Тақдирга ишонасизми?
Тақдирга ишонасизми?
«ТАҚДИРГА келсак, одам ҳайвондан ҳеч фарқи йўқ»,— деб ёзган эди эволюция тарафдори жаноб Жон Грей. Ёзувчи Шомуил Ботеах эса ўзининг бир китобида бошқача фикр билдириб: «Инсон бир махлуқ эмаски, ўз тақдирини ўзи бошқара олмаса»,— деган сўзларни қаламга олган эди («An Intelligent Person’s Guide to Judaism»).
Кўплар жаноб Грейнинг фикрига қўшилиб одамнинг тақдирини кўзга кўринмас қандайдир кучлар назорат қилишига ишонишади. Айримлар эса Худованд инсонга ўз келажагини ўзи ҳал қилиш қобилиятини ато этганига аминлар.
Баъзилар, тақдири дунёнинг қудратли одамларга боғлиқ деб айтишади. Масалан ёзувчи Рой Уэдерфорд қуйидагини билдирган: «Тарих мобайнида кўп одамлар ва айниқса аёллар ўз ҳаётини заррача бошқара олмаган. Бунинг оддий сабаби, уларни эзиб хўрлаганлар» («The Implications of Determinism»). Мана нима сабабдан кўпларнинг порлоқ келажакка бўлган умидлари виждонсиз сиёсатчиларнинг рақобати дастидан пучга чиққан эди.
Ўзи қадимдан бошлаб одамлар ғайритабиий кучлар олдида ўзларини заиф ва ҳимоясиз деб билишган. Сўзлари боя келтирилган жаноб Ботеах қадимги юнонларни мисол тариқасида келтириб шундай деган: «Улар нимаики орзу қилишмасин, пешонада ёзилгани бўлишига қатъий ишонишган». Чиндан ҳам юнонлар сохта худолар ва
маъбудаларга сиғиниб, келажак уларнинг инжиқлиги ҳамда иродасига боғлиқ деб ўйлашган. Бу худолар ҳаттоки одамнинг қисматига қанча азоб тушишини ва дунёдан қачон кўз юмишини белгилаб қўйишар эмиш.Бугунги кунда ҳам бу каби ғоялар мавжуд. Кўплар қисмат ёки тақдирга ишонишади. Уларнинг фикрича, Аллоҳ ҳар бир одамнинг пешонасида тақдирини ёзиб қўяди ва ҳатто у қачон ўлишини ҳам олдиндан белгилайди. Одам ўз ишлари эвазига жаннатга тушиши ёки дўзахда куйиши тўла-тўкис Қодир Аллоҳ қўлида экани ҳақидаги эътиқод кенг миқёсда тарқалган.
Сиз-чи, тақдирга ишонасизми? Тақдирингиз чиндан ҳам осмондан белгиланганмикин? Ёки шоиримиз Ғафур Ғуломнинг: «Тақдирни қўл билан яратур одам»,— деган гаплари ростмикан? Келинг, бу борада Муқаддас Китоб нима деяётганини билиб оламиз.