Ўқувчиларнинг саволлари
Ишаё 60:1 да тилга олинган «аёл» кимни англатади ва қайси маънода у ўрнидан туриб, нурини сочади?
Ишаё 60:1 да шундай ёзилган: «Эй, аёл ўрнингдан тур, нурингни соч! Яҳованинг улуғворлиги устингга ёғилади». Матн таркибидан бу «аёл» Сион, яъни Яҳудонинг ўша пайтдаги пойтахти Қуддус бўлганини кўряпмиз. (Ишаё 60:14; 62:1, 2) Қуддус бутун Исроил халқини англатган. Бу оятга оид қуйидаги иккита савол туғиляпти: биринчидан, қачон ва қандай қилиб Қуддус ўрнидан туриб, мажозий маънода нурини соча бошлаган? Иккинчидан, Ишаёнинг сўзлари кенгроқ миқёсда амалга ошяптими?
Қачон ва қандай қилиб Қуддус ўрнидан туриб, мажозий маънода нурини соча бошлаган? Қуддус ва у ердаги маъбад яҳудийлар 70 йил давомида Бобилда сургунликда бўлишганда ёмон аҳволда бўлган. Бироқ Бобил мидияликлар ва Форс томонидан забт этилгач, Бобил империясининг турли қисмларида яшаган ҳамма исроилликлар она юртига қайтиши ва ҳақ топинишни қайта тиклаши мумкин эди. (Эзра 1:1–4) Мил. авв. 537 йилнинг бошида 12 қабилага тегишли омон қолган садоқатли кишилар шундай қилишди. (Ишаё 60:4) Улар Яҳовага қурбонликлар келтиришни, байрамлар нишонлашни ва маъбадни тиклашни бошлашди. (Эзра 3:1–4, 7–11; 6:16–22) Шунда яна Яҳованинг улуғворлиги Қуддус, яъни Унинг халқига таралиб турарди. Ўз навбатида, улар Яҳовани билмаган халқлар учун мажозий маънода нурга айланишган.
Лекин Ишаёнинг башоратлари ўша пайтда қисман амалга ошган. Исроилликларнинг аксарияти Худога итоат қилмай қўйган. (Нахим. 13:27; Мал. 1:6–8; 2:13, 14; Мат. 15:7–9) Кейинчалик улар ҳатто Исо Масиҳни рад этишган. (Мат. 27:1, 2) Мил. 70 йили Қуддус ва у ердаги маъбад яна вайрон бўлган.
Яҳова бу юз беришини башорат қилган. (Дон. 9:24–27) Шуниси аниқки, Унинг мақсади ер юзидаги Қуддус учун Ишаё 60-бобда тилга олинган қайта тиклаш ҳақидаги башоратларни тўлиқ амалга оширишдан иборат бўлмаган.
Ишаёнинг сўзлари кенгроқ миқёсда амалга ошяптими? Ҳа, аммо бу том маънодаги эмас, мажозий маънодаги аёл — «юқоридаги Қуддус»да амалга ошяпти. Ҳаворий Павлус уни «у бизнинг онамиздир» деб атаган. (Галат. 4:26) Бу Қуддус Худо ташкилотининг садоқатли руҳий мавжудотлардан иборат бўлган самовий қисмидир. Исо ва 144 000 мойланган масиҳий унинг болалари. Мойланганлар Павлус каби осмонда яшаш умидига эга бўлиб, «муқаддас халқ» — «Худонинг Исроили» деб ҳисобланади. (1 Бутр. 2:9; Галат. 6:16)
Қандай қилиб юқоридаги Қуддус ўрнидан туриб, нурини сочди? У буни ер юзидаги мойланган фарзандлари орқали қилди. Келинг, уларнинг ҳаракатларини Ишаё 60-бобда башорат қилинган сўзлар билан таққослайлик:
Ҳаворийларнинг ўлимидан кейин муртадлик тарқалганда мойланган масиҳийлар мажозий маънода зулматда бўлишгани учун ўрнидан туришлари керак эди. (Мат. 13:37–43) Ўшанда улар сохта дин империяси бўлмиш Буюк Бобилнинг таъсири остида бўлишган. Улар «охирзамон» якунигача асирликда қолишган, бу пайт 1914 йили бошланди. (Мат. 13:39, 40) Ундан сўнг 1919 йили улар асирликдан халос бўлишган ва ўзларини дарров ваъзгўйлик фаолиятига тўлиқ бағишлаб мажозий нурни соча бошлашган a. Йиллар ўтгач, барча халқлардан бўлган одамлар, жумладан, Худонинг Исроилидан бўлганлар — Ишаё 60:3 да тилга олинган «шоҳлар» бу нур томон келишган. (Ваҳ. 5:9, 10)
Келажакда мойланган масиҳийлар Яҳованинг нурини янада кенгроқ миқёсда сочишади. Қандай қилиб? Улар ҳаётдан кўз юмишганда, «Янги Қуддус»нинг ёки Масиҳнинг келини бўлмиш 144 000 шоҳлару руҳонийларга қўшилишади. (Ваҳ. 14:1; 21:1, 2, 24; 22:3–5)
Янги Қуддус Ишаё 60:1 даги сўзлар амалга ошишида муҳим аҳамиятга эга бўлади. (Ишаё 60:1, 3, 5, 11, 19, 20 ни Ваҳий 21:2, 9–11, 22–26 билан солиштиринг.) Қуддус қадимда Исроилнинг бошқарув маркази бўлган. Янги дунё эса Янги Қуддус ҳамда Исо Масиҳнинг бошқаруви остида бўлади. Қанақасига Янги Қуддус «Худонинг ҳузуридан тушиб» келяпти? У буни ер юзига диққатини қаратиш орқали қиляпти. Барча халқлардан бўлган худотарс одамлар «шаҳарнинг нури ёрдамида юради». Улар бошқа гуноҳ қилмайди ва ҳаётдан кўз юммайди. (Ваҳ. 21:3, 4, 24) Ишаё ва бошқа пайғамбарлар башорат қилганидай, Аллоҳ «барча айтганларини ўз ўрнига қўяди». (Ҳавор. 3:21) Исо Масиҳ Шоҳ бўлганида қайта тикланиш кенг миқёсда амалга оша бошлади ва Минг йиллик бошқарувининг якунигача давом этади.
a 1919 йили ҳақ топинишнинг қайта тикланиши Ҳизқиё 37:1–14 ҳамда Ваҳий 11:7–12 да ҳам тилга олинган. Ҳизқиё узоқ вақт давом этган асирликдан кейин ҳамма мойланган масиҳийлар маънан тикланишини башорат қилган. Ваҳий китобидаги башорат эса мажозий маънода қайта туғилишни англатади. Бу башорат раҳбарликни ўз зиммасига олган мойланган биродарларнинг кичик гуруҳи қисқа вақт давомида ноҳақ тарзда қамоқда бўлгани учун Яҳовага фаол хизмат қила олмагандан кейин амалга ошган. 1919 йили улар «ишончли ва ақлли хизматкор» этиб тайинланишган (Мат. 24:45; «Ниҳоят пок топиниш тикланди» китобининг 118-саҳифасига қаранг.)