Аллоҳга бўйсунадиганлар қандай баракалар олишади?
Мусо пайғамбарнинг сўзларига кўра, агар Аллоҳнинг амрларига бўйсунсак, Унинг баракаларига эришамиз. (Қонунлар 10:13; 11:27) Биз Худога Унинг жазосидан қўрққанимиз учун эмас, балки гўзал фазилатлари бизни жалб қилгани боис бўйсунамиз. Шунингдек, биз Худони яхши кўрганимиз учун Уни ранжитадиган ишларни қилишдан қочамиз. Ҳа, «Аллоҳга бўлган севги Унинг амрларига риоя қилишдан иборатдир». (1 Юҳанно 5:3)
Аммо Худога бўйсуниш қандай баракалар олиб келади? Келинг, улардан иккитасини кўриб чиқайлик.
1. АЛЛОҲГА БЎЙСУНИШ БИЗНИ ДОНО ҚИЛАДИ
«Мен Яҳова, сенинг Худойингман, сенинг манфаатингни кўзлаб таълим бераман, юришинг керак бўлган йўлдан етаклайман». (ИШАЁ 48:17)
Парвардигоримиз Яҳова бизни яхши билади ва бизга керакли йўл-йўриқлар беради. Агар Худонинг таълимотлари доно қарорлар чиқаришимизга ёрдам беришини истасак, Муқаддас Ёзувлардан У нималарни талаб қилаётганини билиб олишимиз ва бу билимларни амалда қўллашимиз керак.
2. АЛЛОҲГА БЎЙСУНИШ БИЗНИ БАХТЛИ ҚИЛАДИ
«Тангрининг каломини тинглаб, уни бажо келтирганлар бахтлидир!» (ЛУҚО 11:28)
Бугунги кунда миллионлаб инсонлар Худонинг Каломидаги сўзларга итоат қилиб, чинакам бахтга эришяпти. Келинг, Испаниядан бўлган бир кишининг мисолини кўриб чиқайлик. У жаҳли тез одам эди ва бошқаларга, жумладан, хотинига ҳам қўпол муносабат қиларди. Бир куни ўша киши Мусо пайғамбар ёзган китоблардан Ёқуб алайҳиссаломнинг ўғли Юсуф юмшоқ табиатли бўлгани борасида ўқиб қолади. Баёнотга кўра, Юсуф қулликка сотилганди ва адолатсизларча зиндонга ташланганди, лекин шунга қарамай, у мулойим, тинчликсевар ва кечиримли бўлишда давом этганди. (Ибтидо 37–45) Юқорида тилга олинган киши шундай деди: «Юсуфнинг мисоли устида мулоҳаза юритиш мени мулойимлик, меҳрибонлик ва ўзини тута билиш каби фазилатларни ривожлантиришга ундади. Бу туфайли ҳозир бахтли ҳаёт кечиряпман».
Муқаддас Ёзувларда бошқаларга қандай муносабатда бўлишимиз кераклиги ҳақида яна кўп маслаҳатлар мавжуд. Бундай маслаҳатларни навбатдаги мақолада батафсил муҳокама қиламиз.