Ўқувчиларнинг саволлари
Ҳизқиё китобида тилга олинган «Магўг юртидаги... Гўг» ким?
Бир неча йиллар давомида, адабиётларимизда «Магўг юртидаги... Гўг» (Яъжуж-Маъжуж), самодан отилганидан кейин Шайтон Иблисга берилган ном деб тушунтириб келинган. Бу, Ваҳий китобида Шайтон Иблис бутун дунё бўйлаб Худонинг халқига қарши чиқадиганларнинг етакчиси сифатида тасвирланганига асосланганди (Ваҳ. 12:1–17). Шунга кўра, Гўг ёки Яъжуж, бу Шайтоннинг бошқа бир башоратли номи деган фикр келиб чиққан эди.
Бироқ бундай тушунтириш айрим муҳим саволларга сабаб бўлди. Нима учун? Қуйидагиларга назар солайлик: Гўг мағлуб бўладиган вақтга ишора қилиб, Яҳова у ҳақида шундай деган: «Турли йиртқич қушларга ва ёввойи ҳайвонларга ўлжа бўлади» (Ҳиз. 39:4). Кейин Яҳова қўшимча қилиб: «Бу ҳодисалар рўй берган куни Гўг ва унинг тўдаси учун Мен бир қабристон ҳозирлайман»,— деган (Ҳиз. 39:11). Аммо қандай қилиб руҳий мавжудот «турли йиртқич қушларга ва ёввойи ҳайвонларга ўлжа» бўлиши мумкин? Қай йўсин Шайтонга ер юзида «қабристон» ҳозирланишининг иложи бор? Муқаддас Китобда, Шайтон 1 000 йилга тубсизликка қамалиши тўғрисида аниқ айтилган. У на ўлжа бўлади, на қабристонга кўмилади (Ваҳ. 20:1, 2).
Биламизки, 1 000 йилнинг охирида Шайтон тубсизликдан озод этилади ва «ернинг тўртта бурчагидаги халқларни — Яъжуж билан Маъжужни йўлдан оздириб, уларни жангга йиғиш учун чиқади» (Ваҳ. 20:8). Агар Шайтоннинг ўзи Гўг бўлса, демак у ўзини-ўзи йўлдан оздириши керак бўляпти. Шу боис, Ҳизқиё башоратидаги «Гўг» ҳам, Ваҳий китобидаги «Яъжуж» ҳам Шайтонни ифодаламайди.
Унда, «Магўг юртидаги... Гўг» ким? Бу саволга жавоб топиш учун, Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, Аллоҳнинг халқига ким ҳужум қилишини аниқлаб олишимиз лозим. Муқаддас Ёзувларда нафақат «Магўг юртидаги... Гўг» ҳужуми, балки «Сурия шоҳи [«шимол шоҳи», ЯДТ]» ҳужуми ва «ер юзи подшоҳлари» ҳужуми тўғрисида ҳам айтилган (Ҳиз. 38:2, 10–13; Дон. 11:40, 44, 45; Ваҳ. 17:14; 19:19). Буларнинг бари алоҳида ҳужумларни тасвирлайдими? Бундай бўлиши эҳтимолдан йироқ. Шубҳасизки, Муқаддас Китобда турли номлар остида ўша-ўша ҳужум назарда тутиляпти. Нега бундай хулоса қилишимиз мумкин? Чунки Аллоҳнинг Каломида айтилганига кўра, ер юзидаги барча халқлар, Армагеддон жангига олиб келадиган ўша сўнгги ҳужумда иштирок этишади (Ваҳ. 16:14, 16).
Худонинг халқига қилинадиган сўнгги ҳужум борасида юқорида келтирилган барча оятларни солиштиргач, «Магўг юртидаги... Гўг» Шайтонни эмас, халқлар иттифоқини назарда тутаётгани кўриняпти. Ушбу иттифоқни мажозий маънодаги «шимол шоҳи» бошқарадими? Буни аниқ таъкидлай олмаймиз. Аммо бундай фикр Яҳова Гўг ҳақида айтган қуйидаги сўзларига мувофиқ келаётганга ўхшайди: «Шимолдаги олис юртингдан кўп халқларни эргаштириб келасан. Ҳа, бу чексиз отлиқ лашкарни, бир тўда буюк қўшинни тортиб келасан» (Ҳиз. 38:6, 15).
Шунингдек, Ҳизқиёнинг замондоши бўлган Дониёр пайғамбар ҳам шимол шоҳи ҳақида мана буларни ёзган: «Шарқ ва шимолдан келган нохуш хабарлар Сурия шоҳини [«шимол шоҳини», ЯДТ] ваҳимага солади. Бу хабарлардан дарғазаб бўлган шоҳ йўлга отланиб, кўп одамларни қириб ташлайди. Сўнг денгиз ва гўзал муқаддас тоғ орасидаги ерларга бориб, у ерда шоҳона чодирларини тикади. Аммо ўша жойда жон беради, унга ёрдам берадиган ҳеч ким бўлмайди» (Дон. 11:44, 45). Бу, Гўг нималар қилиши борасида Ҳизқиё китобида айтилганларга уйғун бўляпти (Ҳиз. 38:8–12, 16).
Ушбу сўнгги ҳужумдан кейин нималар юз беради? Дониёр пайғамбар шундай деган: «Ўша пайтда халқингни [1914 йилдан бошлаб] ҳимоя қилувчи буюк Микойил фаришта [Исо Масиҳ] [Армагеддонда] ҳозир бўлади. Шунда инсонлар бирлашиб халқ бўлгандан бери мисли кўрилмаган даҳшатли азоб-уқубатлар даври [буюк қайғу] бошланади. Аммо ўша дамларда сенинг халқинг орасидан Худонинг китобига исми ёзилган ҳар бир одам нажот топади» (Дон. 12:1). Ваҳий 19:11–21 да ҳам, Худонинг вакили бўлмиш Исо худди шундай ишлар қилиши ҳақида ёзилган.
Қизиқ, унда Ваҳий 20:8 да тилга олинган «Яъжуж билан Маъжуж» ким? 1 000 йиллик бошқарувнинг сўнгидаги охирги синов пайтида Яҳовага қарши исён кўтарадиганлар, Армагеддондан сал олдин Аллоҳнинг халқига ҳужум қиладиган «Магўг юртидаги... Гўг», яъни халқлар иттифоқи сингари шафқатсиз нуқтаи назарни намоён этишади. Иккала гуруҳнинг якуни ҳам ўша-ўша — абадий йўқ қилиниш бўлади! (Ваҳ. 19:20, 21; 20:9). Шундай экан, Минг йиллик бошқарувнинг сўнгида исён кўтарадиганларнинг барини «Яъжуж билан Маъжуж» деб аташ ўринли.
Аллоҳ Каломининг синчков тадқиқотчилари сифатида, яқин келажакда ким «шимол шоҳи» бўлиб чиқишини кўришни катта иштиёқ билан кутяпмиз. Халқлар иттифоқига ким бошчилик қилишидан қатъи назар, иккита нарсада тўла аминмиз: 1) «Магўг юртидаги... Гўг» ва унинг лашкари мағлуб бўлиб, йўқ қилинади; 2) Шоҳимиз Исо Масиҳ Худонинг хизматчиларини қутқариб, уларни тинчлик ва чин хавфсизлик ҳукм сурадиган янги дунёга етаклайди (Ваҳ. 7:14–17).