Худо Каломидан фойдаланиб ўзингизга ва бошқаларга ёрдам беринг
Ҳамма буйруқларингни тўғри деб биламан. ЗАБ. 118:128, ТУРКИЯ 1998
1. Нега Худонинг Каломига тўлиқ ишонишимиз керак?
МУҚАДДАС КИТОБНИ ўрганаётган киши воизлик хизматида иштирок этишга лаёқатли эканини аниқлаш мақсадида, оқсоқоллар ўзларига шундай савол беришади: «Муқаддас Китоб — Худонинг Каломи эканлигига имони борлиги унинг нутқидан кўриняптими?» * Бу саволга нафақат ваъзгўй бўлишни истаган киши, балки Худонинг барча хизматчилари «ҳа» деб жавоб беришади. Нима учун? Агар Худонинг Каломига тўлиқ ишонсак ва хизматда ундан яхши фойдалансак, бошқа инсонларга Яҳовани таниб-билишга ва абадий ҳаёт йўлини топишга ёрдам бера оламиз.
2. Нега билиб олган нарсаларга риоя қилишимиз керак?
2 Ҳаворий Павлус Тимўтийга қуйидагича мактуб ёзиб, Худо Каломининг муҳимлигига урғу берди: «Сен... олган таълимингга ва тўғрилигига ўзинг ишонч ҳосил қилган нарсаларга риоя қил». «Нарсалар» дея Павлус, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни назарда тутган. Бу ҳақиқатлар Тимўтийнинг хушхабарга ишонишига сабаб бўлган. Ушбу ҳақиқатлар Тимўтийга қандай таъсир қилган бўлса, бизга ҳам шундай таъсир қилмоқда. Шунингдек, улар бизни «доно қилиб, нажот бахш этмоқда» (2 Тим. 3:14, 15). Павлуснинг кейинги оятдаги сўзларини, Муқаддас Китоб илоҳий илҳом билан ёзилганини одамларга кўрсатиш мақсадида хизматда тез-тез қўллаб турамиз. Бироқ 2 Тимўтийга 3:16 даги (ўқинг) сўзлардан шахсан ўзимиз учун ҳам кўп фойда олишимиз мумкин. Келинг, бу оятни батафсил кўриб чиқайлик. Шундай йўл тутиб, биз Яҳованинг таълимотлари «тўғри» эканлигида яна бир бор амин бўламиз (Заб. 118:128, Туркия 1998).
«ЎРГАТИШ... УЧУН ФОЙДАЛИ»
3–5. а) Бутруснинг Ҳосил байрамида айтган нутқи оломонга қандай таъсир қилди ва нега? б) Нега кўплар Салоникада ҳақиқатни қабул қилишди? в) Хизматимизда кўпчиликни нима ҳайратда қолдиради?
3 Исо Масиҳ исроилликларга: «Сизларга пайғамбарлар, донишмандлару мураббийларни юбориб турибман»,— деб айтган эди (Мат. 23:34). Бу оятда Исо ўзининг шогирдларини назарда тутган. У шогирдларига хизматда Муқаддас Ёзувлардан фойдаланишни ўргатган. Милодий 33- йил Ҳосил байрамида мана шундай «мураббийлар»дан бири ҳаворий Бутрус, Қуддусда оломон олдида нутқ айтганида, бир неча маротаба Муқаддас Ёзувлардан оятлар келтирган эди. Бутрус бу оятларни тушунтириб бераётганини эшитиб, одамларнинг «юрагига ўқ қадалгандай бўлди». Улар ўтмишдаги гуноҳларидан тавба қилишди. Улардан тахминан уч мингтаси Худодан кечирим сўраб, Масиҳнинг издошлари бўлишди (Ҳавор. 2:37–41).
4 Яна бир мураббий ҳаворий Павлус эди. У узоқ ўлкаларда хушхабарни ваъз қилган. Масалан, Македониянинг Салоника шаҳридаги ибодатхонага Худога топиниш учун келганларга ваъз қилган. «Уч ҳафта давомида ҳар Шаббат куни улар билан Муқаддас Ёзувлар асосида музокара қилди. Ўша Масиҳ азоб чекиб ўлиши, кейин эса тирилиши керак бўлганини тушунтириб, Муқаддас Ёзувлардан исботлар келтирди». Бу қандай натижа берди? «Яҳудийлардан баъзилари, шунингдек, Худодан қўрққан кўпгина юнонлар... Исонинг издоши бўлишди» (Ҳавор. 17:1–4).
5 Бугунги кунда Худо хизматчилари Муқаддас Китобдан қандай фойдаланаётгани кўпчиликни ҳайратда қолдиради. Масалан, Швейцариядаги бир опамиз Муқаддас Китобдан оят ўқиб берганида, хонадон эгаси опамиздан шундай деб сўради: «Сизлар қайси диндансиз?» Опамиз: «Мен ва шеригим Яҳованинг Шоҳидларимиз»,— деб жавоб берди. Шунда у: «Сизлардан сўрамоқчи эдим, Яҳованинг Шоҳидларидан ташқари меникига келиб Муқаддас Китобдан ўқиб берадиган бошқа дин вакиллари ҳам борми?»
6, 7. а) Жамоатда таълим бераётганлар Муқаддас Китобдан қандай қилиб янада яхшироқ фойдаланишлари мумкин? б) Қизиқувчилар билан тадқиқ ўтказаётганда Муқаддас Китобдан фойдаланиш қанчалик муҳим?
6 Бошқаларга таълим бераётганда Муқаддас Китобдан қандай қилиб янада яхшироқ фойдаланишимиз мумкин? Агар сиз саҳнадан туриб жамоатдагиларга таълим бераётган бўлсангиз, Муқаддас Китобдан фойдаланинг. Очқич оятларни ўз сўзингиз билан ҳикоя қилиш, қоғозда чиқариб олиб ўқиш ёки замонавий электрон воситалардан фойдаланишнинг ўрнига, Муқаддас Китобни очиб ўқиб беринг ва тингловчиларни ҳам китобни очишга унданг. Оятларнинг маъносини ҳамда улар Яҳова билан муносабатларимизни мустаҳкамлашга қандай ёрдам беришини тушунтиринг. Мураккаб мисоллар ва шунчаки қизиқарли воқеаларни айтиб бергандан кўра, Муқаддас Китобдаги оятларни муҳокама қилинг.
7 Қизиқувчилар билан Муқаддас Китоб тадқиқини олиб борганда, нимани ёдда тутишимиз керак? Адабиётларимиздан фойдаланаётиб, ҳавола қилинган оятларни ўқимай ташлаб кетишдан эҳтиёт бўлишимиз керак. Ўрганаётган кишини ҳавола қилинган оятларни очиб ўқишга ундаб, маъносини тушунишга ёрдам беришимиз лозим. Қандай қилиб? Тушунтираётиб узундан-узоқ маърузалар ўқишнинг кераги йўқ, аксинча кишини ўз фикрини ифодалашга унданг. Нимага ишониш кераклигини ёки қандай йўл тутиш мумкинлигини тушунтиришнинг ўрнига, пухта ўйланган саволлар бериб, тўғри хулосалар чиқаришга кўмаклашинг *.
«ТАНБЕҲ БЕРИШ... УЧУН ФОЙДАЛИДИР»
8. Павлус ичида нима билан қаттиқ курашган?
8 Одатда «танбеҳ беришни» жамоат оқсоқолларининг вазифаси деб ҳисоблаймиз. Тўғри, нозирлар гуноҳ иш қилганларга танбеҳ бериш ваколатига эга (1 Тим. 5:20; Титус. 1:13). Аммо ўзимизга ҳам танбеҳ бериш жуда муҳим. Павлус тоза виждонга эга бўлган ўрнакли масиҳий эди (2 Тим. 1:3). Шунга қарамасдан у қуйидагини ёзган: «Тана аъзоларимда эса бошқа қонунни пайқаяпман. Бу қонун ақлимдаги қонунга қарши курашиб, тана аъзоларимдаги гуноҳнинг қонунига мени асир қиляпти». Ушбу сўзларни тушуниш учун матн таркибини ўрганиб чиқсак, Павлус нима билан курашаётганини ва гуноҳли истакларни назорат қилишга тиришганини кўришимиз мумкин (Римликларга 7:21–25).
9, 10. а) Павлус қандай камчиликлари билан курашган? б) Павлус гуноҳга қарши қандай курашган бўлиши мумкин?
9 Павлус қандай камчиликларни ўзидан соқит қилмоқчи бўлган? Гарчи ҳаворий айнан қанақа камчиликлари борлиги ҳақида гапирмаган бўлса-да, қачонлардир «сурбет» инсон бўлгани ҳақида Тимўтийга ёзган эди (1 Тим. 1:13). Масиҳий бўлишидан олдин, у Исонинг издошларини қаттиқ қувғин қилган. Павлус уларга нисбатан нималарни ҳис қилганини, яъни «дарғазаб» бўлганини тан олган (Ҳавор. 26:11). Баъзида ҳис-туйғуларини ва тилини назорат қилиш учун қаттиқ курашган бўлса-да, у ўз феълини жиловлашни ўрганди (Ҳавор. 15:36–39). Ғалаба қозонишга унга нима ёрдам берган?
10 Коринф жамоатидаги имондошларига мактуб ёзганида, Павлус ўзига қандай танбеҳ бериши ҳақида айтган (1 Коринфликларга 9:26, 27). У мақсад сари йўналтирилган маънавий зарбаларни бериб, гуноҳли истаклари билан курашган. Бундан ташқари Муқаддас Ёзувлардан маслаҳат излаган, маслаҳатга риоя қилиш учун Яҳовадан ёрдам сўраб ибодат қилган ва бор кучи билан унга риоя қилган десак муболаға бўлмайди *. Биз ундан ўрнак олишимиз мумкин, чунки биз ҳам унга ўхшаб гуноҳ қилиш мойиллиги билан курашяпмиз.
11. Ҳақиқат йўлидан юраётганимизга амин бўлиш мақсадида қандай қилиб ўзимизни «текшириб туришимиз» мумкин?
11 Худога топинишда эришган ютуқлар билан қаноатланмаслик керак. Бунинг ўрнига чиндан ҳам ҳақиқат йўлидан юраётганимизга амин бўлиш мақсадида ўзимизни «текшириб туришимиз» даркор (2 Кор. 13:5). Масалан, Колосаликларга 3:5–10 ни ўқиганда ўзимизга савол бериб кўрайлик: «Ўзимдаги гуноҳли истакларни ўлдиришга жон куйдиряпманми ёки ахлоқан заифлашиб боряпманми? Интернетдан фойдаланаётганимда ахлоқсиз сайт чиқиб қолса, ундан чиқиб кетаманми ёки шунақа номаъқул веб-сайтларни излашга тушаманми?» Шахсий ҳаётимизда Худонинг Каломидаги маслаҳатни қандай қўллаш ҳақида ўйласак, «ҳушёр туриб, сергакликни сақлаган» бўламиз (1 Салон. 5:6–8).
«ТУЗАТИШ... УЧУН ФОЙДАЛИДИР»
12, 13. а) «Тузатганда» қандай мақсадни кўзлашимиз керак ва бу борада Исога қандай тақлид қилишимиз мумкин? б) Бошқаларни тузатмоқчи бўлсак, қандай гапиришимиз керак?
12 «Тузатиш» деб таржима қилинган юнонча сўз «яхшиламоқ, тўғриламоқ, яроқли ҳолга келтирмоқ, тиклаб қўймоқ» деган маъноларга эга. Сўзларимиз ёки ишларимизни кимдир нотўғри тушунса, гоҳида уни тузатишга тўғри келади. Мисол учун, Исо «солиқчилар ва гуноҳкорлар»га меҳрибон эканини кўриб яҳудий дин раҳбарлари норозилик билдиришган. Шунда Исо уларга: «Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож. Шунинг учун бориб: “Мен қурбонлик эмас, раҳм-шафқат истайман”,— деган сўзлар нимани англатишини билиб олинглар»,— деб айтган (Мат. 9:11–13). У Худонинг сўзларини ҳаммага сабр-тоқат ва меҳр ила тушунтирган. Шунда камтар инсонлар Яҳова раҳмдил ва меҳрибон, сабр-тоқатли, собит севгиси ва садоқати мўл Худо эканини билиб олишган (Чиқ. 34:6). Худонинг Ўғли қандай тузатаётганини кўриб, кўплар хушхабарга ишонган.
13 Исонинг мисолидан одамларга қандай ёрдам бериш мумкинлигини билиб оляпмиз. Хафа бўлган бир киши қаттиқ оҳангда: «Сен билан очиқчасига гаплашиб олишим керак», деб айтиши мумкин. Лекин бундай муносабатни 2 Тимўтийга 3:16 га асосланган деб бўлмайди. «Муқаддас Ёзув» бизга бошқаларнинг ҳис-туйғуларини инобатга олмай гапириш ҳуқуқини бермайди. Қаттиқ танқид қилиш «қиличдай жароҳатлайди», яъни одатда кўп оғриқ келтиради. Унинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ (Ҳик. 12:18).
14–16. а) Имондошлар оқсоқоллардан муаммони ечиш учун ёрдам сўраб келишса, оқсоқоллар қандай қилиб «тузатишлари» мумкин? б) Фарзандни тарбиялашда нега Муқаддас Китобдан фойдаланиб «тузатиш» жуда муҳим?
14 «Тузатганда» биз қандай қилиб сабр-тоқат ва меҳр кўрсатишимиз мумкин? Фараз қилайлик, эр-хотин тез-тез жанжаллашиб туришади. Улар оқсоқолнинг олдига келиб ёрдам сўрашади. Бунақа вазиятда оқсоқол қандай йўл тутади? Ҳеч бирининг ёнини олмасдан, у Муқаддас Китобдаги меъёрлардан, эҳтимол «Оилавий бахтнинг сири» китобининг 3- бобидан фойдаланиб улар билан мулоҳаза юритади. Суҳбат давомида эр ҳам, хотин ҳам қайси маслаҳатга янада яхшироқ риоя қилиш кераклигини тушуниб етиши мумкин. Бир муддат ўтгач, оқсоқол улардан ҳол-аҳвол сўраб оилавий муносабатлари ҳақида сўраши ва керак бўлса яна ёрдам бериши мумкин.
15 Ота-оналар фарзандларининг маънавийлигини мустаҳкамлаш мақсадида қандай қилиб «тузатиши» мумкин? Тасаввур қилайлик, ўсмир қизингизга шубҳали дўстларидан узоқроқ юришга ёрдам бермоқчисиз. Аввало, ўша дўстлари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишингиз керак. Ундан кейин, агар ташвишланиш учун асос бўлса, «Ёшларнинг саволлари. Амалий маслаҳатлар» номли китобнинг (рус) 2- жилдидаги фикрлардан фойдаланиб у билан суҳбатлашинг. Кейинги кунлари у билан бирга вақт ўтказиш учун қўшимча вақт ажратинг. Ваъзгўйлик хизмати ва оила билан дам олганда муносабати қанчалик ўзгарганига эътибор беринг. Агар қизингизга сабрли бўлиб, меҳр кўрсатсангиз, бу унинг эътиборидан четда қолмайди. Сизнинг муносабатингиз уни маслаҳатга риоя қилишга ундаб, ҳаётида нотўғри қарорлар чиқаришдан асраши мумкин.
16 Соғлиги ҳақида қайғураётганларга, ишини йўқотганларга ёки Муқаддас Китобдаги бирор-бир таълимотни қабул қила олмаётган кишиларга сабр-тоқатли ва меҳрибон бўлсак, уларнинг кўнглини кўтарган бўламиз. «Тузатиш» мақсадида Худонинг Каломидан фойдаланиш, Яҳованинг халқига мўл-кўл баракалар келтиради.
«ОДИЛЛИК ЙЎЛИДА ТАРБИЯЛАШ УЧУН ФОЙДАЛИДИР»
17. Нега берилган тарбияни миннатдорчилик билан қабул қилишимиз керак?
17 «Ҳар қандай тарбия ҳозирги пайтда севинч эмас, балки қайғу бўлиб кўринади. Аммо у орқали таълим олганларга тинчлик ҳосили — одиллик келтиради» (Иброн. 12:11). Ҳақиқатда ўсиб-улғайган ўсмирларнинг аксарияти ота-онаси берган тарбия уларга фойда келтирганини тан олишади. Оқсоқоллар орқали берилган Яҳованинг тарбияси туфайли ҳаёт йўлидан оғиб кетмаймиз (Ҳик. 4:13).
18, 19. б) «Одиллик йўлида тарбиялаш учун», нега Ҳикматлар 18:13 даги маслаҳатни қўллаш муҳим? б) Гуноҳ қилган кишига оқсоқоллар мулойимлик ва меҳрибонлик билан муомала қилишса, одатда бу қанақа натижа келтиради?
18 Яхши тарбия бериш учун маҳоратли бўлиш керак. Яҳованинг айтишича, бундай тарбия «одилона» бўлиши даркор (2 Тим. 3:16). Бу, тарбия бериш учун Муқаддас Китоб принципларидан фойдаланиш керак деганидир. Шундай принциплардан бирини Ҳикматлар 18:13 дан топиш мумкин: «Охиригача тингламай жавоб берган — аҳмоқдир, у шарманда бўлади». Демак, жиддий гуноҳ қилган кишига нисбатан тарбиявий чоралар кўришдан аввал, оқсоқоллар вазият ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишлари лозим (Қонун. 13:14). Шундагина улар «одилона» тарбия бера олишади.
19 Бундан ташқари, Муқаддас Китоб оқсоқолларни «мулойимлик билан» бошқаларни йўлга солишга ундамоқда (2 Тимўтийга 2:24–26 ни ўқинг). Тўғри, киши қилган гуноҳи билан Яҳовага иснод, беайб инсонларга зиён келтиргандир. Лекин оқсоқол унга жаҳл қилиб маслаҳат берса, бу гуноҳ қилган кишига ҳеч қандай фойда келтирмайди. Бироқ, оқсоқоллар «Аллоҳнинг меҳрибонлиги»га тақлид қилишса, гуноҳ қилган кишини тавба қилишига сабабчи бўлишлари мумкин (Рим. 2:4).
20. Фарзандларига таълим бераётиб, ота-оналар қайси принципларга риоя қилишлари керак?
20 Фарзандларига «Яҳованинг тарбиясини бериб, Унинг фикрлаш тарзини уларга пайванд қилмоқчи» бўлган ота-оналар, Муқаддас Китобдаги принципларни қўллашлари даркор (Эфес. 6:4). Масалан, ота фарзанди ёмонлик қилгани ҳақида бировдан эшитиб қолди, дейлик. Ўғлини жазолашдан олдин у нимани эътиборга олиши керак? Албатта воқеанинг барча тафсилотлари билан танишиб чиқиши даркор. Яҳова Шоҳидларининг оиласида жаҳл устида қўл кўтаришга ўрин йўқ. «Яҳова — меҳр-шафқатли, раҳмдил Худодир». Фарзандларига таълим бераётиб ота-оналар Унга тақлид қилишлари мумкин (Ёқб. 5:11).
ХУДО БЕРГАН БЕБАҲО ҲАДЯ
21, 22. Забур 118:97–104 даги қайси сўзлар, Яҳованинг Каломига бўлган туйғуларингизни яхшироқ ифодалайди?
21 Ўтмишда яшаган художўй бир киши, нега Яҳованинг қонунини севишини айтган (Забур 118:97–104 ни ўқинг). Аллоҳнинг Каломини ўқиб у доноликка ва фаҳм-фаросатга эга бўлган. Ундаги маслаҳатлар уни кўпчилик қилган хатолардан асраган. Муқаддас Ёзувларни тадқиқ қилиш у учун ёқимли ва қизиқарли машғулот бўлган. Худонинг йўл-йўриқлари ҳаётига кўп фойда келтиргани учун, у бутун умр уларга риоя қилишга қарор қилган.
22 Сиз ҳам, «ҳар бир Муқаддас Ёзув»ни қадрлайсизми? Бу китоб ёрдамида, Тангри Ўз ниятини амалга оширишига бўлган ишончингиз янада мустаҳкамланади. Яҳованинг маслаҳати бизни ўлимга етакловчи гуноҳдан асрайди. Муқаддас Китобдаги оятларни бошқаларга яхши тушунтирсак, нафақат ҳаёт йўлини топишларига, балки унда мустаҳкам туришларига ёрдам бера оламиз. Энг доно ва меҳрибон Худойимиз Яҳовага хизмат қилаётган эканмиз, келинг, «ҳар бир Муқаддас Ёзув»дан тўлиқ фойдаланайлик!
^ 1- х.б. «Ташкилот» китобининг (рус) 79- саҳ. қ. (Бу маълумот шунингдек km 11/06 8- саҳ. келтирилган.)
^ 7- х.б. Таълим бераётганда, Исо бошқалардан: «Нима деб ўйлайсизлар?» — деб тез-тез сўраб турарди. Сўнг жавобини кутарди (Мат. 18:12; 21:28; 22:42).
^ 10- х.б. Павлуснинг мактубларида гуноҳли истакларни енгишга кўмаклашадиган далда берувчи кўп фикрлар бор (Рим. 6:12; Галат. 5:16–18). У бошқаларга берган маслаҳатга ўзи ҳам риоя қилган (Рим. 2:21).