Асосий материалларга ўтиш

Табита билан ваъз қиляпмиз

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

Мен учун Худо йўқ эди

Мен учун Худо йўқ эди
  • ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1974

  • МАМЛАКАТИ: ГЕРМАНИЯ ДЕМОКРАТИК РЕСПУБЛИКАСИ

  • ЎТМИШДА: АТЕИСТ

ОЛДИНЛАРИ

Мен Саксониядаги қишлоқда туғилганман. Ўшанда у Германия Демократик Республикаси (ГДР) ҳудудида эди. Уйимиздаги муҳит илиқ ва севгига тўла бўлган. Ота-онам менга ахлоқий қадриятларни сингдирган. ГДР коммунистик давлат эди. Шу боис, Саксониядаги кўпчилик динга бефарқ бўлган. Мен учун ҳам Худо йўқ эди. Ҳаётимнинг илк 18 йили давомида мени атеизм ва коммунизм ғоялари шакллантириб келган.

Нега коммунизм тарафдори эдим? Чунки унда барча одамлар тенг деган ғоя олға сурилгани менга ёқарди. Бундан ташқари, барча мол-мулк тенг тақсимланса адолатдан бўлишига ишонардим, сабаби ўшанда бой ва камбағаллар орасидаги жарлик йўқ бўлиб кетарди. Шундай қилиб, мен коммунистик ёшлар ташкилотига аъзо бўлдим. 14 ёшга кирганимда, яроқсиз қоғозларни қайта ишлаб чиқариш каби атроф-муҳитни ҳимоя қилиш лойиҳасида анча вақт қатнашгандим. Ауэ маҳаллий шаҳарчасида қилган меҳнатим учун фахрий фуқаро номига лойиқ деб топилдим. Ёш бўлганимга қарамай, ГДРдаги баъзи таниқли сиёсатчилар билан танишдим. Тўғри мақсадлар сари интиляпман ва келажагим порлоқ, деб ўйлардим.

Қўққисдан ҳамма умидларим пучга чиқди. 1989 йили Берлин девори қулади ва Шарқий Европанинг коммунистик тузуми ҳам барбод бўлди. Ҳаммаси ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Кўп ўтмай, бутун ГДРда адолатсизлик ҳукм сураётганини англадим. Мисол учун, коммунизмни қўллаб-қувватламаганлар иккинчи даражали фуқаролар, деб ҳисобланарди. Наҳотки шундай бўлса?! Ахир, биз коммунистлар барча одамлар тенг эканига ишонмаганмизми? Наҳот коммунизм пуч хаёл бўлса?! Бу мени хавотирга солди.

Шунда, ҳаётимдаги мақсадларни қайта кўриб чиқдим ва мусиқа ҳамда рассомчиликка берилиб кетдим. Мусиқа коллежини битиргач, университетга кириш имконига эга эдим. Мусиқачи ва рассом бўлишни орзу қилардим. Болалигимдан ўргатиб келинган ахлоқий қадриятларни аста-секин унута бошладим. Ҳаётимда энг муҳими, вақтимни чоғ ўтказиш эди. Масалан, бир вақтнинг ўзида бир нечта қиз билан учрашиб юрардим. Лекин мусиқа, рассомчилик ва эркин ҳаёт тарзи хавотирларимни камайтирмади. Ҳатто чизган расмларим ичимдаги даҳшатли қўрқувни ўзида акс эттирарди. «Келажакда нималар бўлади? Ҳаётнинг мазмуни нимада?» — деб ўйлардим.

Охири, мени қийнаб келган саволларнинг жавобини топдим. Бир сафар кечки пайт коллеждаги ўқишдан кейин талабалар билан келажак ҳақида гаплашиб ўтиргандик. Улардан бири, Манди * Яҳованинг Шоҳиди эди. Ўшанда у менга тўғри йўлни кўрсатди. У: «Андреас, ҳаёт ва келажак ҳақидаги саволларингизга жавоб топишни хоҳласангиз, Муқаддас Китобни бир ўқиб кўринг»,— деди.

Бир томондан ишонмадим, лекин шу билан бирга қизиқиб қолдим ва жавобларни топиш учун Муқаддас Китобга назар солдим. Манди эътиборимни Дониёр китобининг 2- бобига қаратди. Ўқиганларим мени ўйга солди. Бу башоратда бугунги кунгача кучли таъсирга эга бўлган бир қатор жаҳон империялари, яъни ҳукуматлар тасвирланган. Манди Муқаддас Китобдаги бошқа башоратларни ҳам кўрсатиб, одамларни қандай келажак кутаётганини айтди. Ниҳоят, саволларимга жавоб топдим! Аммо бу башоратларни ким ёзган? Ким келажак борасида шу қадар аниқ башорат қила олади? Наҳотки Худо бор бўлса?!

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ

Манди мени Яҳованинг Шоҳидлари бўлган Хорст ва Ангелика жуфтлиги билан таништирди. Улар менга Худонинг Каломини яхшироқ тушунишга кўмаклашди. Тез орада Яҳованинг Шоҳидлари Худонинг «Яҳова» деган шахсий исмини доимо қўллаб, у ҳақида бошқаларга айтаётган ягона диний ташкилот эканини фаҳмладим. (Забур 83:18; Матто 6:9) Тангри Яҳова одамларга ер юзидаги жаннатда абадий яшаш умидини ато этаётганини билиб олдим. Забур 37:9 да: «Яҳовага умид боғлаганлар ер юзига эгалик қилади»,— деб ёзилган. Бу умидга Муқаддас Китобда хулқ-атвор борасида тушунтирилган Худонинг меъёрларига мувофиқ яшашга интилаётган ҳар бир инсон эга бўлиши мумкинлиги менга жуда ёқди.

Бироқ бундай ҳаёт тарзини кечириш учун кўп ўзгаришлар қилишим керак эди. Бу мен учун осон эмасди. Мусиқа ва рассомчилик соҳасида муваффақиятга эришганим мени мағрур қилиб қўйганди. Шунинг учун, биринчи навбатда камтаринликка ўрганишим кутиларди. Қолаверса, ахлоқсиз ҳаётдан воз кечиш ҳам қийин бўлди. Яҳова Муқаддас Китобда ёзилганларга амал қилишга жон куйдираётганларга сабр ва раҳм-шафқат кўрсатиб, тушунаётганидан жуда миннатдорман!

Ҳаётимнинг илк 18 йили давомида коммунизм ва атеизм ғоялари мени шакллантирган. Аммо кейинчалик, энди Муқаддас Китоб ҳаётимни шакллантиради, деб қарор қилдим. Билиб олганларим туфайли келажак ҳақида хавотирланмай қўйдим ва ҳаёт мазмунига эга бўлдим. 1993 йили Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмдим. 2000 йили Табита исмли ғайратли масиҳий аёлга уйландим. Иложи борича кўпроқ вақтимизни бошқаларга Муқаддас Китобдагиларни билиб олишига кўмаклашишга сарфлаяпмиз. Ваъзгўйликда келиб чиқиши меникига ўхшаш, яъни коммунизм ва атеизм ғоялари шакллантирган инсонларни учратамиз. Уларга Яҳовани қай йўсин таниб-билиш мумкинлигини кўрсатганимда, ич-ичимдан мамнуният ҳис қиламан.

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?

Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлаганимда, ота-онам роса хавотирланган. Лекин кейинчалик, улар Яҳованинг Шоҳидлари билан мулоқот қилиш ҳаётимга ижобий таъсир қилаётганини кўришди. Ҳозир улар Муқаддас Китобни ўқиб, Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларига қатнаётганидан жуда хурсандман.

Никоҳимиз Табита иккимизга қувонч келтиряпти, чунки Муқаддас Китобда оилалар учун берилган маслаҳатларга амал қилишга жон куйдиряпмиз. Масалан, турмуш ўртоқлар ўзаро содиқ бўлиши ҳақидаги маслаҳатга риоя қилиш никоҳимизни мустаҳкам сақлаб қолишга кўмаклашяпти. (Ибронийларга 13:4)

Энди келажак борасида хавотирланиб, қўрқиб яшамаяпман. Ҳақиқий тинчлик ва бирлик ҳукм сураётган умумжаҳон оиланинг аъзоси эканимни ҳис этяпман. Айнан мана шу маънавий оилада барчамиз тенгмиз. Бутун умрим давомида шунга ташна бўлиб, орзу қилганман.

^ абз. 12 Исм ўзгартирилган.