) Агар сиз ҳам қайғу чекаётган бўлсангиз, қуйидаги оятлардан таскин топишингиз мумкин:

  • «Кўнгли чўкканларга Эгамиз яқиндир, руҳан эзилганларни У қутқаради». (Заб. 33:19, 20)

  • «Ичим хавотирга тўлиб кетганда, Сен [Яҳова] берган тасалли менга қувонч келтирди». (Заб. 93:19)

  • «Ҳазратимиз Исо Масиҳ ва бизни севиб, Ўз инояти орқали абадий тасалли ҳамда ажойиб умид ато этган Отамиз Худо юракларингизга тасалли берсин ва... қўллаб-қувватласин». (2 Салон. 2:16, 17) *

ЖАМОАТ — УЛКАН ТАСАЛЛИ МАНБАИДИР

12. Бошқалар учун тасалли манбаи бўла олишимизнинг яна бир муҳим йўли қандай?

12 Қайғу чекаётганлар учун жамоат яна бир тасалли манбаи бўла олади. (1 Салоникаликларга 5:11 ни ўқинг.) Қай тариқа сиз «ғам-кулфат»га ботганларни мустаҳкамлаб, уларга юпанч беришингиз мумкин? (Ҳик. 17:22) Ёдда тутингки, «сукут сақлашнинг ҳам, сўзлашнинг ҳам ўз вақти бор». (Воиз 3:7) Дэлен исмли бир бева шундай тушунтирди: «Яқинидан айрилганлар ўз фикрлари ва ҳис-туйғуларини тўкиб-сочишга муҳтожлар. Шунинг учун, агар бундай инсоннинг гапини бўлмай тингласангиз, у учун энг катта ёрдам кўрсатган бўласиз». Акаси жонига қасд қилган Юния исмли бир опамиз эса қуйидагича бўлишди: «Гарчи сиз уларнинг қайғусини охиригача тушуна олмасангиз-да, уларнинг ҳис-туйғуларини тушунишни истаётганингизнинг ўзи муҳим аҳамиятга эгадир».

13. Қайғу борасида нимани ёдда тутишимиз лозим?

13 Шунингдек, эсингизда бўлсинки, ҳар бир инсон қайғуни турлича бошдан кечиради ва ҳасратини ҳар хил ифода этади. Гоҳида фақатгина инсоннинг ўзи ҳиссий оғриғини тўлалигича тушунади ва унга ич-ичидаги туйғуларни юзага чиқариш қийин бўлиши мумкин. Худонинг Каломида шундай ёзилган: «Юрак ўз дардини ўзи билади, хурсандлигига бошқалар кафиллик беролмайди». (Ҳик. 14:10) Ҳатто кимдир ўз туйғуларини ифода этганида, бошқаларга у нима демоқчи эканини тушуниш доим ҳам осон бўлмайди.

14. Қай йўсин қайғу чекаётганларга тасалли бахш эта оламиз?

14 Табиийки, шундай пайтларда изтироб чекаётган инсонга нима дейишни билмаслигимиз мумкин. Бироқ Аллоҳнинг Каломида: «Дононинг гаплари... шифо беради»,— деб айтилган. (Ҳик. 12:18) Кўплар «Яқинингиз ҳаётдан кўз юмса» * номли рисоладан тасалли берувчи фикрлар топишган. Лекин аксар ҳолларда сиз бера олишингиз мумкин бўлган энг катта ёрдам — «йиғлаётганлар билан йиғлашдир». (Рим. 12:15) Эридан айрилган Габе исмли бир имондошимиз қуйидагини айтди: «Кўз ёшлар қалбимнинг тилига айланган. Шунинг учун, дугоналарим мен билан йиғлашса, бу менга бироз таскин беради. Шундай пайтда мен дардим билан яккама-якка қолмаганимни ҳис этаман».

15. Инсонга шахсан тасалли бериш биз учун қийин бўлса, нима қилишимиз мумкин? (Шунингдек, « Тасалли бахш этувчи сўзлар» номли рамкага қаранг.)

15 Агар яқинидан айрилган кишига нима дейишни билмасангиз, эҳтимол, откритка, электрон хат, СМС ёки мактуб орқали ҳамдардлигингизни билдириб, тасалли бериш осонроқ бўлар. Масалан, тасалли берувчи оят ёзишингиз, марҳумнинг қайсидир эсда қоларли жиҳатини ёки фазилатини эслашингиз ёхуд сиз қадрлайдиган бахтли бир хотиралар билан бўлишишингиз мумкин. Юния шундай деди: «Қисқача далдали хабар ёки опа-сингилларимиз билан бирга вақт ўтказиш таклифини олиш менга қанчалик ёрдам беришини сўз билан ифодалаб бўлмайди. Бу туфайли мени яхши кўришларини ва мен ҳақимда ғамхўрлик қилишаётганини ҳис этаман».

16. Тасалли беришда айниқса нима самарали бўлиши мумкин?

16 Яқинини йўқотган имондошимиз билан бирга ва у учун ибодат қилиш муҳим эканини назардан қочирмаслик лозим. Гарчи бундай ҳаяжонли вазиятда фикрларингизни ибодатда ифода этиш қийин бўлса ҳам, у учун чин юракдан ва ҳатто кўз ёшлару титраётган овоз билан илтижо қилганингиз уларнинг дил ярасига малҳамдай бўлади. Дэлен қуйидагича эслайди: «Баъзида опа-сингиллар менга тасалли беришга келишганда, улардан ибодат қилишни сўрайман. Одатда улар аввалига гапиришга ботина олмай, ибодат қилишни бошлашади, аммо ҳар сафар, бир неча гапдан сўнг уларнинг овози дадилланиб, натижада қалб қўридан чиққан самимий бир ибодат айтилади. Уларнинг кучли имони, севгиси ва ғамхўрлиги имонимга имон қўшади».

ТАСКИН БЕРИШДАН ТЎХТАМАНГ

17–19. Нега тасалли беришда давом этишимиз керак?

17 Қайғу чекиш жараёни ҳаммада ҳар хил кечади. Инсоннинг яқин кишиси вафот этганида, аввалига кўплаб дўстлари ва қариндошлари бу инсонга тасалли бериш учун унинг олдида қолишади. Аммо улар ўзининг кундалик ишларига қайтишганидан кейин, қайғу чекаётганлар барибир таскинга муҳтож бўлишади. Шу боис, уларга бундай пайтларда ёрдам беришга тайёр бўлинг. «Дўст ҳар қачон севиш учундир, ака-укалар ҳам оғир кун учун туғилган». (Ҳик. 17:17) Изтироб чекаётган инсоннинг яраси битиши учун қанча вақт талаб қилинмасин, имондошлари унга шунча пайт мобайнида тасалли манбаи бўлишлари мумкин. (1 Салоникаликларга 3:7 ни ўқинг.)

18 Шуни ёдда тутингки, тўй куни, муайян мусиқа, расмлар, ишлар ёки ҳатто қайсидир ҳид, товуш ёхуд йилнинг бирон-бир мавсуми яқинидан айрилганларнинг ҳасрат чекишларига сабаб бўла олади. Қайғу чекаётган турмуш ўртоқ учун энди анжуманга ёки Қутлуғ Кечликка якка ўзи бориш айниқса оғриқли кечиши мумкин. Бир биродаримиз шундай эслайди: «Азизамнинг вафотидан кейин тўйимиз бўлган кун мен учун ниҳоятда азобли бўлади, деб ўйлагандим ва ростдан ҳам шундай бўлди. Аммо бир нечта имондошларим ёлғиз қолмаслигим учун яқин дўстларимни чақириб, ўтириш ташкиллаштиришди».

19 Яқинини йўқотган киши нафақат муайян кунлари, балки доим далдага муҳтож эканини унутманг. Юния қуйидагича бўлишди: «Муайян кун муносабати билан эмас, шунчаки ёрдам қўлини чўзиб, дўстона мулоқот қилиш жудаям далдали бўлиши мумкин. Шу каби эркин дамлар ниҳоятда қадрлидир ва инсонга кўп тасалли бахш этади». Тўғри, яқинидан айрилган инсонни барча қайғуларидан халос этиш ёки унинг юрагидаги бўшлиқни бутунлайин тўлдириш қўлимиздан келмайди, лекин бундай одамларга кўмаклашиш учун амалий ёрдам кўрсатсак, уларга озгина бўлса ҳам тасалли бахш эта оламиз. (1 Юҳан. 3:18) Габе шундай айтди: «Меҳрибон оқсоқоллар яқинимни йўқотганим туфайли учраган ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишда менга ёрдамлашишгани учун Яҳовадан беҳад миннатдорман. Улар Яҳова мени бағрига босганини ҳис этишимга кўмаклашишди».

20. Нима учун Яҳованинг ваъдалари улкан тасалли манбаидир?

20 Тасалли манбаи бўлмиш Яҳова «мозорларда бўлган ҳамма, унинг [Масиҳнинг] овозини эшитиб чиқадиган» пайтда барча қайғуларимизни йўқ қилиб, абадий юпанч беришини билиш нақадар таскин бахш этади-я! (Юҳан. 5:28, 29) Муқаддас Китобдаги ваъдага кўра, «У [Аллоҳ] ўлимни бутунлай ютиб юборади. Эгам Худо ҳамманинг кўз ёшларини артиб қўяди». (Ишаё 25:7, 8) Ўшанда бутун ер аҳли «йиғлаётганлар билан йиғламайди», аксинча, «севинаётганлар билан севинади». (Рим. 12:15)

^ 8- х.б. Муқаддас Китобда Юсуф Исо 12 яшар бўлганида охирги марта тилга олинган. Исо ўзининг илк мўъжизасини кўрсатганида, яъни сувни шаробга айлантирганида ва кейинчалик юз берган воқеалар баёнида ҳам Юсуф ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Исо азоб устунида михланганида, онаси Марямга ғамхўрлик қилишни ҳаворий Юҳаннога ишониб топширганди. Ваҳоланки, Юсуф тирик бўлганида, Исонинг бундай қилишига ҳожат қолмасди. (Юҳан. 19:26, 27)

^ 14- х.б. Шунингдек, «Қўриқчи минораси» журналининг 2010 йил 1 ноябрь сонида (рус) чиққан «Қайғу чекаётганларга Исо каби тасалли беринг» номли мақолага қаранг.