Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яқинимизни ўзимизни севгандай севайлик!

Яқинимизни ўзимизни севгандай севайлик!

Яқинингни ўзингни севгандай сев. МАТ. 22:39

ҚЎШИҚЛАР: 25, 36

1, 2. Севгининг муҳимлиги Муқаддас Китобда қандай таъкидланган?

СЕВГИ — Худованд Яҳованинг энг олий фазилатидир (1 Юҳан. 4:16). Аллоҳнинг илк ижоди Исо, кўпгина асрлар мобайнида осмонда У билан бирга бўлиб, У қанчалар меҳр-муҳаббатга тўла Тангри эканини билиб олган (Колос. 1:15). У яратилганидан буён, жумладан ер юзида яшаганида ҳам Яҳова севги Худоси эканини бутунлайин тушунганини кўрсатиб, бу фазилатни намоён этган. Шундай экан, Яҳова ҳамда Исонинг бошқаруви илалабад севги ила амалга оширилишида амин бўлишимиз мумкин.

2 Тавротнинг қайси амри энг муҳим эканини сўрашганда, Исо қуйидагича айтган: «“Тангринг Яҳовани бутун қалбинг, бутун жонинг ва бутун онгинг билан сев”. Бу биринчи ва энг муҳим амрдир. Иккинчиси эса унга ўхшаш: “Яқинингни ўзингни севгандай сев”» (Мат. 22:37–39).

3. Яқинимиз ким?

3 Эътибор берган бўлсангиз, Исо Яҳовани севиш керак дегач, яқинига бўлган севги ҳақида айтиб ўтган. Бу, барча муносабатларимизда севгини намоён этиш ўта муҳим эканини кўрсатмоқда. Қизиқ, Исо: «Яқининг»,— деганда, кимни назарда тутган? Агар турмуш қурган бўлсак, энг яқин кишимиз — умр йўлдошимиздир. Қолаверса, имонлилар жамоатининг аъзолари, яъни ҳақ Тангрига биз билан топинаётганлар ҳам яқинларимиз қаторига киради. Хизматда учраётган инсонлар ҳам, бизнинг яқинларимиздир. Хўш, Яҳовага топинаётган ва Ўғлининг таълимотларига амал қилаётган киши яқинларига севгини қай йўсин намоён этиши мумкин?

УМР ЙЎЛДОШИНГИЗГА СЕВГИНГИЗНИ КЎРСАТИНГ

4. Номукаммал бўлсак-да, нега никоҳимиз муваффақиятли бўла олади?

4 Яҳова, Одамато билан Момоҳавони яратган ва уларни бирлаштириб, илк никоҳни ташкил қилган. Худонинг ниятига кўра, улар бахтли ва мустаҳкам оила қуришлари ва ер юзини авлодлари билан тўлдиришлари лозим эди (Ибт. 1:27, 28). Аммо Яҳованинг ҳукмдорлигига қарши кўтарилган исён дастидан, илк никоҳ зиён кўрган ва бутун инсоният гуноҳ ҳамда ўлимга мубтало бўлган (Рим. 5:12). Шундай бўлса-да, Муқаддас Ёзувлардан никоҳ қандай қилиб муваффақиятли бўла олишини билиб оляпмиз. У ерда, бу масалада энг аъло маслаҳатлар мавжуд, зеро уларнинг манбаи никоҳнинг асосчиси Яҳовадир! (2 Тимўтийга 3:16, 17 ни ўқинг).

5. Севги никоҳда қанчалик муҳим?

5 Худонинг Каломига биноан севги, кимсанинг кимсага қалбдан берилиш ҳисси ёки кучли меҳр-муҳаббат туйғуси бўлиб, инсонлар ўзаро муносабатлардан бахт ҳис қилишлари учун ўта муҳимдир. Албатта бу, никоҳга ҳам тегишли. Ҳаворий Павлус бу фазилат тўғрисида қуйидагича ёзган: «Севги узоқ сабрли ва меҳрибондир. Севги рашк қилмайди, мақтанмайди, кеккаймайди, одобсизлик қилмайди, ўз манфаатини кўзламайди, аччиқланмайди, хафагарчиликларни ҳисоблаб юрмайди, адолатсизликка севинмайди, балки ҳақиқат ила қувонади. Севги ҳар нарсани кўтаради, ҳамма нарсага ишонади, ҳар нарсага умид қилади, ҳамма нарсага чидайди. Севги ҳеч қачон тугамайди» (1 Кор. 13:4–8). Илоҳий илҳом остида қаламга олинган ушбу сўзлар устида мулоҳаза юритиб, амалда қўллаш никоҳни бахтли қилиши шубҳасиз.

Худонинг Каломида бахтли никоҳга қандай эришиш мумкинлиги айтилган (6-, 7- хатбошиларига қ.)

6, 7. а) Бошчилик тўғрисида Муқаддас Китобда нима дейилган? б) Масиҳий эр хотинига қандай муносабатда бўлиши керак?

6 Аллоҳ бошчилик қоидасини ўрнатган экан, севги ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Павлус шундай деб тушунтирган: «Шуни билишингизни хоҳлардимки, ҳар бир эркакнинг боши Масиҳ, аёлнинг боши эркак, Масиҳнинг боши эса Худодир» (1 Кор. 11:3). Лекин бундай бошчилик, золимларча йўл тутиш кераклигини англатмайди. Масалан, Яҳова Масиҳ устидан меҳрибонлигу фидокорлик ила бошчилик қиляпти ва у ҳам худди шундай йўл тутмоқда. У Худонинг севги ила қилаётган бошчилигини қадрлаб: «Мен Отамни севаман»,— дея таъкидлаган (Юҳан. 14:31). Яҳова Исога нисбатан қўпол ёки шафқатсиз муносабатда бўлганида, у бундай сўзларни айтмас эди, шундай эмасми?!

7 Гарчи, эр хотиннинг боши бўлса-да, Муқаддас Китобга кўра, у жуфти ҳалолини эъзозлаши даркор (1 Бутр. 3:7). Бунинг бир йўли, хотинининг эҳтиёжларию истакларини инобатга олиш. Дарҳақиқат, Худонинг Каломида шундай ёзилган: «Эрлар, хотинларингизни доимо севинглар. Зеро Масиҳ ҳам жамоатни севиб, у учун ўзини бағишлади» (Эфес. 5:25). Ҳа, Исо ўз издошлари учун ҳатто ҳаётини ҳам аямаган. Эр, Исонинг меҳр ила бошчилик қилганига эргашса, хотини учун уни севиш, ҳурмат қилиш ва жон деб бўйсуниш анча осонроқ бўлади (Титусга 2:3–5 ни ўқинг).

ИМОНДОШЛАРИНГИЗНИ СЕВИНГ

8. Яҳованинг хизматчиси имондошларига қандай нуқтаи назарда бўлиши даркор?

8 Ер юзи бўйлаб миллионлаб кишилар Яҳовага топиниб, Унинг исмию нияти ҳақида шоҳидлик беришяпти. Хўш, Яҳованинг ҳар бир хизматчиси имондошларига қандай нуқтаи назарда бўлиши даркор? Худонинг Каломида: «Ҳаммага, айниқса имондошларимизга яхшилик қилайлик»,— дейилган (Галат. 6:10; Римликларга 12:10 ни ўқинг). Ҳаворий Бутрус ҳам шундай деб ёзган: «Энди эса сизлар ҳақиқатга итоаткорлик орқали жонларингизни пок қилиб, самимий биродарлик севгисига эга бўлдингизлар. Шундай экан, бир-бирингизни чин юракдан, ихлос билан севинглар». Қолаверса, у имондошларига: «Энг аввало эса, бир-бирингизни самимият билан севинглар»,— деган (1 Бутр. 1:22; 4:8).

9, 10. Нега Худонинг халқи орасида бирлик мавжуд?

9 Яҳованинг хизматчилари сифатида бир-биримизни ихлос билан севганимиз учун, умумжаҳон ташкилотимиз ноёбдир. Бунинг устига, биз Яҳовани яхши кўриб, қонунларига бўйсунганимиз боис, У коинотдаги энг олий қудрат, яъни муқаддас руҳи ила бизни қўллаб-қувватламоқда. Бу туфайли, чинакам халқаро биродарлик орасида ҳукм сураётган ажойиб бирликдан завқланяпмиз (1 Юҳанно 4:20, 21 ни ўқинг).

10 Павлус масиҳийлар аро севги бўлиши кераклигини таъкидлаб, шундай деган: «Сизлар меҳр-шафқат, меҳрибонлик, ўй-фикрда камтаринлик, мулойимлик ва узоқ сабрлилик каби ёқимли фазилатларга бурканинглар. Бир-бирингизга чидамли бўлинглар ва ҳатто кимнингдир бошқадан арз қилишга сабаби бўлса, уни чин дилдан кечирсин. Яҳова сизларни чин дилдан кечирганидек, сизлар ҳам шундай йўл тутинглар. Буларнинг устига, инсонларни етук даражада бирлаштирадиган севги фазилатига бурканинглар» (Колос. 3:12–14). Келиб чиқишимиз ёки миллатимизга қарамай, «етук даражада бирлаштирадиган севги» орамизда ҳукм сураётганидан нақадар миннатдормиз!

11. Қандай қилиб севги ва якдиллик Яҳованинг ташкилотини ажратиб туради?

11 Самимий севги ва якдиллик Яҳованинг хизматчиларини ажратадиган белги бўлиб, улар ҳақ динда эканини кўрсатади. Зеро, Исо шундай деган: «Агар орангизда меҳр-муҳаббат бўлса, сизлар менинг шогирдларим эканингизни барча билиб олади» (Юҳан. 13:34, 35). Ҳаворий Юҳанно қуйидагича ёзган: «Худонинг ва Иблиснинг болаларини шундан билса бўлади: тўғри иш қилмайдиган ва биродарини севмайдиган, Аллоҳдан эмас. Бошидан сиз эшитган хабар қуйидагичадир: бир-биримизни севишимиз даркор» (1 Юҳан. 3:10, 11). Севгининг натижаси — ўзгача бирлик, Яҳованинг Шоҳидларини Масиҳнинг ҳақиқий издошлари сифатида ажратиб туради ва бутун ер юзида Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ваъз қилиниши ниятида Худо улардан фойдаланяпти (Мат. 24:14).

УЛКАН ОЛОМОННИНГ ЙИҒИЛИШИ

12, 13. Ҳозир «улкан оломон» нима билан банд ва яқинда нималарнинг гувоҳи бўлади?

12 Яҳова халқининг аксарият қисми «ҳар бир миллатдан, қабиладан, халқдан ва тилдан бўлган,.. улкан оломондан» иборат. Улар «[Худонинг] тахти ва Қўзининг [Исо Масиҳнинг] қаршисида туришибди». Қизиқ, улар кимлар? «Бу кишилар буюк қайғудан чиқиб келаётганлардир. Улар кийимларини Қўзининг қонида ювиб, оқартирган», яъни Исонинг тўлов қурбонлигига ишонган кишилардир. Кўпайиб бораётган «улкан оломон» аъзолари Яҳова ҳамда Унинг Ўғлини яхши кўриб, «туну кун [Худога] муқаддас хизматни бажо келтиришяпти» (Ваҳ. 7:9, 14, 15).

13 Яқинда, Аллоҳ бу ёвуз дунёни «буюк қайғуда» яксон қилади (Мат. 24:21; Еремиё 25:32, 33 ни ўқинг). Бироқ Ўз хизматчиларини севгани учун, Яҳова уларни гуруҳ сифатида ҳимоялаб, янги дунёга етаклаб боради. Қарийб 2 000 йил аввал: «Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди»,— деб башорат қилинган. Сиз-чи, «аввалгилар ўтиб кетганда», жаннатда яшашни муштоқ бўлиб кутяпсизми? (Ваҳ. 21:4).

14. Улкан оломон қанчалик ўсди?

14 Охирзамон 1914 йили бошланганида, бутун дунёда атиги бир неча минг ваъзгўй бор эди. Яқинларига бўлган севги ва Тангри руҳининг мадади билан, мойланганларнинг ер юзида қолган оз қисми Шоҳлик фаолиятини жон куйдириб давом эттирган. Натижада, ер юзида яшашга умидвор улкан оломон йиғиляпти. Сафимиз тобора кенгайиб, тахминан 8 000 000 Яҳованинг Шоҳиди дунё бўйлаб 115 400 дан зиёд жамоатларда йиғилишади. Ушбу сон ўсишдан тўхтамаяпти! Масалан, 2014 хизмат йили давомида 275 500 дан ошиқ ваъзгўй сувга чўмди. Бу, ҳар ҳафта ўртача ҳисобда тахминан 5 300 та киши дегани.

15. Ваъзгўйлик фаолиятининг бугунги кўламини тасвирлаб беринг.

15 Ваъзгўйлик фаолиятининг кўлами ҳайратга солмоқда. Муқаддас Китобга асосланган адабиётларимиз 700 дан ортиқ тилларда чоп этиляпти. «Қўриқчи минораси» дунёда энг кўп тарқатиладиган журнал бўлиб, ҳар ой 52 000 000 дан зиёд нусхада 247 тилда нашр этилади. Тадқиқ қилишга мўлжалланган «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобининг 200 000 000 дан кўпроқ нусхаси 250 дан ошиқ тилда чоп этилди.

16. Яҳова ташкилотининг ер юзидаги қисми нега маънан гуллаб-яшнаяпти?

16 Бугунги ажойиб ўсиш, Аллоҳга ва Унинг илоҳий илҳоми остида ёзилган Каломи Муқаддас Китобга тўла ишонаётганимизнинг далилидир (1 Салон. 2:13). Яҳованинг халқи, «ушбу замонанинг худоси» бўлмиш Шайтоннинг нафрати ҳамда қаршиликларига қарамай, маънан гуллаб-яшнаётгани айниқса диққатга сазовор (2 Кор. 4:4).

ҲАММАГА СЕВГИНИ НАМОЁН ЭТИНГ

17, 18. Яҳованинг хизматчиси Унга топинмайдиган инсонларга нисбатан қандай муносабатда бўлиши керак?

17 Яҳова, Унга топинмайдиган инсонларга нисбатан қандай муносабатда бўлишимизни хоҳлайди? Ваъзгўйлик хизматида турли муносабат кўрсатадиган одамларни учратамиз, баъзилар тинглайди, бошқалар эса йўқ. Аммо нима бўлишидан қатъи назар, Худонинг Каломига биноан, Унинг хизматчилари илоҳий меъёрларга амал қилишлари лозим. У ерда шундай дейилган: «Сўзларингиз доимо ёқимли ва мазали бўлсин. Ўшанда ҳар бир кишига қандай жавоб бериш кераклигини биласизлар» (Колос. 4:6). Умидимиз ҳақида сўраган ҳар бир кишига жавоб бераётганимизда, буни «мулойимлик ва камоли эҳтиром билан қиламиз», сабаби бунга бизни яқинимизга бўлган севги ундайди (1 Бутр. 3:15).

18 Ҳатто ғазабга минган уй эгаси бизни сўкиб, хушхабарни рад этса-да, яқинимизга севгини кўрсатиб, Исога тақлид қиламиз. Зеро у, «ҳақоратга ҳақорат билан жавоб қайтармаган. Азоб чекканда ҳеч кимга дўқ-пўписа қилмаган, аксинча, ўзини одил Ҳакамнинг [Яҳованинг] қўлига топширган» (1 Бутр. 2:23). Хоҳ имондошимизга, хоҳ бошқаларга камтаринликни намоён этиб, қуйидаги маслаҳатга риоя қиламиз: «Ёмонликка ёмонлик, ҳақоратга ҳақорат билан жавоб қайтармай, аксинча дуо қилинглар» (1 Бутр. 3:8, 9).

19. Душманларимизга қандай муносабатда бўлишимиз кераклиги ҳақида Исо нима деган?

19 Камтарона нуқтаи назарни намоён этиб, Яҳованинг хизматчилари Исо берган муҳим амрга бўйсунишади. Тоғдаги ваъзида у қуйидагича деган: «Сизлар: “Яқинингни сев, душманингдан нафратлан”,— деб айтилганини эшитгансизлар. Бироқ мен сизларга шундай дейман: душманларингизни севинглар ҳамда сизларни таъқиб қилаётганлар учун ибодат қилинглар. Шунда осмондаги Отангизнинг ўғиллари бўласизлар. Чунки У Ўз қуёшини ёвузлар устидан ҳам, яхшилар устидан ҳам балқитади, ёмғирини одиллар устига ҳам, адолатсизлар устига ҳам ёғдиради» (Мат. 5:43–45). Ҳа, душманларимиз бизга нисбатан қандай нуқтаи назарда бўлишмасин, Аллоҳнинг хизматчилари сифатида уларни севишга ўрганишимиз лозим.

20. Нега янги дунёда Аллоҳ ва яқинларимизга бўлган севги ҳукм суради? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

20 Ҳаётнинг ҳамма соҳаларида ҳам фикрлаш тарзимизда, ҳам ишларимизда Яҳовани ва яқинимизни севишимизни кўрсатишимиз керак. Мисол учун, мабодо кимдир хушхабарга қизиқиш кўрсатмаса ҳам, у нимагадир муҳтож бўлганда, ёрдамимизни аямаймиз. Павлус шундай деб ёзган: «Ўзаро меҳр-муҳаббатдан бошқа, ҳеч кимга ҳеч нарса қарздор бўлманглар. Ахир ўз яқинини севган киши Таврот қонунини ижро этган бўлади. Зеро Таврот қонунидаги: “Зино қилма, қотиллик қилма, ўғрилик қилма, бировнинг нарсасига кўз олайтирма”, деганлари ушбу амрда мужассамдир: “Яқинингни ўзинг каби сев”. Севги, ўз яқинига зиён етказмайди; демак, севги қонуннинг бажарилишидир» (Рим. 13:8–10). Яҳованинг Шоҳидлари эканмиз, Шайтоннинг бошқаруви остидаги бўлинган, разил ва шафқатсиз дунёда чин севгини намоён этмоқдамиз (1 Юҳан. 5:19). Шак-шубҳасизки, Шайтон, жинлар ва исёнкор кимсалар бартараф этилганда, янги дунёда бутун ер юзидаги ҳар бир иш севги ила қилинади. Дунёнинг барча аҳолиси Аллоҳни ҳамда яқинларини севса, нақадар улкан барака бўлади!