Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Микронезияда
КЭТРИН, Қўшма Штатларда улғайган ва 16 ёшида сувга чўмиб, Яҳованинг Шоҳиди бўлган. У қунт билан хизмат қилган, лекин ўша ҳудудда Шоҳлик хабарини қабул қиладиганлар кам учраган. Кэтрин шундай деди: «Худо ҳақида билиб олиш учун кимнидир юборишини сўраб, илтижо қилган одамлар тўғрисида ўқирдим. Мен ҳам шундай одамни учратишни жуда хоҳлардим-у, аммо ҳеч бундай бўлмасди».
Ўша ҳудудда бир неча йил хизмат қилгач, Кэтрин одамлар Шоҳлик хабарини тинглашга мойилроқ бўлган бошқа жойга кўчиб ўтиш ҳақида ўйлай бошлади. Бироқ у, буни эплай олиш-олмаслигидан хавотирланган. Чунки бундан олдин, ҳаётида бор-йўғи икки ҳафта оиласидан узоқда бўлганида уйидагиларини ҳар куни соғинган. Лекин Яҳовани қидираётганларга ёрдам беришни қаттиқ истагани учун ўзини енга олган. Кўчиб ўтиш мумкин бўлган бир нечта ҳудудни кўриб чиққач, Гуам оролларидаги филиалга хат ёзиб, ўзига керакли маълумотни олган. 2007 йили июль ойида 26 яшар Кэтрин, уйидан қарийб 10 000 км узоқликда жойлашган Тинч океанидаги Сайпан оролига кўчиб ўтган. Хўш, сўнг унинг ҳаётида нималар юз берган?
ИККИ ИБОДАТНИНГ ЖАВОБИ
Янги жамоатда қисқа муддат хизмат қилгач, Кэтрин 40 ёшлардаги Дорис исмли аёлни учратди ва у Муқаддас Китоб тадқиқига рози бўлди. «Таълимотлар» китобининг илк учта бобини ўтгач, Кэтрин ҳавотирлана бошлади. У шундай деди: «Дорис жуда яхши ўқувчи эди ва унинг қизиқишини сўндиришни истамасдим. Аввал ҳеч қачон ким биландир Муқаддас Китоб тадқиқини мунтазам равишда ўтказмаганим учун Дорисга тажрибалироқ, балки унинг тенгдоши бўлган бошқа опа керак деб ўйладим». Кэтрин, ўрганаётган кишини ишониб топшириши мумкин бўлган ваъзгўйни топишда ёрдам бериши учун Яҳовага ибодат қилган. Кейин эса, Дорисга тадқиқни бошқа одам олиб бориши ҳақида айтишга қарор қилди.
Кэтрин шундай деб бўлишди: «Бу мавзуда гап бошлашимдан аввал, Дорис бир муаммо борасида гаплашиб олмоқчи эканини айтди. Уни тинглагач, Яҳова менга шу каби вазиятда қандай кўмаклашганини гапириб бердим. У менга миннатдорчилик билдирди». Сўнг Дорис Кэтринга қуйидагиларни айтди: «Яҳова менга ёрдам бериш учун сиздан фойдаланяпти. Уйимга илк бор келишингиздан олдин, бир неча соат давомида Муқаддас Китобни ўқиб ўтиргандим. Уни тушуниш учун кимнидир юборишини Худодан сўраб йиғлагандим. Шунда, эшигимни сиз таққилатдингиз. Яҳова ибодатимга жавоб берди!» Эшитганлари Кэтринга шунчалик таъсир қилганки, кўзларига ёш келган. Кэтрин шундай деди: «Дориснинг сўзлари менинг ибодатимга жавоб эди. Яҳова, тадқиқни тўхтатмаслигим кераклигини кўрсатди».
Дорис 2010 йили сувга чўмди ва ҳозир ўзи ҳам бир нечта тадқиқ ўтказади. Кэтрин шундай деб қўшиб қўйди: «Анчадан бери қилган ниятим самимий инсонга ҳақиқатни қабул қилиб, Яҳованинг хизматчиси бўлишга ёрдам бергани учун ниҳоятда миннатдорман». Бугунги кунда Кэтрин, Тинч океанидаги Косрае оролида қувонч ила махсус кашшоф бўлиб хизмат қиляпти.
УЧТА ҚИЙИНЧИЛИК — УЛАРНИ ҚАНДАЙ ЕНГИШ МУМКИН?
Чет элдан келган юздан ортиқ (19 дан 79 ёшгача бўлган) биродару опа-сингиллар эҳтиёж кўпроқ бўлган Микронезияда хизмат қилишади. Шу каби ғайратли ваъзгўйларнинг ҳис-туйғуларини 2006 йили 19 ёшида Гуам оролларига кўчиб ўтган Эрика яхши тасвирлаб берди: «Инсонлар ҳақиқатга чанқоқ бўлган ҳудудда кашшофлик қилиш жудаям қувончли. Ушбу хизмат турини танлашимга ёрдам бергани учун Яҳовага бағоят миннатдорман. Бу энг зўр ҳаёт йўли!» Эрика Маршалл оролларининг бири бўлган Ибайда хурсандчилик ила махсус кашшоф бўлиб хизмат қиляпти. Албатта, ўзга юртда хизмат қилишнинг ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бор. Келинг, улардан учтасини ва Микронезияда хизмат қилаётганлар, уларни қандай енгаётганини кўриб чиқайлик.
Ҳаёт тарзи. 2007 йили 22 ёшларда бўлган Саймон биродаримиз Палау оролига кўчиб ўтган. Бу ерда у, ўз юрти Англияда ишлаб топгандек, кўп маош олишнинг иложи йўқлигини тез орада тушунган. Саймон қуйидагича бўлишди: «Кўнглим тусаган ҳар қандай нарсани харид қилмасликка ўргандим. Ҳозир, сотиб олишим керак бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини синчковлик билан танлайман ва арзонроғини қидираман. Бирон нарса бузилиб қолса, ишлатилган эҳтиёт қисмларни ва уни таъмирлашда менга ёрдам берадиган бирон кишини излаб топаман». Хўш, содда ҳаёт кечириш кераклиги унга қандай таъсир қилди? Саймон шундай деди: «Бу, ҳаётда нима зарурий эканини фарқлаб, борига қаноат қилиб яшашни ўрганишга ёрдам берди. Турли вазиятларда меҳрибон Яҳованинг ғамхўрлигини ҳис қилганман. Бу ердаги етти йил хизматим давомида, ҳар доим овқатим ва ухлаш учун жойим бўлган». Шубҳасизки, Шоҳликни биринчи ўринга қўйиш ниятида содда ҳаёт кечираётганларни Яҳова қўллаб-қувватлайди (Мат. 6:32, 33).
Уй соғинчи. Эрика шундай деди: «Оиламга жуда боғланган эдим ва уйдагиларни соғиниш хизматимга салбий таъсир қилишидан қўрқардим». Ўзини тайёрлаш учун у нима қилган? У давом этиб қуйидагиларни айтди: «Кетишдан олдин, “Қўриқчи минораси”даги уйни соғиниш ҳақидаги мақолаларни ўқидим. Бу, қалбимни бўлажак қийинчиликларни енгишга тайёрлаган. Бир мақолада, онаси қизини Яҳова уни қўллаб-қувватлашига ишонтириб: “Яҳова сенга мендан ҳам яхшироқ ғамхўрлик қилади”,— деб айтгани ёзилган эди. Бу сўзлар мени ҳам чиндан мустаҳкамлади». Ханна ва унинг эри Патрик, Маршалл оролларидан бири бўлган Мажурода хизмат қилишади. Ханна жамоатидаги имондошларига кўпроқ эътиборини қаратиш орқали соғинч ҳиссини енгиб келяпти. У шундай дейди: «Мен умумжаҳон биродарлигимиз учун Яҳовага тинмай миннатдорчилик билдираман, чунки улар ҳам менинг оилам. Улар севги ила қўллаб-қувватламаганида, эҳтиёж катта бўлган жойда сира ҳам хизмат қила олмасдим».
Дўст орттириш. Саймон шундай деб бўлишди: «Янги мамлакатга келганингизда, ҳамма нарса бошқача бўлади. Гоҳида ҳазиллашишни ва мени тўлиқ тушунишларини соғинардим». Эрика қуйидагиларни айтди: «Бошида ўзимни ҳеч кимга керак эмасдай ҳис қилганман, лекин бу, нега кўчиб келганим борасида ўйлаб кўришга ёрдам берган. Мен ўз фойдамни кўзлаб эмас, балки Яҳова учун кўпроқ қилиш ниятида кўчганман. Вақт ўтиб, ажойиб дўстлар орттирдим, мен уларни қадрлайман». Саймон эса, палау тилини ўрганиш учун кўп меҳнат қилди ва бу маҳаллий имондошларига бағрини кенг очишга имкон яратди (2 Кор. 6:13). Унинг тил ўрганиш ҳаракатлари биродарларини севишга ундади. Ҳа, кўчиб ўтганлар ва маҳаллий биродарлар елкама-елка ҳамкорлик қилиши натижасида жамоатда яқин муносабатлар ривожланиб, барча учун мукофот бўлади. Эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар орқали, бошқалар яна қандай баракалар олишяпти?
МЎЛ ДАРАЖАДА ЎРИБ ОЛИШ
Ҳаворий Павлус: «Сахийлик билан эккан эса мўл ўриб олади»,— деб айтган (2 Кор. 9:6). Бу сўзларда акс этган меъёр хизматини кенгайтирганларга ҳам қўл келади. Қизиқ, улар Микронезияда мўл даражада фойда ўриб олишдими?
Микронезияда, Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаш ва тадқиқ қилаётган киши ҳақиқатни амалда қўллаб, маънан ўсаётганини шахсан кузатиш имкони кўп учрайди. Патрик ва Ханна, аҳолиси бор-йўғи 320 кишидан иборат бўлган кичик Ангаур оролида ҳам хизмат қилишган. У ерда икки ой ваъз қилгач, улар боласини ёлғиз тарбиялаётган бир онани учратишган. У дарров Муқаддас Китоб тадқиқига рози бўлган ва ҳақиқатни иштиёқ билан қабул қилиб, ҳаётига катта ўзгаришлар киритган. Ханна қуйидагиларни гапириб берди: «Ҳар сафар тадқиқдан сўнг велосипедларимизга ўтириб, унинг уйини тарк этар эканмиз, бир-биримизга қараб: “Раҳмат Яҳова!” — деб хитоб қилар эдик. Яҳова ўша аёлни муайян бир йўл билан Ўзига жалб қилишини мумкинлигини билардим, аммо биз эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилганимиз учун ўша самимий аёлга Яҳова ҳақида билиб олишига ёрдам бериш имконига эга бўлдик. Бу ҳаётимиздаги тенги йўқ мукофотдир!» Эрика ҳам шунга ўхшаш сўзларни айтди: «Кимгадир Яҳова ҳақида билим олишга кўмаклашсангиз, таърифлаб бўлмас қувонч ўриб оласиз!»
СИЗ ҲАМ ҲИССА ҚЎША ОЛАСИЗМИ?
Кўп мамлакатларда Шоҳлик хабарини ваъз қилишга катта эҳтиёж бор. Сиз ҳам бундай ҳудудларда ёрдам бераётганлар қаторида бўла оласизми? Яҳовага ибодат қилиб, хизматни кенгайтириш қарорингизни мустаҳкамлашини сўранг. Бу борада оқсоқоллар, туман нозири ёки ёрдам керак бўлган жойда хизмат қилиш шарафига муяссар бўлганлар билан маслаҳатлашиб кўринг. Ишни режалаштиргач, сиз бормоқчи бўлган ҳудудга ғамхўрлик қилаётган филиалга хат ёзиб, кўпроқ маълумот олсангиз бўлади *. Балки сиз ҳам, хизмат қилишга хоҳиш билдириб, мўл ўриб олишдан қувонч ҳис қилган ёшу қари, бўйдоқ ёки турмуш қурган минглаб имондошларимиз сафига қўшиларсиз?
^ 17- х.б. 2011 йил август сонидаги «Илоҳий хизматимиз»нинг «“Македонияга” бориб ёрдам бера оласизми?» номли мақоласига қ.