Парвардигоримизнинг баракаларидан мангу баҳраманд бўлинг
Аллоҳ Таоло Иброҳим пайғамбарга унинг авлодидан келиб чиқадиган бир киши «ер юзидаги барча халқларга» баракалар олиб келишини ваъда қилганди. (Ибтидо 22:18) Хўш, ваъда қилинган зот ким бўлиб чиқди?
Қарийб 2 000 йил аввал Худо Иброҳим пайғамбарнинг авлодидан бўлган Ҳазрати Исога буюк мўъжизалар яратиш қудратини берганди. Ушбу мўъжизалардан Иброҳим пайғамбарга халқлар барака топиши ҳақида берилган ваъда Исо алайҳиссалом орқали амалга ошиши аён бўлганди. (Галатияликларга 3:14)
Исо пайғамбар кўрсатган мўъжизалардан Худо одамзодга баракалар ёғдириш учун айнан Исони танлагани ва қай йўсин у орқали инсониятга абадий баракалар бериши намоён бўлганди. Келинг, Ҳазрати Исонинг мўъжизаларида унинг баъзи ажойиб фазилатлари қандай акс этганига диққат қаратайлик.
Раҳмдиллик: Исо алайҳиссалом касалларни соғайтирган.
Бир куни мохов киши Исо пайғамбардан уни соғайтиришини сўраб, шундай ёлворган: «Сиз мени пок қила оласиз, фақат истасангиз бас». Шунда у ўша кишига қўлини теккизиб: «Албатта истайман!» — деб жавоб қайтарган ва мохов киши шу заҳотиёқ дардидан фориғ бўлган. (Марк 1:40–42)
Сахийлик: Исо алайҳиссалом очларни тўйдирган.
Бир неча маротаба Ҳазрати Исо олдига келган минглаб одамларни оч ҳолда жўнатишни истамай, атиги бир нечта нон ва кичкина балиқларни кўпайтириб, мўъжизавий равишда уларни тўйдирган. (Матто 14:17–21; 15:32–38) Ўшанда ҳамма еб тўйган ва егулик ҳатто ортиб ҳам қолган.
Ҳамдардлик: Исо алайҳиссалом ўлганларни тирилтирган.
Исо пайғамбарнинг бир бева «аёлга раҳми келиб», унинг ўғлини ҳаётга қайтарганди. Чунки бу аёл унга ғамхўрлик қилган ёлғиз ўғлидан жудо бўлиб, қайғу чекаётганди. (Луқо 7:12–15)