Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Пулни сарфлаш

Пулни сарфлаш

Оилавий бахтнинг сирлари

Пулни сарфлаш

Эр: «Хотиним умуман пулни сарфлашни билмайди. Ҳамиша бўлар-бўлмас нарса сотиб олади-я. Керак бўлганда эса пулимиз доим тугаб қолади. Пул топишнинг ўзи бир муаммо бўлса. Э, айтовдим-а: “Пулингни аёл кишига топширсанг қашшоқ қоласан”».

Хотин: «Эҳтимол пул тежашни билмасман, аммо нарх-наво қанчалик кўтарилганини эрим ҳатто тасаввур ҳам қилолмайди. Тўғри, пулни олиб келиб беради, лекин бозор-ўчар мен ҳам қиламан-ку. Шундай экан, уйга керакли нарсаларни барибир сотиб оламан. Билганини қилсин».

ПУЛ. Афсуски айнан бу мавзу ҳақда кўп оилаларда тортишув ва жанжал бўлиб туради.

Агар эру хотиннинг пулга нисбатан муносабати нотўғри бўлса, улар кўпинча тушкунликка тушиб, хавотирда юриб, ҳатто маънавий томонлама ўзларига зиён етказишади (1 Тимўтийга 6:9, 10). Агар ота-она пулни сарфлашни билишмаса, демак улар кўпроқ вақтини ишга бағишлаб, на ўзларининг, на болаларининг ҳиссий ва маънавий эҳтиёжларига эътибор қарата олади. Қолаверса бундай оилада катта бўлган фарзандлар ҳам, одатда пулни тўғри тақсимлай олишмайди.

Тавротда: «Пул... вақтинчалик ором беради»,— деб айтилади (Воиз 7:12). Бироқ бу гаплар рост бўлиши учун ҳам эр, ҳам хотин пул ҳақида мавзуни тинчликда муҳокама қилиб, мол-мулкидан оқилона фойдаланишни ўрганиб олишлари лозим *. Шундагина улар жанжалдан қочиб, ўзаро муносабатларини мустаҳкамлай олишади.

Унда нега оилада айнан пул дастидан шунча муаммолар туғилади? Қандай қилиб пул мавзусини можаросиз муҳокама қилиб, якдил бўлиш мумкин?

Муаммолар негизи

Тушунмовчиликлар кўпинча пул етмаслигидан ёки умуман бўлмаслигидан эмас, балки ишончсизликдан пайдо бўлади. Масалан, эр хотинидан сарфлаган ҳар бир тийин учун ҳисобот беришини сўраб, хотини пулни тўғри тақсимлай олмайди, деб ўйлаётганини кўрсатади. Ўз навбатида хотин ҳам, эри кам пул топаётганига шама қилиб, қийинчиликлар туғилса эрининг қўлидан ҳеч вақо келмайди, деб фикрлаётганини билдиради.

Яна бир муаммо — эру хотин турли тарбия олганидадир. Мэтью * исмли киши бу ҳақида шундай деб айтди: «Хотиним, шароити яхши бўлган оилада катта бўлган. Менинг қисматимга тушган нарсани у ҳатто тасаввур ҳам қила олмайди. Чунки отам деярли ҳеч бир жойда ишламай, нуқул ичиб, чекиб юрарди. Болалигим шундай ўтган экан, қарздор бўлишни жиним суймайди. Эҳтимол бу сабаб хотиним билан пул ҳақида гаплашсам, қизишиб кетаман». Қандай бўлмасин, эр-хотин пул масаласида муаммога эмас, муваффақиятга эришиши мумкин.

Муваффақият учун тўртта маслаҳат

Муқаддас Китоб молия қўлланмаси бўлмаса ҳам, унда пулга дахлдор оқилона маслаҳатлар берилган. Келинг, бу маслаҳатлардан баъзиларини кўриб чиқамиз-да, уларни амалда қўллашга уриниб кўрамиз.

1. Пул борасида гаплашаётиб, тинчликни сақланг. Тавротда: «Насиҳатга қулоқ солган одамда эса донолик бор»,— дейилган (Ҳикматлар 13:10). Эҳтимол олган тарбиянгиз сабаб, бошқалардан, шу жумладан жуфтингиздан, пулни сарфлашга нисбатан насиҳатларига муҳтож эмасман деб ўйларсиз. Майли шундай ҳам бўлсин, аммо насиҳатларга қулоқ солганлардагина донолик бор. Демак, пул тўғрисида тинчгина гаплашишни ўрганиб олишингиз зарур. Буни масалан, ота-онангиз пулни қандай сарфлашганини айтиб беришдан бошласангиз бўлади. Шунингдек, жуфтингизнинг ёшлигидаги шароити, унга қандай таъсир қилганини тушунишга интилинг.

Бундай суҳбатни узоққа чўзманг. Муқаддас Китобда: «Икки киши олдиндан келишиб олмай, бир жойга бора олишармиди?» — деб айтилган (Амос 3:3, ЯДТ). Хўш, бу гапларни амалда қандай қўллаш мумкин? Агар оиланинг кирим-чиқимлари ҳақида доимо олдиндан гаплашиб олинса, беҳудага тушунмовчилик юзага чиқмайди.

МАСЛАҲАТ. Даромад ва харажат тўғрисида ҳамиша гаплашишни режалаштиринг. Буни қилиш учун масалан ойнинг биринчи кунини ёки ҳатто ҳафтанинг муайян бир кунни танласангиз бўлади. Асосийси буни дастурхон устида ёки болалар билан банд бўлганда қилмаслик керак. Тинч жойда ва яхши кайфиятда фақат 15 дақиқа суҳбатлашсангиз ҳам, фойдаси анчага етади.

2. Пулнинг қадрини билинг. Инжилда: «Бир-бирингизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилинглар»,— дея ёзилган (Римликларга 12:10). Агар оилада бир киши ишласа, бошқаларга иззат-ҳурмат кўрсатиб, топган пулини шахсан ўзиники эмас, аксинча бутун оиланинг даромади сифатида билиши даркор (1 Тимўтийга 5:8).

Борди-ю, оилада ҳам эр, ҳам хотин ишлаётган бўлса, улар бир-бирини ҳурмат қилиб, олаётган ойлигининг бир тийинини ҳам яширмайди ва қимматбаҳо нарсани сотиб олишдан олдин албатта маслаҳатлашишади. Чунки «писиб» қилинган нарсалар ўзаро муносабатни вайрон қилади. Тўғри, ҳар бир кичик нарсани сотиб олишдан олдин гаплашиб олиш имкони йўқдир. Аммо бир-биримизни иззат қилишдан ҳеч қачон чарчамайлик.

МАСЛАҲАТ. Ким қанча пул ўз ихтиёри билан ишлатишини келишиб олинглар. Эҳтимол бу 20 минг, 200 минг сўм ёки бошқа миқдордаги пул бўлиши мумкин. Аммо бундан ортиғини сарфлашни хоҳласангиз, албатта олдиндан маслаҳатлашинг.

3. Барча кирим-чиқимнинг рўйхатини тузинг. Тавротда: «Меҳнаткашнинг режаси фақат мўл-кўлчилик келтиради»,— дейилган (Ҳикматлар 21:5). Мўл-кўлчилик кўриш учун чиндан ҳам режа, яъни ҳамма нарсани ёзма равишда тузиш муҳим. Эрга текканига беш йил бўлган Нина исмли аёл бу ҳақида шундай деди: «Кирим-чиқимларимни қоғозда ёзиб, жамини чиқарсам, этим жимирлаб кетади. Ҳа, аччиқ ҳақиқат, шуни дейишса керак».

Рўйхат тузиш учун иқтисодчи бўлиш шарт эмас. Турмуш қурганига 26 йил бўлган Даррен исмли киши шундай деди: «Биз ҳар ҳафта пулни тақсимлаймиз. Озиқ-овқат сотиб олишга, дам олиш учун сарфлашга, ҳатто сартарошга тўлашга алоҳида-алоҳида режалаштирамиз. Агар бир нарсага етмаса, бошқа тақсимланган пулдан олиб турамиз-да, кейин эса имкон қадар эртароқ ўрнини қоплаб қўямиз». Нарса сотиб олиш учун нақд пулдан эмас, балки тўлов карточкасидан фойдалансангиз, бундай рўйхат тузиш айниқса муддао.

МАСЛАҲАТ. Ҳар сафар аниқ кетаётган пулни, шунингдек қанча пул тежаб қўймоқчи бўлганингизни ёзиб қўйинг. Сўнг ўзгариши мумкин бўлган, масалан озиқ-овқатга, коммунал тўловларига ҳамда телефонга кетаётган чиқимларни ёзиб олинг. Аслида қанча пул кетаётганини бир неча ой давомида кузатиб боринг. Агар керак бўлса, масалан қарзларга ботмаслик учун, рўйхатга ўзгаришлар киритинг.

4. Вазифаларни тақсимланг. Муқаддас Ёзувларда: «Икки киши бир кишидан кўпроқ иш бажара олади, улар ўз меҳнатлари учун яхши тақдирланадилар»,— деб ёзилган (Воиз 4:9, 10). Баъзи оилаларда харажатларни эр назорат қилади. Бошқаларда эса буни хотин яхшигина эплайди (Ҳикматлар 31:10–28). Аммо аксарият умр йўлдошлар ҳар хил вазифаларни ўзаро бўлишиб оладилар. Уйланганига 21 йил бўлган Марио бундай дейди: «Рафиқам коммунал тўловларига қарайди ва унча катта бўлмаган уй-рўзғор нарсаларни сотиб олади. Солиқлар, ижара, суғурта ва ҳоказо нарсалар эса менинг зиммамда. Қилаётган чиқимлардан бир-биримизни доимо хабардор қилиб турамиз». Оилангизда қандай тартиб ўрнатилганига қарамай, маслаҳатлашиш ўта зарур.

МАСЛАҲАТ. Қобилиятларингизни эътиборга олиб, ким нимага жавобгар бўлишини келишиб олинг. Бир неча ой ўтгач қандай натижаларга эришганларингизни муҳокама қилинглар. Ён беришга тайёр бўлиб, керакли ўзгаришларни қилишга шай туринглар. Жуфтингиз бажараётган вазифаларни, яъни у пулни қандай сарфлаётганини тушуниш учун, вазифалар билан баъзан алмашиш яхши бўларди.

Пулдан ҳам муҳимроқни унутманг

Пул борасидаги суҳбатлар муносабатларингизни совитмаслиги даркор. Лия исмли аёл турмуш қурганига 5 йил бўлди. У тажрибасини шундай сўзлар билан бўлишмоқда: «Хўжайиним билан пул тўғрисида очиқ-ойдин гаплашишга ўргандик. Мана энди биз осонгина тил топишиб, бир-биримизга бўлган меҳр-муҳаббатимиз янада мустаҳкамланди».

Пулни қандай сарфлашни муҳокама қилаётиб, эр ва хотин ўз орзулари билан бўлишаётганини ва турмуш ўртоғининг манфаатини устунроқ қўяётганини кўрсатишади. Қимматбаҳо нарсани сотиб олишдан аввал гаплашиб олиш эса ҳурмат белгисидир. Қанча пулни ўз ихтиёри билан сарфлаши мумкинлигини тақсимлаб, улар бир-бирига ишонганини намоён этишади. Бу ўз навбатида никоҳда илиқ ва самимий муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашади. Ҳа, бундай никоҳ пулдан ҳам афзал!

[Изоҳлар]

^ Аллоҳнинг тартибига биноан «эркак... хотиннинг бошидир». Шу боис оиланинг рўзғорини тебратиш унинг бурчидир. Аммо бу вазифани бажараётиб, у хотини билан маслаҳатлашса севгини намоён этади (Эфесликларга 5:23, 25).

^ Исмлар ўзгартирилган

ЎЗИНГИЗДАН СЎРАНГ...

▪ Қачон охирги марта умр йўлдошим билан пул ҳақида тинчгина гаплашганман?

▪ Турмуш ўртоғимнинг уй-рўзғорни тебратишга қўшаётган ҳиссасини қадрлаётганимни қандай кўрсата оламан?

[28- саҳифадаги расм]

Сиз учун нима афзал: пулми, никоҳми?