Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Ғарбий Африкада
ПАСКАЛЬ исмли бир йигит Кот-д’ Ивуар республикасининг камбағал бир ҳудудида катта бўлиб, яхши ҳаётни орзу қиларди. У бокс ишқибози бўлгани учун: «Қайси жойда мен спорт юлдузига айланиб, бойиб кетсам экан?» — дея ўйларди. Ёши 20 дан ошганида, у бу жой айнан Европа экан деган хулосага келди. Бироқ чет элга бориш учун мўлжалланган ҳужжатларга эга бўлмагани боис, у Европага ноқонуний равишда боришга қарор қилди.
Паскаль сафарини 1998 йили 27 ёшлигида бошлади. У Ганадаги чегарадан ўтиб, Того орқали Бенинга ва ниҳоят Нигер республикасининг Бирнин-Конни шаҳрига етиб боради. Сафарнинг хавфли қисми айнан энди бошланиши керак эди. Шимол томонга бориш учун, у юк машинасига ўтириб, Саҳрои Кабирни кечиб ўтиши керак эди. Сўнг эса, Ўрта денгиздан кемада сузиб, Европага етиб бориши лозим эди. Лекин Нигерда юз берган иккита нарса туфайли унинг бу режаси амалга ошмади.
Биринчиси, кетишга унинг пули қолмаган. Иккинчиси эса, у билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаган Ноэ исмли кашшоф биродаримиз билан танишиш бўлган. Ўрганган нарсалари Паскальга қаттиқ таъсир қилиб, унинг ҳаётга бўлган нуқтаи назарини ўзгартирди. Унинг моддий мақсадларнинг ўрнини маънавий мақсадлар эгаллади. 1999 йили декабрда Паскаль сувга чўмди. Тангри Яҳовага бўлган миннатдорчилигини кўрсатиш ниятида, у 2001 йилда Нигерда — ҳақиқатни билиб олган шаҳарда кашшоф бўлиб хизмат қила бошлади. Хўш, у хизмати ҳақида қандай фикрда? У: «Мен энг яхши ҳаёт йўлини топдим!» — деб бўлишди.
АФРИКАДАГИ ХИЗМАТ КЎПДАН-КЎП БАХТ ВА МАМНУНИЯТ КЕЛТИРДИ
Паскаль сингари, анчагина одамлар маънавий мақсадлар пайидан бўлиб, ҳаётдан кўпроқ мамнуният ҳис қилишмоқда. Бу каби мақсадларга эришиш ниятида, баъзилар ваъзгўйларда эҳтиёж катта бўлган ҳудудларда хизмат қилиш учун Европадан Африкага кўчишди. Дарҳақиқат, 17 дан 70 ёшгача бўлган деярли 65 та Яҳованинг Шоҳиди Европадан эҳтиёж катта бўлган жойларга, яъни Ғарбий Африканинг Бенин, Буркина-Фасо, Нигер ва Того мамлакатларига кўчиб ўтишди *. Қизиқ, уларни шунга ўхшаш жиддий ўзгариш қилишга нима ундади ва бунинг натижаси қандай бўлди?
Даниядан бўлган Анна-Ракель қуйидагиларни айтиб берди: «Ота-онам Сенегалда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилган. Улар доим ўша ҳаёт тўғрисида менга завқ ила гапириб беришарди, шунинг учун мен ҳам худди шундай ҳаётни орзу қилардим». Тахминан 15 йил аввал, 20 ёшларга кирган Анна-Ракель Тогога кўчиб ўтиб, ҳозиргача имо-ишора тилидаги жамоатда хизмат қилади. Хўш, унинг бундай йўл тутгани бошқаларга қандай таъсир қилди? У: «Кейинчалик синглим билан укам менинг ўрнагимга эргашиб, Тогога келишди»,— деди.
Аврелий исмли 70 ёшли франциялик биродаримиз қуйидагича бўлишди: «Беш йил олдин нафақага чиққанимда, Францияда тинчгина яшаб, келажакдаги жаннатни кутиш ёки хизматимни кенгайтириш танловига дуч келдим». Аврелий иккинчисини танлади. Деярли уч йил илгари, у хотини Альберт-Файет билан бирга Бенинга кўчиб ўтишди. Аврелий: «Бу ерда Яҳовага тайёрлик ила хизмат қилишга интилиш, умримиздаги энг яхши иш»,— деб айтди. У табассум ила яна шундай деди: «Буни қарангки, соҳил бўйида бўлган ҳудудимизнинг бир қисми менга жаннатни эслатади».
Клодомир билан хотини Лиссана 16 йил аввал Франциядан Бенинга кўчиб кетишди. Бошида, улар оиласи ва Франциядаги дўстларини жуда ҳам соғинишарди ҳамда янги ҳаётга кўника олмаймиз деб қўрқишарди. Аммо қўрқишга ҳеч қандай сабаб йўқ эди. Чунки улар хизматидан катта қувонч топишди. Клодомир шундай деди: «Ушбу 16 йил мобайнида, йилига деярли битта одам ҳақиқатни қабул қилишига ҳисса қўшиш шарафига эга бўлдик».
Эр-хотин Себастьян ва Жоанна 2010 йили Франциядан Бенинга кўчиб ўтишди. Себастьян қуйидагиларни сўзлаб берди: «Бу ердаги жамоатда қиладиган иш жуда кўп. Хизматимизни, ташкилотимизнинг жадаллаштирилган ўқув курси билан солиштирса бўлади!» Ваъзгўйлик иши ҳақида нима деса бўлади? Жоанна: «Одамлар ҳақиқатни билиб олишга чанқоқ. Ҳатто ваъз қилмаган пайтларимизда ҳам, одамлар бизни тўхтатиб, Муқаддас Китоб бўйича саволлар беришади ва адабиётларимизни олишади»,— деди. Бу кўчиш, уларнинг никоҳига қандай таъсир қилди? Себастьян шундай деб бўлишди: «Бу, никоҳимизни янада мустаҳкам қилди. Хотиним билан бирга кун бўйи хизмат қилиш жуда ҳам ёқимли».
Эрик ва унинг хотини Кейти, Бениннинг аҳолиси кўп бўлмаган шимолий ҳудудида кашшоф бўлиб хизмат қилишади. Тахминан ўн йил олдин, улар Францияда яшаганларида эҳтиёж катта бўлган жойларда хизмат қилиш ҳақидаги мақолаларни ўқишарди ва тўла вақтли хизмат қилиш борасида суҳбатлашишарди. Бу туфайли, уларда чет элга кўчиш истаги пайдо бўлди. Улар буни 2005 йилда амалга оширишди. Уларнинг шоҳидлик бериш фаолияти ривожланаётганини кўриш, ниҳоятда завқли эди. Эрик шундай деди: «Икки йил аввал, Тангуит шаҳридаги гуруҳимизда 9 та ваъзгўй бор эди, ҳозир эса 30 та ваъзгўй бор. Якшанба куни йиғилишга 50 дан 80 гача одам келади. Бу каби ўсишни кўриш, чексиз қувонч бахш этади!»
ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ АНИҚЛАШ ВА БАРТАРАФ ЭТИШ
Ваъзгўйларда эҳтиёж катта бўлган жойларда хизмат қилаётган айрим кишилар қандай қийинчиликларга дуч келишди? Анна-Ракельнинг 33 ёшли Бенжамин исмли укасининг мисолини олайлик. У 2000 йили Данияда, Тогода тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қиладиган имондошимиз билан танишиб қолади. Бенжамин қуйидагиларни эслади: «Мен, тўла вақтли махсус ваъзгўйга кашшоф бўлмоқчилигимни айтганимда, у менга: “Биласизми, Тогода кашшоф бўлишингиз мумкин”,— деди». Бенжамин бу борада ўйлаб кўрди. У шундай деб айтди: «Ўшанда мен ҳатто 20 га ҳам тўлмаган эдим, лекин иккита опам Тогода хизмат қиларди. Шу сабабли, у ерга бориш мен учун қийин эмас эди». Шундай қилиб, Бенжамин кўчиб кетди. Аммо у ерда қийинчиликлар ҳам бор эди. У: «Француз тилида бирон-бир сўз билмасдим. Илк олти ой жуда оғир бўлган, чунки мен мулоқот қила олмасдим»,— деб айтди. Вақт ўтиб, у муваффақиятга эришди. Ҳозир Бенжамин Бениндаги Байтилда адабиёт етказиш ва компьютер бўлимида ёрдам бериб хизмат қилади.
Юқорида айтиб ўтилган Эрик билан Кейти, Бенинга кўчиб кетишдан олдин Францияда ўзга тилда ваъз қиладиган ҳудудда хизмат қилишарди. Лекин Ғарбий Африкада хизмат қилишнинг қандай фарқи бор? Кейти шундай деб бўлишди: «Яшаш учун қулай жой топиш осон эмасди. Бир неча ой, биз электр қуввати ва водопровод бўлмаган уйда яшагандик». Эрик эса шундай қўшимча қилди: «Ярим кечагача қўшнимизникидан баланд мусиқанинг овози жаранглаб турарди. Шу каби нарсаларга сабр қилиб, мослашишга тайёр бўлиш зарур». Уларнинг иккови ҳам қуйидаги фикрни билдиришди: «Хушхабар ҳали етиб бормаган ҳудудда хизмат қилиш келтирадиган қувонч, ҳар қандай қийинчиликдан устундир».
Ёшлари ҳозир 50 дан ошган франциялик эр-хотин Мишель ва Мария-Анье беш йил олдин Бенинга кўчишганди. Улар бошида жуда ҳам ташвиш тортишганди. Мишель шундай деб бўлишди: «Баъзилар, бизнинг кўчишимизни замбилғалтакни дор устидан ҳайдаётган дорбозга ўхшатишарди, биз эса худди унинг ичида ўтиргандай эдик. Агар одам, ўша дорбоз Тангри Яҳова эканлигини билмаса, бу ниҳоятда қўрқинчли бўлар экан. Шу йўсин, биз бу ишни Яҳова учун ва У билан қилдик».
ЎЗИНИ ТАЙЁРЛАШ УСУЛЛАРИ
Эҳтиёж катта бўлган жойларда хизмат қилганларнинг тажрибасидан, одам ўзини қуйидагиларни инобатга олган ҳолда тайёрлаши муҳим эканлиги кўриняпти: Олдиндан режалаштириш. Мослашишга ўрганиш. Пулни тўғри сарфлаш. Яҳовага таяниш (Луқо 14:28–30).
Юқорида айтилган Себастьян шундай фикр билдирди: «Кўчишимиздан олдин, мен Жоанна билан бирга икки йил давомида, ўйин-кулгига мўлжалланган пулларни тежаб, кераксиз нарсаларни харид қилмасдик». Чет элда хизмат қилишни давом эттириш учун, улар Европада ҳар йили бир неча ой ишлашади. Бу, уларга йилнинг қолган ойларида Бенинда кашшоф бўлиб хизмат қилишларига имкон яратади.
Мария-Тереза, Ғарбий Африканинг эҳтиёж катта бўлган жойларида хизмат қилаётган 20 та турмуш қурмаган опа-сингилларимиздан биридир. У Францияда автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлайди, лекин 2006 йили у Нигерда кашшофлик қилиш учун бир йилга таътил олди. Кўп ўтмай, Мария-Тереза у чиндан ҳам бундай ҳаётни орзу қилганини англади. У қуйидагича бўлишди: «Францияга қайтгач, мен ишхона раҳбарига бориб, иш жадвалини ўзгартириш ниятим борлигини айтдим ва у бунга рози бўлди. Ҳозир мен майдан август ойигача Францияда автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлайман, сентябрдан апрелгача Нигерда кашшоф бўлиб хизмат қиламан».
Худонинг Шоҳлигини ҳаётларида биринчи ўринга қўйганлар, Яҳова Таоло уларга бошқа барча нарсани қўшимча қилиб беришига ишонишлари мумкин (Мат. 6:33). Мана бир мисол. Турмушга чиқмаган франциялик Сапфира тахминан 30 ёшларга кирган ва у Бенинда кашшофлик қилади. Кейинги йили ҳам (олтинчи йили) Африкада хизматини давом эттириш ниятида, у ишлаш учун 2011 йили Францияга қайтади. У қуйидагиларни гапириб берди: «Жума куни ишхонада сўнгги кун эди, лекин кейинги ўн кун мобайнида ҳам келаси йил учун етарлича пул топишим керак эди. Францияда мен фақатгина икки ҳафта қолишим мумкин эди. Мен Яҳовага ибодат қилиб, вазиятимни тушунтирдим. Бундан кўп ўтмай, меҳнат биржасидан менга қўнғироқ қилиб, икки ҳафта ичида бир кишининг ўрнига ишлаб бершимни сўрашди». Душанба куни Сапфира, алмашган ишчининг юмушига ўрганиш учун ишхонасига борди. У яна қуйидагиларни айтди: «Ўша ишчи имондош опамиз бўлганини билганимда, бу мен учун кутилмаган ҳол эди. Унга Доимий кашшофлар мактабида ўқиш учун ўн кун керак эди. Опамизнинг бошлиғи, унинг ўрнига бирон ишчи топилмагунча, кетишга рухсат бермаган. У ҳам менга ўхшаб, Яҳовадан буни ҳал қилишини илтижо қилган».
ҲАҚИҚИЙ МАМНУНИЯТ МАНБАИ
Айрим биродару опа-сингилларимиз бошқа мамлакатлардан Ғарбий Африкага кўчиб, кўп йиллардан бери хизмат қилишади ва у ер улар учун уйларига айланиб қолган. Бошқалар эса, бир неча йил у ерда қолиб, кейин эса ўз юртларига қайтиб кетишади. Бироқ ҳатто ҳозир ҳам, улар йиллар мобайнида эҳтиёж катта бўлган ҳудудда шу тарзда хизмат қилишганидан фойда олиб келишмоқда. Улар ҳаётларида, Яҳовага хизмат қилиш келтирадиган чинакам мамнуниятни топишга ўрганишди.
^ 6- х.б. Француз тили кенг тарқалган ушбу тўрт мамлакат Бениндаги филиал назорати остидадир.