Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Нима учун «Яҳни мадҳ этамиз»?

Нима учун «Яҳни мадҳ этамиз»?

Яҳни мадҳ этинг! [...] Уни мадҳ этиш нақадар ёқимли, У бунга лойиқдир! ЗАБ. 147:1

ҚЎШИҚЛАР: 9, 23

1–3. а) 147- сано қачон ёзилган бўлиши мумкин? б) Бу санодан нимани ўргансак бўлади?

КИМДИР ўз вазифасини яхши бажарса ёки масиҳийларга хос бирон-бир гўзал фазилатни намоён этса, у мақтовга лойиқдир. Инсонлар мақтовга сазовор экан, унда наҳот Тангри Яҳова Уни мадҳ этишимизга муносиб бўлмаса?! Масалан, Яҳовани У яратган ажойиботларда намоён бўлган чексиз қудрати ёки Ўз Ўғлини тўлов қурбонлиги сифатида тақдим этиб, одамзодга нисбатан чуқур севгисини кўрсатгани учун мақташимиз мумкин.

2 147- санонинг * бастакори Яҳовага ҳамду сано айтишга илҳомланганди. Шунингдек, у бошқаларни ҳам Аллоҳни мадҳ этишга ундаганди. (Забур 147:1, 7, 12 ни ўқинг.)

3 Биз ушбу санони ким ёзганини билмаймиз, лекин сано бастакори, афтидан, Яҳова исроилликларни Бобил асирлигидан озод этиб, Қуддусга қайтарган пайтда яшаганга ўхшайди. (Заб. 147:2) Худонинг халқи ўзининг ҳақ топиниш жойига қайтиши сано бастакорини Яҳовага мадҳ айтишга ундагани шубҳасиз. Қолаверса, у бундай қилиш учун қўшимча сабаблар ҳам келтирган. Қизиқ, қанақа сабаблар экан? Сизда «Ҳаллелуя!» деб ҳайқиришга қандай асослар бор? (Заб. 147:1, изоҳ)

ЯҲОВА ЭЗИЛГАН КЎНГИЛЛАРГА ШИФО БЕРАДИ

4. Шоҳ Кир асирликка олинган исроилликларни озод қилганида, улар ўзларини қандай ҳис этишган бўлишлари мумкин ва нега?

4 Асирликда бўлган исроилликлар Бобилда ўзларини қандай ҳис этишганини тасаввур қилинг. Исроилликларни асирга олганлар: «Сион ҳақида қўшиқ куйлаб беринглар»,— дея уларни мазах қилишарди. Ўша пайтга келиб исроилликларнинг энг катта қувончи бўлмиш Қуддус вайрон қилинганди. (Заб. 137:1–3, 6) Шу боис, қўшиқ куйлаш уларнинг кўнглига сиғмасди. Исроилликларнинг қалби эзилган эди ва улар тасаллига муҳтож эдилар. Аммо қувончлиси шуки, Худонинг башоратига кўра, уларни форс шоҳи Кир (Куруш) озод қилиши керак эди. У Бобилни забт этиб, шундай деб эълон қилганди: «Эгамиз... Қуддусда Ўзига бир уй қуришни менга топширди. Худонинг халқидан бўлган ҳар бир кимса Қуддусга борсин, Эгаси Худо унга ёр бўлсин». (2 Сол. 36:23) Бобилда яшаган исроилликлар учун бундай ўзгариш қанчалик таскин берган бўлса керак-а?!

5. Сано бастакори Яҳованинг даволовчи кучи тўғрисида нималар деган?

5 Яҳова нафақат бутун Исроил халқига, балки алоҳида ҳар бир кишига ҳам тасалли берганди. Бугунги кунда ҳам худди шундайдир. Сано бастакори Худо ҳақида қуйидагича ёзганди: «Дили вайронларга У шифо беради, яраларини боғлаб қўяди». (Заб. 147:3) Ҳа, Яҳова хоҳ жисмоний, хоҳ ҳиссий томонлама муаммоларга дуч келганларга ғамхўрлик қилади. Айни кунда ҳам У бизга юпанч беришга ва ҳиссий жароҳатларимизни енгиллаштиришга тайёр. (Заб. 34:18; Ишаё 57:15) Яҳова дуч келишимиз мумкин бўлган ҳар қандай қийинчиликни енгишимиз учун керак бўлган донолик ва кучни ато этади. (Ёқб. 1:5)

6. Сано бастакорининг Забур 147:4 даги сўзларидан нимани ўрганишимиз мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

6 Кейин сано бастакори диққатини осмонга қаратиб, Яҳова «юлдузларни санаб чиқиши» ва «уларни номма-ном чақириши» ҳақида айтади. (Заб. 147:4) Қизиқ, нега сано бастакори мавзуни кескин ўзгартириб, самовий жисмлар ҳақида гап бошлайди? Келинг, қуйидагиларни кўриб чиқайлик: сано бастакори юлдузларни кўзлари билан кўра олган, аммо улар қанча эканини ҳаёлига ҳам келтирмаган. Йиллар оша инсоннинг кўзига кўринадиган юлдузларнинг сони ниҳоятда ўсди. Айримларнинг ўйлашича, Сомон йўли галактикамизнинг ўзида миллиардлаб юлдузлар мавжуд экан. Коинотимизга келсак, унда триллионлаб галактикалар борлиги эҳтимолдан йироқ эмас. Шак-шубҳасизки, биз юлдузларнинг саноғига етолмаймиз. Яратувчи эса уларнинг ҳар бирига ном берган. Бундан ҳар бир юлдуз Яҳова учун ўзгача экани кўриняпти. (1 Кор. 15:41) Ер юзидаги онгли мавжудотлар ҳақида-чи, нима деса бўлади? Ҳар бир юлдуз муайян пайтда қаерда эканини биладиган Аллоҳ сиз ҳақингизда ҳам барча нарсани, яъни қаердалигингизни, айнан нималарни ҳис қилаётганингизни ва маълум бир вақтда нимага муҳтож эканингизни билади.

7, 8. а) Яҳова Ўз халқига синовларда ёрдам берганида, нимани инобатга олади? б) Яҳова номукаммал одамларга кўмаклашишда қанчалик раҳм-шафқатли эканини тасвирлаб беринг.

7 Яҳова нафақат сиз билан қизиқади, балки ҳаётингиздаги муаммоларни енгишга кўмаклашиш учун керак бўлган куч ва раҳм-шафқатга эгадир. (Забур 147:5 ни ўқинг.) Сиз вазиятингизни ўта мушкул деб билиб, унга дош бера олмайман, деб ўйлашингиз мумкин. Лекин Аллоҳ имкониятларимиз чегараланганлигини тушунади ва «тупроқ эканимизни» ёдида тутади. (Заб. 103:14) Афсуски, осий банда бўлганимиз учун қайта-қайта битта хатога йўл қўямиз. Эҳ, ўйламасдан айтган сўзларимиздан, вақти-вақти билан лов этиб ёнадиган гуноҳли истакларимиздан ё бошқалар эга бўлган нарсаларга ҳасад қилиш мойиллигидан қанчалик пушаймон еймиз-а?! Гарчи Яҳова бундай камчиликлардан холи бўлса-да, У бизни жудаям яхши тушунади. (Ишаё 40:28)

8 Яҳованинг қудратли қўли шахсан сизга синовларда ёрдам берганини сезганмисиз? (Ишаё 41:10, 13) Масалан, Киёко исмли кашшоф опамиз бунга амин бўлди. Уни янги вазифага тайинлашганда, у қаттиқ тушкунликка тушди. Қизиқ, Яҳова унинг вазиятини тушунаётганини қандай кўрсатди? Киёко янги жамоатида унинг ҳис-туйғуларини тушунадиган кўплаб имондошлар билан дўстлашди. Ўшанда Яҳова унга гуёки: «Мен сени кашшоф бўлганинг учун эмас, қизим ва менга бағишланган хизматчим бўлганинг учун яхши кўраман. Сен Шоҳидларимдан бири сифатида ҳаётдан завқланишингни истайман»,— деб айтгандек бўлди. Қодир Тангри Унинг «ақл-идрокининг чеки йўқ» эканини сизнинг вазиятингизда қандай кўрсатди?

ЯҲОВА БИЗГА КЕРАК БЎЛГАН НАРСАНИ БЕРАДИ

9, 10. Яҳова бизга биринчи навбатда қайси томонлама ёрдам беради? Мисол келтиринг.

9 Баъзан жисмоний томонлама бирон-бир нарсага муҳтожлик сезишингиз мумкин. Мисол учун, сиз етарлича егулик бўлмаслигидан ташвишланарсиз. Бироқ Яҳова табиатдаги айланма ҳаракатни яратгани учун, ҳамма, ҳатто қарға палапонлари ҳам кераклича озиқ-овқатга эгадир. (Забур 147:8, 9 ни ўқинг.) Агар Яҳова қарғаларни озиқлантираётган бўлса, унда сизнинг ҳам жисмоний эҳтиёжларингизни қондиришига амин бўлишингиз мумкин. (Заб. 37:25)

10 Энг муҳими шундаки, Яҳова «ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги»ни бериб, бизни маънан қўллаб-қувватлайди. (Филип. 4:6, 7) Масалан, 2011 йили Японияда бўлган цунамидан кейин Яҳованинг қудратини ўзларида ҳис этган Муцуо ва унинг турмуш ўртоғининг мисолини кўриб чиқайлик. Улар уйларининг томига чиқиб олиб, цунамидан зўрға омон қолишди. Лекин ўша куни бу жуфтлик деярли бор-будидан айрилди. Улар қоронғи, совуқ кечани талафот кўрган уйларининг иккинчи қаватидаги хонада ўтказишди. Эрталаб эса улар маънан далда берадиган бирон-бир нарса излашга тушишди. Ўшанда улар 2006 йилги «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси»ни топишди, холос. Муцуо китобни варақлаётганида, унинг кўзи «Тарихдаги энг ҳалокатли цунамилар» номли сарлавҳага тушиб қолди. Бу сарлавҳа остида 2004 йили тарихдаги энг даҳшатли цунамиларни келтириб чиқарган Суматрадаги зилзила ҳақида маълумот жойлашганди. Муцуо ва унинг умр йўлдоши у ерда келтирилган воқеаларни ўқиётганларида, уларнинг кўзи ёшга тўлди. Шунда бу жуфтлик Аллоҳ уларга керакли пайтда маънавий далдани бериб, севги ила ғамхўрлик қилганини ҳис этди. Бундан ташқари, Яҳова меҳр кўрсатиб, уларга моддий томонлама ҳам ёрдамлашди: имондошларимиз Муцуо ва унинг рафиқасига энг зарурий нарсаларни тақдим этишди. Аммо бу жуфтликни энг кўп мустаҳкамлаган нарса — Филиал қўмитаси аъзолари уларнинг жамоатига ташриф буюргани бўлди. Муцуо қуйидагича бўлишди: «Яҳова гўёки ҳар биримизнинг олдимизда туриб, бизга ғамхўрлик қилаётгандек эди. Бу бизга анча тасалли бахш этди». Кўриб турганимиздек, Аллоҳ бизга ёрдам берадиган энг муҳим йўллардан бири — бизни маънавий томонлама қўллаб-қувватлашидир, аммо У бизнинг жисмоний эҳтиёжларимизни ҳам қондиради.

ЯҲОВАНИНГ НАЖОТБАХШ КУЧИДАН ФОЙДА ОЛИНГ

11. Яҳованинг нажотбахш кучидан фойда олишни истаётганлардан нима талаб қилинади?

11 Яҳова ҳар доим камтарларни ҳимоя қилиб, уларни «юксалтиришга» тайёр. (Заб. 147:6а) Лекин У ёрдам беришга тайёр эканидан қандай фойда олишимиз мумкин? Бу учун биз У билан яхши муносабатларга эга бўлиб, камтарликни ривожлантиришимиз даркор. (Заф. 2:3) Камтарин инсонлар Худо ҳар қандай адолатсизликни тузатишини ва уларга етказилган зиённи бартараф этишини кутишади. Яҳова бундай одамларни маъқул кўради.

12, 13. а) Худонинг ёрдамидан фойда олиш учун нимадан қочишимиз керак? б) Яҳова кимлардан мамнундир?

12 Бошқа томондан, Аллоҳ «ёвузларни... ерга уради». (Заб. 147:6б) Нақадар кучли сўзлар! Яҳованинг меҳр-садоқатидан фойда олиб, Унинг ғазабига йўлиқмаслик учун У нафратланадиган нарсалардан нафратланишимиз лозим. (Заб. 97:10) Масалан, биз жинсий ахлоқсизликдан жирканишимиз керак. Бу дегани, бундай ёмон ишларга қўл уришимизга олиб келиши мумкин бўлган ҳар нарсадан, жумладан, порнографиядан қочишимиз зарур. (Заб. 119:37; Мат. 5:28) Бу учун қаттиқ курашишга тўғри келар, аммо Яҳованинг баракасига эга бўлиш учун нимаики қилсак арзийди.

13 Ушбу курашда қатнашаётиб, биз ўзимизга эмас, Яҳовага таянишимиз керак. Агар ўз кучимизга ёки бошқа бир кимсага таянсак, Худога бу хуш келадими? Йўқ, Яҳова «отнинг кучидан... қойил қолмайди, чопқир инсон Уни ҳайрон қолдиролмайди». (Заб. 147:10) Биз Яҳовадан ёрдам сўраб, Унга илтижо қилишимиз керак. Одамлардан фарқли ўлароқ, Яҳова Унга қайта-қайта мурожаат қилганимизда ҳам, илтижоларимизни эшитишдан ҳеч қачон чарчамайди. «Яҳова Ундан қўрқадиган инсонлардан, Унинг меҳр-садоқатига умид боғлаганлардан мамнун бўлади». (Заб. 147:11) Яҳова меҳр-садоқатли бўлгани учун, доимо олдимизда бўлишига ҳамда нотўғри истакларимиз билан курашишга ёрдам беришига ишонсак бўлади.

14. Нима туфайли сано бастакорининг ишончи ошган?

14 Яҳова Ўз халқига керак бўлганда кўмаклашишига ишонишимиз учун асос тақдим этмоқда. Сано бастакори Қуддуснинг қайта тикланиши борасида ўйлаб, Яҳова тўғрисида шундай куйлаган эди: «Шаҳринг дарвозаларидаги сурма зулфинларни У мустаҳкам қилади, ўғилларингга барака беради. Ҳудудингга тинчлик келтиради». (Заб. 147:13, 14) Аллоҳ Ўзига топинувчиларни ҳимоялаш учун шаҳар дарвозаларини мустаҳкамлашишини билиш сано бастакорининг ишончига ишонч қўшгани шубҳасиз.

Қийинчиликлар гирдобида қолганимизда, Худонинг Каломи бизга қандай ёрдам бериши мумкин? (15–17- хатбошиларига қаранг.)

15–17. а) Гоҳида синовлар туфайли нималарни ҳис этишимиз мумкин, аммо Яҳова бизга ёрдам бериш учун Ўз Каломидан қандай фойдаланади? б) Қай йўсин Яҳованинг айтган сўзлари тез ёйилиши мумкин? Мисол келтиринг.

15 Эҳтимол, ташвишланишингизга олиб келадиган қийинчиликларга дуч келарсиз. Бунга дош беришингиз учун Яҳова сизга доноликни ато этиши мумкин. Сано бастакори: «У ер юзига амрини юборади, айтган сўзи бир зумда етиб боради»,— деб айтганди. Кейин у Яҳовани «қор... ёғдирадиган», «қировни... сочадиган», «дўлни... сочиб юборадиган» Худо сифатида тасвирлаб, қуйидагича сўраганди: «Унинг совуғига ким чидай олади?!» Қолаверса, сано бастакори: «У амр берса, музлар эрийди»,— деб таъкидлаганди. (Заб. 147:15–18) Дўлнию қорни назорат қиладиган, кучда ва доноликда тенги йўқ Аллоҳимиз сизга ҳар қандай қийинчиликни енгишга ёрдам бериши мумкин.

16 Бугунги кунда Яҳова бизни Ўз Каломи — Муқаддас Китоб орқали йўналтиряпти. Яҳова муҳтож бўлганимизда бизга тайёрлик ила маънавий йўл-йўриқ берганида, «айтган сўзи бир зумда етиб боради». Муқаддас Китобни ўқишдан, «ишончли ва ақлли хизматкор» тақдим этаётган адабиётларни ўрганишдан, JW Интернет телевидениесини томоша қилишдан, jw.org сайтини кўриб чиқишдан, оқсоқоллар ва имондошлар билан мулоқот қилишдан қанчалик кўп фойда олишингиз тўғрисида ўйлаб кўринг. (Мат. 24:45) Яҳова сизга дарҳол йўл-йўриқ беришга тайёр эканини кўряпсизми?

17 Саймона Муқаддас Китобнинг таъсирини ўзида ҳис этди. У ўзига нисбатан шунчалик паст нуқтаи назарда эдики, ҳатто Аллоҳга маъқул келаётганидан шубҳаланарди. Аммо тушкунликка тушган пайтлари у Яҳовадан ёрдам сўраб ибодат қилишни канда қилмасди. Боз устига, Саймона доимо шахсий тадқиқ ўтказарди. У шундай деб бўлишди: «Мен ҳар доим Яҳова куч ва йўл-йўриқ бераётганини сезаман». Бу Саймонага имкон борича ижобий нуқтаи назарни сақлашга ёрдам бермоқда.

18. Нима учун ўзингизни Яҳованинг марҳаматига сазовор деб биласиз ва «Яҳни мадҳ этинг!» деб айтишга қандай сабабларингиз бор?

18 Сано бастакори Худонинг қадимги халқи қанчалик марҳаматга сазовор бўлганини биларди. Исроилликлар Аллоҳнинг «сўзини» ва «қоидаларию ҳукмларини» олган ягона халқ эди. (Забур 147:19, 20 ни ўқинг.) Бугунги кунда ер юзида фақатгина биз Худонинг исми билан аталиш шарафига эгамиз. Яҳовани билиш ҳамда Унинг Каломини ҳаётимизда татбиқ этиш туфайли У билан ажойиб муносабатларга эга бўлишдан завқланяпмиз. Забур 147- санонинг бастакори сингари сизда ҳам «Яҳни мадҳ этинг!» деб ҳайқириш ва бошқаларни ҳам шундай қилишга ундаш учун сабаблар бисёрдир.

^ 2- х.б. Ушбу мақолада Забурдан келтирилган оятлар «Янги дунё таржимаси»дан олинган.