Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Тайванда
ТАХМИНАН беш йил илгари Чунг Куюн ва Жули исмли 30 ёшлардаги бир жуфтлик Сиднейда (Австралия) доимий кашшоф бўлиб хизмат қиларди. Чунг Куюн шундай деб бўлишди: «Ярим кун ишлаб, яхши ҳаёт кечирардик. Биз яшаган жойда ҳаво ҳам маза ва ҳаёт осойишта эди. Оиламиз ва дўстларимиз билан бирга завқланиб яшардик». Лекин бу жуфтликнинг виждони қийнала бошлади. Қизиқ, нима учун? Гап шундаки, улар ўзларининг шароитларида Яҳовага кўпроқ хизмат қила олишларини билишарди, бироқ керакли ўзгаришлар киритишдан иккиланишарди.
2009 йили анжуманда улар қалбларига қаттиқ таъсир қилган нутқни эшитишди. Нотиқ сўзларини, асосан хизматини кенгайтиришга имкони бор инсонларга қарата айтган. У қуйидагича деган: «Мана бир мисол. Ҳайдовчи машинасини, ҳаракатда бўлганидагина, ўнгга ёки чапга бура олади. Шунга ўхшаб, агар биз бор кучимиз билан хизматимизни кенгайтиришга ҳаракат қилсаккина, Исо ҳам бизни йўналтириши мумкин» *. Бу жуфтлик ўзини, нотиқ худди уларга қараб гапираётгандек ҳис қилишган. Ўша анжуманда, Тайванда хизмат қилаётган тўла вақтли махсус ваъзгўй бир жуфтлик интервью берган. Улар хизматидаги қувончи ва ўша ҳудуд ҳали ҳам ёрдамга муҳтож эканлиги ҳақида айтиб беришган. Кейин, Чунг Куюн ва Жули бу сўзлар ҳам уларга қаратилганини ҳис қилишган.
Жули шуларни айтиб берди: «Бу анжумандан сўнг, Яҳовага ибодат қилиб, Тайванга кўчиш учун жасорат беришини сўрадик. Аммо биз қўрқаётган эдик. Бу худди, илк бор сузмоқчи бўлиб, чуқур ҳовузга сакрашдек эди». Воиз 11:4 даги сўзлар уларнинг «сакрашига» кўмаклашди. У ерда шундай ёзилган: «Шамолни кўриб қўрққан ҳеч қачон уруғ экмайди, ёмғирдан хавфсираб, булутни кузатган ҳеч қачон ҳосил ўрмайди». Чунг Куюн: «Биз кўриб, кузатишнинг ўрнига, уруғ экиш ва ҳосил ўриш қарорига келдик»,— деб айтди. Улар кўпдан-кўп ибодат қилишди. Бундан ташқари, тўла вақтли махсус ваъзгўйларнинг таржимаи холларини ўқишди, илгари Тайванга кўчиб, у ерда хизмат қилаётганлар билан электрон почта орқали хат ёзишишарди. Шунингдек, улар машина ва уй жиҳозларини сотиб, уч ойдан сўнг Тайванга кўчиб кетишди.
ВАЪЗГЎЙЛИКДАН ҚУВОНЧ ТОПИНГ
Ҳозирги кунда Тайванда ваъзгўйларга катта эҳтиёж бор. У ерда хизмат қилиш ниятида, чет элдан 100 дан зиёд биродару опа-сингилларимиз келган. Уларнинг ёши 21 дан 73 гача бўлиб, Австралия, Буюк Британия, Канада, Франция, Япония, Корея, Испания ва Қўшма Штатлардан келишган. Уларнинг орасида 50 дан ошиқ турмушга чиқмаган опа-сингилларимиз бор. Қизиқ, ушбу ғайратли имондошларимизга чет элда хизмат қилишларига нима ёрдам беряпти? Келинг, буни билиб олайлик.
Турмуш қурмаган Лаура исмли опамиз Тайваннинг ғарбида кашшофлик қилади. Аммо деярли ўн йил илгари, хизмат қилишга унча хоҳиши бўлмаган Лаура: «Мен хизмат қилишни ёқтирмас эдим»,— деди. Бир сафар, Канададаги дўстлари уни Мексикага бирга бориб, бир ойча ўша ерда хизмат қилишга таклиф этишган. У шундай деб давом этди: «Мен ўшанда умримда биринчи бор хизматда шу қадар кўп вақт ўтказдим. Қизиғи шундаки, бу менга роса ёқди!»
Лауранинг ҳаётидаги бу ажойиб имконият, уни Канададаги чет тилидаги жамоатга ўтишга ундади. У хитой тили курсларида ўқиб, хитой гуруҳи билан ҳамкорлик қилди ва Тайванга кўчиш мақсади пайидан бўлди. Бу мақсадига у 2008 йил сентябрь ойида эришди. Лаура қуйидагича деди: «Мен ўзимни янги шароитларда яхши ҳис қилишимга деярли бир йилча керак бўлди, аммо Канадага қайтиб боришни ҳозир тасаввур ҳам қила олмайман». У ваъзгўйлик фаолияти ҳақида қандай фикрда? Лаура: «Ҳозир мен ғоят хурсандман. Муқаддас Китобни ўрганаётган инсонлар Яҳовани таниб-билиб, ўз ҳаётларини ўзгартираётганини кўриш жуда мамнуният бахш этяпти. Тайванда хизмат қилиб, кўп маротаба чуқур қувончни татиб кўриш имконига эга бўлдим».
ТИЛНИ ЯХШИ БИЛМАСЛИК ТЎСИҒИНИ ЕНГИШ
Қўшма Штатларидан келган 30 ёшлардаги Брайан ва Мишель жуфтлиги Тайванга деярли саккиз йил олдин кўчишган. Уларга, хизмати аввалига маъносиз бўлиб туюлган. Лекин битта тажрибали тўла вақтли махсус ваъзгўй уларга шундай деган: «Ҳатто агар сизлар кимгадир фақатгина битта буклама берсангиз ҳам, ўша киши Яҳова ҳақида илк бор маълумотга эга бўлганини унутмаслигингиз керак. Шундай қилиб, сизлар хизматда муҳим ҳиссангизни қўшган бўласиз!» Бу далдали сўзлар, уларга тушкунликка тушмасликка жуда ёрдам берган. Бошқа бир акамиз улар билан қуйидагича бўлишган: «Кўнглингиз қолмаслиги учун, хитой тилини ўрганишда қандай самараларга эришганингизни, кундан кунга эмас, балки анжумандан анжумангача бўлган вақт оралиғидаги билимларингиздан аниқланг». Вақт ўтиб, бу жуфтлик муваффақиятга эришган ва ҳозирги кунда улар хизмат қилиб, яхши ҳосил ўриб олмоқда.
Чет тилини ўрганишингизга нима ёрдам бериши мумкин? Сиз хизмат қилмоқчи бўлган мамлакатга бориб кўринг. Йиғилишларга қатнаб, маҳаллий биродару опа-сингиллар билан суҳбатлашинг ва хизмат қилинг. Брайан шундай деди: «Шу қадар кўп инсонлар Шоҳлик хабарини катта қизиқиш билан қабул қилаётганини кўриш ва имондошларимизнинг самимий севгисини ҳис қилиш, чет элдаги хизматнинг қийинчиликларини енгишга чорлайди».
ИШ МАСАЛАСИДА НИМА ДЕСА БЎЛАДИ?
Тайванда хизмат қилиш учун кўчганларнинг айримлари бошқаларни инглиз тилига ўргатиб, кашшофлик хизматини давом эттириш учун ўзларини таъминлашади. Кристин ва Мишель эса денгиз маҳсулотларини сотишади. Кристин шундай деди: «Мен ҳеч қачон бундай қилмаган эдим, лекин ишим менга бу мамлакатда қолишимга ёрдам беряпти». Бугунги кунда, унинг бир нечта доимий харидорлари бор. Ярим кун ишлаб, у хотини билан бирга ўзларини моддий тарафдан қўллаб-қувватлаб, асосий фаолияти, яъни кашшофлик хизмати учун етарлича вақт ажрата олишади.
«САЁҲАТДАН ЗАВҚ ОЛИНГ»
Эру хотин Уильям ва Женнифер тахминан етти йил олдин Қўшма Штатларидан Тайванга кўчиб келишган. Уильям қуйидагича бўлишди: «Тил ўрганиш, кашшоф бўлиш, жамоатга ғамхўрлик қилиш ва оила учун етарлича пул топиш баъзида чарчатади». Хўш, улар қандай қилиб буларнинг уддасидан чиқиб, бахтли қолишмоқда? Улар эришиб бўладиган мақсадлар сари интилишга ҳаракат қилишади. Мисол учун, хитой тилини ўрганаётиб, ўзларидан ниҳоятда кўп нарсани кутишмайди ва тилни секинроқ тезликда ўрганаётганини ҳис қилишса, бу туфайли ҳаддан ортиқ сиқилмайди.
Уильям, кўчма нозир унга: «Нафақат топшириқдан, балки саёҳатдан завқ олинг»,— деганини эслайди. Бошқача қилиб айтганда, маънавий мақсад қўйгач, унга эришиш учун қўяётган қадамларимиздан қувонч топишимиз керак. Уильям бу маслаҳатга амал қилиш орқали, хотини билан бирга мослашувчан, маҳаллий масъулиятли биродарлардан маслаҳат олишга ва янги ҳудуддаги хизматида уддабуро бўлишга ўрганишди. Уильям давом этиб: «Бу шунингдек, оролдаги хизматимизни бажараётиб, унинг табиати нақадар гўзал эканини ҳам кузатишга вақт ажратишимизга кўмаклашди»,— деб айтди.
Бу жуфтлик каби, Қўшма Штатларидан кўчиб ўтган турмуш қурмаган Меган ҳам кашшофлик қилади. У, хитой тилида бемалол гапириш мақсадига интилиш билан бир вақтда «саёҳатидан завқ олмоқда». Дам олиш кунлари, ваъзгўйлар гуруҳи билан бирга жозибали ҳудудга, яъни Тайвандаги энг йирик Гаосюн портига бориб хизмат қилишади. Меган кемадан-кемага бориб, Бангладеш, Ҳиндистон, Индонезия, Филиппин, Таиланд ҳамда Вануатудан келган балиқчиларга ваъз қилади. «Балиқчилар у ерда фақатгина қисқа вақт мобайнида бўлишгани учун, Муқаддас Китоб тадқиқини улар билан ўша ерда ва ўша заҳоти бошлаймиз. Уларнинг барига хушхабарни етказиш ниятида, одатда бир вақтнинг ўзида тўрт ёки беш киши билан тадқиқ ўтказаман»,— деб бўлишди Меган. Хўш, хитой тилини ўрганишига бу қандай ёрдам беряпти? У қуйидагиларни айтди: «Албатта, тилни тезроқ ўрганишни истайман, бироқ бир акамиз шундай деганини ёдда тутаман: “Қўлингиздан келганини қилинг, Яҳова эса хизматингизни бажаришга кўмаклашади”».
ХАВФСИЗ, СОДДА ВА ЗАВҚЛИ
Буюк Британиялик Кэти исмли опамиз чет элга кўчишдан аввал, турмушга чиқмаганлар учун хориждаги қайси жой хавфсизроқ экани борасида изланиш олиб борган. У барча ташвишларини Яҳовага ибодатда тўкиб-солган ва турмуш қурмаган опа-сингиллар дуч келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни суриштириб, бир нечта филиалга хатлар юборган. Кейин эса, хатларига олган жавобларни диққат ила кўриб чиққач, Тайвань унга кўпроқ мос келишини аниқлаган.
2004 йили Кэти 31 ёшида Тайванга кўчиб, имкон борича содда ҳаёт кечира бошлаган. У қуйидагича бўлишди: «Имондошларимиздан, меваю сабзавотларни қаердан арзонроқ сотиб олишим мумкинлигини сўрардим. Уларнинг доно маслаҳатлари, пулимни тежашга ёрдам берарди». Оддий ҳаёт тарзини кечиришга унга нима кўмаклашган? Кэти шундай деди: «Мен тез-тез Яҳовага ибодат қилиб, содда овқат ва кийим-кечак билан қаноат қилишни сўрардим. Ибодатларим бажо бўлаётганини, Яҳова мен аслида нимага муҳтож эканимга ўргатиб, истакларим пайида бўлмасликка ёрдам бераётганидан ҳис қилардим. Содда ҳаёт тарзим менга жуда ёқади, сабаби бу, маънавий нарсаларга кўпроқ эътибор қаратишимга кўмаклашади».
Шуни айтиш жоизки, Кэти шунчаки содда эмас, балки завқ келтирадиган ҳаёт кечирмоқда. У бунинг сабабини тушунтириб деди: «Мен, кўпгина одамлар хушхабарга чанқоқ бўлган ҳудудда ваъз қиляпман. Бу чиндан ҳам қувончли!» Кэти Тайванга келиб, кашшофликни бошлаган шаҳарда хитой тилидаги иккита жамоат бор эди, ҳозир эса еттита жамоат мавжуд. У: «Ўз кўзим билан шу қадар ўсишни кўриш ва ўрим-йиғим ишида қатнашиш, ҳаётимни ҳаяжонга тўлдиряпти»,— деди.
«УЛАРГА КЕРАК ЭКАНМАН!»
Юқорида айтиб ўтилган Чунг Куюн ва Жули ҳозир топшириғини қандай бажаришяпти экан? Аввалига Чунг Куюн ўзини, хитой тилини унча билмаслиги туфайли жамоатда камроқ фойда келтираётгандек ҳис қилган. Аммо маҳаллий биродарлар бошқача ўйлашган. У шундай деди: «Жамоатимиз икки кисмга бўлинганда, жамоат хизматкори сифатида менга яна қўшимча вазифалар ҳам топширилган. Ўшанда мен, ҳақиқатан ҳам эҳтиёж катта жойда хизмат қилаётганимга амин бўлдим. Бу роса ёқимли эди!» Сўнг жилмайиб: «Уларга керак эканман!» — деб қўйди. Бугунги кунда у оқсоқол бўлиб хизмат қиляпти. Жули эса қуйидагиларни айтди: «Ҳозир ўзимизни, аввалгидан анча муваффақиятли, қониқарли ва бахтлироқ ҳис қиляпмиз. Бу ерга ёрдам бериш учун келгандик, лекин ушбу ҳаяжонли тажриба орқали биз ўзимиз ёрдам олганимизни ҳис қилдик. Шу жойда хизмат қилишимизга йўл қўяётган Яҳовага мингдан-минг шукроналар айтамиз!»
Кўпгина мамлакатларда, рамзий ўрим-йиғимда ҳали ҳам анчагина ишчиларга эҳтиёж бор. Ўқишингизни битириб, ҳаётингизни нимага бағишлашни билмаяпсизми? Турмуш қурмаган бўлиб, Яҳованинг ташкилотида кўпроқ фойда келтирмоқчимисиз? Оилангиз Яҳовага хизмат қилишдан анчагина яхши хотираларга эга бўлишини хоҳлайсизми? Нафақага чиқиб, қимматли тажрибангизни ўзгалар билан бўлишмоқчимисиз? Агар, Шоҳлик ваъзгўйларига катта эҳтиёж бор ҳудудда хизматингизни кенгайтиришга қарор қилсангиз, сизни мўл-кўл баракалар кутаётгани шубҳасиз!
^ 3- х.б. «Худонинг Шоҳлиги тўғрисида кенг шоҳидлик берайлик» китобининг 16- боб, 5-, 6- хатбошиларига қ.