Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

14- БОБ

Исонинг илк шогирдлари

Исонинг илк шогирдлари

ЮҲАННО 1:29–51

  • ИСОНИНГ ИЛК ШОГИРДЛАРИ У БИЛАН ЮРИШНИ БОШЛАШАДИ

Исо саҳрода 40 кун бўлиб, Жалилага боришидан олдин уни сувга чўмдирган Яҳёнинг олдига қайтади. Исонинг келаётганини кўриб, Яҳё унга ишора қилади-да, ёнидаги одамларга шундай дейди: «Мана, дунёнинг гуноҳини бартараф этадиган Худонинг Қўзиси! “Ортимдан келаётган, мендан олдинга ўтди, чунки у мендан аввал бор эди”,— деганим ана шудир». (Юҳанно 1:29, 30) Гарчи Яҳё Исодан каттароқ бўлса-да, у Исонинг осмонда руҳий зот бўлиб яшаганини билади.

Аммо бир неча ҳафта олдин, Исо сувга чўмиш учун келганида, Яҳё Исонинг Масиҳ бўлиши кераклигига тўлиқ амин эмас эди. «Уни ўзим ҳам билмас эдим,— деб тан олади Яҳё,— лекин Исроил уни танисин, дея сувга чўмдиргани келдим». (Юҳанно 1:31)

Яҳё Исони сувга чўмдирганида нималар юз берганини тингловчиларига қуйидагича тушунтириб беради: «Муқаддас руҳ каптар сифатида осмондан тушиб, унинг устида қолганини кўрдим. Уни ўзим ҳам билмас эдим, аммо одамларни сувга чўмдириш учун мени Юборган шундай деди: “Кимнинг устига руҳ тушиб, унда қолганини кўрсанг, ана ўша муқаддас руҳ ила чўмдирувчидир”. Мен уни кўрдим-у, мана бу — Худонинг Ўғли, деб шоҳидлик бердим». (Юҳанно 1:32–34)

Эртасига Яҳё иккита шогирди билан турганида, уларнинг олдига Исо келади. Шунда Яҳё яна: «Мана, Худонинг Қўзиси!» — деб айтади. (Юҳанно 1:36) Иккала шогирд Яҳёнинг гапини эшитиб, Исонинг орқасидан эргашади. Бирининг исми Идрис бўлади. Иккинчисининг исми Юҳанно бўлиб, бу воқеаларни айнан у баён этади. Бундан ташқари, Юҳанно Исонинг холаваччаси бўлиши мумкин. Чунки Саломия Марямнинг опаси ёки синглиси бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Саломия Забадийнинг хотини бўлади.

Исо ўгирилиб қараса, унинг орқасидан Идрис билан Юҳанно эргашиб келаётган бўлишади. Шунда Исо улардан: «Сизларга нима керак?» — деб сўрайди.

Улар эса: «Раввий (маъноси “Устоз”), сиз қаерда турасиз?» — дея сўрашади.

Исо уларга жавобан: «Кетдик, кўрасизлар»,— дейди. (Юҳанно 1:37–39)

Пешин, кундузи соат тахминан тўрт. Идрис ва Юҳанно куннинг қолган қисмини Исо билан бирга ўтказишади. Идрисга Исо билан мулоқот қилиш шунчалик қаттиқ таъсир қиладики, Бутрус деб аталган акаси Симунни дарҳол топиб, унга: «Биз Масиҳни топдик»,— дейди. (Юҳанно 1:41) Идрис Бутрусни Исонинг ёнига олиб келади. Кейинги ҳодисаларга кўра Юҳанно ҳам акаси Ёқубни топиб, уни Исонинг олдига олиб боради. Аммо Юҳанно ушбу шахсий маълумотни ўз баёнотида ёзмайди.

Эртаси куни Исо Байтсайда шаҳридан бўлган Филипни учратиб қолади. Бу шаҳар Жалила денгизининг шимолида жойлашган бўлиб, Идрис ва Бутруснинг она шаҳри бўлади. Исо Филипга: «Менинг издошим бўлинг»,— деб таклиф қилади. (Юҳанно 1:43)

Сўнгра, Филип шунингдек, Бартолмей деб аталган Натанилни излаб топиб, унга: «Мусо Тавротда баён этган ва пайғамбарлар ёзган Юсуф ўғли носиралик Исони топдик»,— дейди. Аммо Натанил шубҳаланиб: «Носирадан ўзи бирон яхшилик чиққанми?» — деб сўрайди.

Филип унга: «Ўзинг бориб, кўргин»,— дейди. Натанил Исонинг олдига яқинлашиб келаётганда, Исо: «Ана, ҳақиқий исроиллик, унда ҳечам айёрлик йўқ»,— дейди.

Натанил ундан: «Мени қаердан биласиз?» — деб сўрайди.

Исо жавоб бериб: «Филип ҳали сизни чақирмасидан олдин, анжир дарахти тагида ўтирганингизни кўрган эдим»,— дейди.

Натанил ҳайратда қолиб, унга: «Устоз, сиз Худонинг Ўғли, Исроилнинг Подшоҳисиз»,— дейди.

Исо эса шундай дейди: «“Сизни анжир дарахти тагида кўрдим”,— деганим учун ишоняпсизми? Сиз бундан ҳам буюк ишларни кўрасиз». Сўнг ваъда бериб: «Ишонаверинг, осмон очилганини ва Аллоҳнинг фаришталари Инсон Ўғлининг ёнига тушиб-чиқаётганини кўрасизлар»,— дейди. (Юҳанно 1:45–51)

Кейин Исо ва унинг янги шогирдлари Иордан водийсини қолдириб, Жалилага қараб кетишади.