«Ибодат қилишга нисбатан сергак туринглар»
Ақли расо бўлинглар ва ибодат қилишга нисбатан сергак туринглар. 1 БУТР. 4:7
1, 2. а) «Ибодат қилишга нисбатан сергак туриш» нима учун муҳим? б) Ибодат борасида ўзимизга қанақа саволлар берсак яхши бўлади?
«СЕРГАК ТУРИШ, айниқса эрталабга яқин қийин бўлади»,— дейди илгари қоровул бўлиб ишлаган бир киши. Кечаси ишлайдиганлар бу фикрга қўшилса керак. Бугунги кунда масиҳийлар шунга ўхшаш қийинчиликка дуч келишмоқда, чунки Шайтоннинг ҳукми остидаги дунё узун тунга ўхшайди. Ҳозир эса бу тун ниҳоясига етиб қолган (Рим. 13:12). Айни тонг отай деганда ухлаб қолиш биз учун нақадар хавфли! Биз «ақли расо бўлиб», Муқаддас Китобдаги: «Ибодат қилишга нисбатан сергак туринглар»,— деган ундовга қулоқ солишимиз зарур (1 Бутр. 4:7).
2 Қайси вақтда яшаётганимизни англаб, ўзимизга шундай саволлар берсак яхши бўлади: «Мен ибодат қилишга нисбатан қанчалик сергакман? Ибодатнинг ҳар қандай шаклини қўллаяпманми ва доимо ибодат қиляпманми? Бошқалар учун ибодат қилишни одат тусига киритганманми ёки нуқул ўз эҳтиёжу истакларим ҳақида ибодат қиламанми? Нажот топишим учун ибодат қанчалик муҳим аҳамиятга эга?»
ИБОДАТНИНГ ҲАР ҚАНДАЙ ШАКЛИНИ ҚЎЛЛАНГ
3. Ибодатнинг қандай шакллари бор?
3 Эфесликларга ёзган мактубида ҳаворий Павлус ибодатнинг ҳар қандай шаклини эслатиб ўтган (Эфес. 6:18). Ибодат қилаётиб биз кўпинча Яҳовадан эҳтиёжларимизни қондириш ва тўсиқларни енгиб ўтиш учун ёрдам сўраймиз. «Ибодатларни эшитгучи» эса тилакларимизни меҳр ила тинглайди (Заб. 64:3, Туркия 1998). Аммо биз ибодатнинг ҳар қандай шаклини қўллашга ҳаракат қилишимиз керак. Бунга ҳамду сано, шукрона ва илтижолар киради.
4. Нега ибодатларимизда тез-тез Яҳовага ҳамду сано айтиб туришимиз лозим?
4 Ибодатларимизда Яҳовага ҳамду сано айтиш учун кўпгина сабаблар бор. Масалан, Унинг «қудратли ишлари» ва «тенгсиз буюклиги» ҳақида ўйласак, ҳамду сано айтгимиз келади (Забур 150:1–6 ни ўқинг). Забурнинг 150- саноси Яҳовани 13 маротаба мақташга ундамоқда! Бошқа бир сано ижодкори эса Худога нисбатан чуқур эҳтиром ҳисси билан шундай деб куйлаган: «Сенинг адолатли қоидаларинг туфайли етти марта кунига Сени мадҳ қиламан» (Заб. 118:164). Ҳақиқатан ҳам, Яҳова ҳамду санога лойиқдир! Шундай экан, биз ҳам ибодатларимизда «етти марта кунига», яъни тез-тез Унга ҳамду сано айтиб туришимиз лозим эмасми?
5. Ибодатда миннатдорлик руҳини намоён этиш бизни нимадан ҳимоялайди?
5 Шукрона — ибодатнинг яна бир муҳим шаклидир. Павлус Филиппи шаҳрида яшаган масиҳийларни шундай деб чорлаган: «Ҳеч нарсадан ташвишланманглар, лекин ибодат ва илтижода тилакларингизни миннатдорчилик билан Аллоҳга билдиринглар» (Филип. 4:6). Охирзамонда, «ношукур» одамлар орасида яшаётган эканмиз, Яҳовага чин дилдан шукроналар айтиш биз учун ҳимоя бўлади (2 Тим. 3:1, 2). Ҳа, бу дунёда ношукурлик руҳи ҳукм сурмоқда. Агар эҳтиёт бўлмасак, бу руҳ бизга ҳам юқиши мумкин. Ибодатда Худога миннатдорчилик билдириш, бизни қаноат ҳосил қилишга ундайди. Натижада биз, «нолийдиган, турмушидан норози» одамларга ўхшаб қолмаймиз (Яҳд. 16). Боз устига, оила бошлари ўз яқинлари билан бирга ибодат қилаётиб шукрона айтишса, хотин ва болаларини миннатдорлик руҳини ривожлантиришга ундаган бўлишади.
6, 7. Илтижо ўзи нима ва биз Яҳовага нималар ҳақида илтижо қилсак бўлади?
6 Илтижо — чуқур ҳис-туйғу ила ёлвориб сўрашдир. Биз Яҳовага нималар ҳақида илтижо қилишимиз мумкин? Қувғинга дуч келганда ёки оғир дардга чалинганда, Унга илтижо қилсак бўлади. Шундай пайтларда, Худодан ёрдам сўраб қилган ибодатларимиз илтижога айланади. Бироқ фақат шундай пайтларда Яҳовага илтижо қилиш керакми?
7 Исо ўргатган намунали ибодатда Худонинг исми, Шоҳлиги ва иродаси ҳақида нима дейилганига эътибор беринг (Матто 6:9, 10 ни ўқинг). Ёвузликка тўлиб-тошган бу дунёда инсоний ҳукуматлар фуқароларининг асосий эҳтиёжларини ҳам қондиришга қодир эмас. Ана шу сабабли биз, самовий Отамизнинг исми муқаддас тутилиши ва Унинг Шоҳлиги ер юзини Шайтоннинг бошқарувидан тозалаши ҳақида ибодат қилишимиз керак. Шунингдек биз, Яҳованинг иродаси осмонда бўлгани каби, ер юзида ҳам бажо бўлишини сўраб илтижо қилишимиз лозим. Келинглар, сергак туриб, ибодатнинг ҳар қандай шаклини қўллайлик.
«ДОИМ... ИБОДАТ ҚИЛИНГЛАР»
8, 9. Нега Бутрус билан бошқа ҳаворийларни, Гетсемания боғида ухлаб қолишгани учун ҳукм қилмаслигимиз керак?
8 Ҳаворий Бутрус масиҳийларни «ибодат қилишга нисбатан сергак туришга» ундаган бўлса ҳам, ўзи бир марта бундай йўл тутмаган. Исо Гетсемания боғида ибодат қилаётган пайтда, у ухлаб қолган шогирдлардан бири эди. Ўшанда Исо уларга: «Доим ҳушёр туриб, ибодат қилинглар»,— деганди. Лекин улар қулоқ солишмаган (Матто 26:40–45 ни ўқинг).
9 Бутрус билан бошқа ҳаворийларни ухлаб қолишгани учун ҳукм қилишнинг ўрнига, улар ўша куни қаттиқ чарчашганини ёдда тутсак яхши бўларди. Ахир улар Фисиҳ байрамига тайёргарлик кўриб, уни кечқурун нишонлашган. Ўшанда Исо Қутлуғ Кечлик маросимини уюштириб, келажакда унинг ўлимини хотирлаб туришсин деб, уларга намуна кўрсатган эди (1 Кор. 11:23–25). «Кейин улар ҳамду сано куйлаб, Зайтун тоғи томон йўл олишди» (Мат. 26:30, 36). Исо билан шогирдлари Қуддуснинг тор кўчаларидан ўтиб, анча йўл юришган. Улар бу жойга ярим кечада етиб боришган бўлиши мумкин. Агар ўша кечада Гетсемания боғида бўлганимизда, биз ҳам ухлаб қолган бўлардик. Исо ҳолдан тойган ҳаворийларни танқид қилмаган. Чунки у «руҳ тетик, тана эса заиф» эканини биларди.
10, 11. а) Гетсемания боғида юз берган воқеадан Бутрус қандай сабоқ олган? б) Бутруснинг мисоли сизга қандай таъсир қилди?
10 Гетсемания боғида сергак турмаганидан Бутрус аччиқ сабоқ олган. Бундан сал олдин Исо: «Бу кеча барчангиз мендан юз ўгирасизлар»,— деб айтганди. Бутрус эса ҳовлиқиб: «Ҳамма сиздан юз ўгирса ҳам, мен асло юз ўгирмайман!» — деди. Шунда Исо, Бутрус ундан уч марта тонишини айтди. Бутрус бўлса заррача иккиланмай: «Сиз билан бирга ўлишимга тўғри келса ҳам, сиздан ҳечам тонмайман»,— деди (Мат. 26:31–35). Шунга қарамай, Исонинг айтгани тўғри чиқди ва Бутрус ундан тонди. Қаттиқ хатога йўл қўйганини тушуниб, Бутрус «аччиқ-аччиқ йиғлади» (Луқо 22:60–62).
11 Бутрус бу воқеадан сабоқ олиб, ўзбошимчалик қилиш мойиллигини енгган, десак адашмаймиз. Бунда унга ибодат ёрдам бергани аниқ. Ахир, «ибодат қилишга нисбатан сергак туринглар», деган маслаҳат айнан Бутрусдан чиққан-ку! Биз, илоҳий илҳом билан ёзилган бу маслаҳатга қулоқ соляпмизми? Боз устига, биз Яҳовага таянаётганимизни кўрсатиб, «доим... ибодат қиляпмизми»? (Заб. 84:9). Келинглар, ҳаворий Павлуснинг: «Ким тик турибман деб ўйласа, эҳтиёт бўлсин, тағин йиқилиб тушмасин»,— деган маслаҳатини ҳам ёдда тутайлик (1 Кор. 10:12).
НАХИМИЁНИНГ ИБОДАТИ ИЖОБАТ БЎЛДИ
12. Нега Нахимиё биз учун яхши ўрнак бўла олади?
12 Милоддан аввалги бешинчи асрда Форс шоҳи Артахшаснинг соқийси бўлиб хизмат қилган Нахимиёнинг мисолини кўриб чиқайлик. Нахимиё сидқидилдан ибодат қилиш борасида яхши ўрнак кўрсатган. У Қуддусдаги яҳудийларнинг аянчли аҳволидан хабар топгач, бир неча кун «рўза тутиб, самовий Худога илтижо қилиб юрган» (Нахим. 1:4). Артахшас ундан нега ғамгин кўринишини ва шоҳдан нима истаётганини сўраганида, Нахимиё «самовий Худога ибодат қилган» (Нахим. 2:2–4). Натижада нима бўлган? Яҳова унинг ибодатига жавоб бериб, Ўз халқига ёрдам қўлини чўзган (Нахим. 2:5, 6). Бу эса Нахимиёнинг имонини қанчалик мустаҳкамлаган бўлса керак!
13, 14. Имонимизни мустаҳкам сақлашимизга ва бизни руҳан эзаётган Шайтонга қарши туришимизга нима ёрдам беради?
13 Нахимиё каби доимо ибодатда бўлиш, имонимизни мустаҳкам сақлашга ёрдам беради. Шайтон шафқатсиз, у кўпинча заиф бўлган пайтимизда бизга зарба бериб туради. Масалан, бирон касаллик билан курашиб ёки депрессияни енгишга ҳаракат қилиб келаётганимизда, ҳар ой хизматга сарфлаётган вақтимиз Худонинг кўзида арзимас, деб ўйлашимиз мумкин. Эҳтимол, ўтмишда бошимиздан кечган воқеалар дастидан хаёлимизга нохуш фикрлар келаётгандир. Шайтон, ўзимизни кераксиздай ҳис қилишимизни хоҳлайди. У ҳиссиётларимиз билан ўйнашиб, имонимизни сусайтириш мақсадида бизга ҳужум қилиб туради. Биз эса «ибодат қилишга нисбатан сергак туриб», имонимизни мустаҳкам сақлай оламиз. Чиндан ҳам, «катта имон қалқони» билан, биз «ёвуз Шайтоннинг барча оловли ўқларини ўчира оламиз» (Эфес. 6:16).
14 Агар «ибодат қилишга нисбатан сергак турсак», ғафлатда қолиб кетмаймиз. Натижада, бехосдан имон синовига дуч келсак, эътиқодимизга хиёнат қилиб қўймаймиз. Бошимизга синов ва қийинчиликлар тушганда, келинг Нахимиёнинг мисолини эслаб, дарҳол Худога ибодат қилайлик. Биз фақатгина Яҳованинг ёрдами билан васвасаларга қарши туриб, имон синовига дош бера оламиз.
БОШҚАЛАР УЧУН ИБОДАТ ҚИЛИНГ
15. Бошқалар учун ибодат қилиш борасида ўзимизга қандай саволлар беришимиз керак?
15 Исо ҳаворий Бутруснинг имони сусаймасин, деб Худога илтижо қилган (Луқо 22:32). Биринчи асрда яшаган содиқ масиҳий Эпафрас ҳам бу борада Исонинг ўрнагига эргашиб, Колосадаги биродарлари учун жон куйдириб ибодат қилган. У ҳақда Павлус шундай деб ёзган: «У [Эпафрас], охиригача етук бўлишингиз ва Аллоҳнинг иродасига ишончингиз комил бўлиши учун доимо жон куйдириб, ибодат қиляпти» (Колос. 4:12). Биз ўзимизга қуйидаги саволларни берсак яхши бўлади: «Бутун жаҳон бўйлаб биродарларим учун зўр бериб ибодат қиляпманми? Ибодатларимда табиий офатдан азоб чеккан имондошларимни қанчалик тез-тез эслайман? Яҳованинг ташкилотида оғир масъулиятни зиммасига олганлар учун қачон охирги марта жон куйдириб ибодат қилганман? Жамоатимиздаги, қийинчиликларни бошдан кечираётганлар учун яқин орада ибодат қилдимми?»
16. Бошқалар учун қилган ибодатларимиз чиндан ҳам аҳамиятлими? Тушунтириб беринг.
16 Бошқалар учун Яҳовага ибодат қилсак, бу чиндан ҳам фойда келтиради (2 Коринфликларга 1:11 ни ўқинг). Гарчи Яҳова, хизматчилари Ундан бирор нарсани ҳадеб сўрайвергани учунгина ҳаракат қилмаса-да, улар бир-бирига самимий қизиқиш кўрсатганидан мамнун бўлиб, ибодатларига жавоб беради. Шундай экан, биз бошқалар учун ибодат қилишни шараф деб билиб, бу масъулиятга жиддий ёндашишимиз керак. Худди Эпафрас сингари, биродару опа-сингилларимиз учун жон куйдириб ибодат қилишимиз билан, биз уларни чин юракдан севишимизни ва уларга бефарқ эмаслигимизни кўрсатамиз. Бу эса бизни янада бахтлироқ қилади, ахир «олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта» (Ҳавор. 20:35).
«НАЖОТ ТОПИШ ВАҚТИМИЗ ЯҚИН»
17, 18. «Ибодат қилишга нисбатан сергак туриш» бизга қандай ёрдам беради?
17 «Тун ўтиб, кун яқинлашди»,— дейишдан олдин Павлус шундай сўзларни ёзганди: «Ахир қайси замонда яшаётганингизни ва уйғониш вақт-соатингиз келганини биласизлар-ку. Эндигина Исонинг издошлари бўлган пайтимизга қараганда, ҳозир нажот топиш вақтимиз яқинроқдир» (Рим. 13:11, 12). Худо ваъда қилган янги дунё яқин ва бизнинг нажот топиш вақтимиз ҳам биз ўйлагандан кўра яқинроқдир. Биз маънан ухлаб қолмаслигимиз керак ва дунёдаги чалғитадиган нарсалар, Яҳовага ибодат қилиш учун ажратадиган вақтимизни ўғирлашига асло йўл қўймаслигимиз лозим. Ундан кўра, «ибодат қилишга нисбатан сергак турайлик». Бу эса, Яҳованинг куни келишини кутаётган бизларга «муқаддас феъл-атворли ҳамда художўй» бўлишга кўмаклашади (2 Бутр. 3:11, 12). Шунда маънан ҳушёр эканимизни ва бу дунёнинг сўнги яқинлашиб қолганига ишонаётганимизни ҳаёт тарзимиз билан кўрсатамиз. Хуллас, келинглар, «тинмай ибодат қилайлик» (1 Салон. 5:17). Боз устига, холи қолиб ибодат қилиш имконини излашда Исога тақлид қилайлик. Агар Яҳовага шошилмай ибодат қилсак, Унга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ яқинлашганимизни сезамиз (Ёқб. 4:7, 8). Ахир, бу биз учун ажойиб барака-ку!
18 Инжилда шундай дейилган: «Масиҳ ер юзида бўлганида, уни ўлимдан қутқарадиган Зотга қаттиқ фарёд ва кўз ёшлар билан ўтиниб ёлворган. Шунда унинг ибодати ижобат бўлган, чунки у Тангридан қўрқарди» (Иброн. 5:7). Исо ўтиниб ёлворгани туфайли ер юзидаги ҳаётининг охиригача Худога содиқ қолган. Натижада, Яҳова севикли Ўғлини ўлимдан халос этиб, осмондаги ўлмас ҳаёт билан тақдирлаган. Биз ҳам, қандай синов ва қийинчиликларга дуч келишимиздан қатъи назар, самовий Отамизга садоқатимизни сақлай оламиз. Ҳа, агар «ибодат қилишга нисбатан сергак турсак», абадий ҳаёт мукофотига эга бўламиз.