Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

105- БОБ

Анжир дарахти мисолида имон ҳақида сабоқ беради

Анжир дарахти мисолида имон ҳақида сабоқ беради

МАТТО 21:19–27 МАРК 11:19–33 ЛУҚО 20:1–8

  • ҚУРИБ ҚОЛГАН АНЖИР ДАРАХТИ — ИМОН ҲАҚИДА САБОҚ

  • ИСОНИНГ ҲУҚУҚИ ШУБҲА ОСТИГА ҚЎЙИЛАДИ

Душанба кунининг иккинчи ярмида Исо Қуддусдан Зайтун тоғининг шарқий қиялигида жойлашган Байтанияга қайтади. У дўстлари Лазар, Марям ва Мартаникида меҳмонда бўлиб, у ерда тунаб қолганга ўхшайди.

Мана 11 нисон, тонг отди. Исо шогирдлари билан бирга яна Қуддусга йўл олади ва у маъбадда охирги марта бўлади. Бу унинг омма олдидаги хизматининг сўнгги куни. У ҳибсга олиниб, ўлимга ҳукм қилинишидан олдин Фисиҳ байрамини нишонлаб, ўлимини хотирлаш маросимини жорий этади.

Байтаниядан Қуддусга Зайтун тоғи орқали кетишаётганда, Бутруснинг кўзи Исо бир кун аввал эрталаб лаънатлаган дарахтга тушади. «Устоз қаранг,— дейди у.— Сиз лаънатлаган анжир дарахти қуриб қолибди!» (Марк 11:21)

Қизиқ, нега Исо дарахтни лаънатлаган? Буни у қуйидагича тушунтиради: «Ишонаверинг, агар имонли бўлиб, ҳеч шубҳаланмасангиз, мен анжир дарахти билан қилганимдан ҳам ортиғини қиласизлар. Ҳатто бу тоққа: “Кўтарил-да, денгизга отил”,— десангиз, айтганингиз бўлади. Шунингдек, ибодатда ишонч билан нимаики сўрасангизлар, оласизлар». (Матто 21:21, 22) Кўриб турганимиздай, Исо илгари ҳам имон тоғларни кўчиришга қодир, деган фикрни яна такрорлайди. (Матто 17:20)

Исо қуриб қолган анжир дарахтини мисол қилиб Аллоҳга ишониш кераклигини яққол таъкидлайди. У шундай дейди: «Ибодатда нимаики сўрасангизлар, уни олишингизга аниқ ишонинглар ва ўша нарсага эга бўласизлар». (Марк 11:24) Дарҳақиқат, Исонинг барча издошлари учун бу муҳим сабоқ! У айниқса ҳаворийлар учун фойдали деса бўлади, чунки яқинда уларнинг бошига оғир синовлар тушади. Бироқ қуриб қолган анжир ва имон орасида бошқа бир боғлиқлик ҳам бор.

Исроил халқи бу анжир каби ёлғондакам таассурот қолдиряпти. Исроилликлар Худо билан аҳд қилишган ва улар Тавротга риоя қилаётгандек туюлиши мумкин. Лекин бутун халқни оладиган бўлсак, уларда имон йўқ ва улар яхши мева беришмаяпти. Улар ҳатто Худонинг Ўғлини рад этишяпти! Исо мева бермаган анжир дарахтини қуритиб, самара келтирмайдиган имонсиз халқни нима кутаётганини яққол кўрсатди.

Бундан кўп ўтмай, Исо шогирдлари билан Қуддусга кириб келади. Одатдагидек, Исо халққа таълим бериш учун маъбадга киради. Бош руҳонийлару оқсоқоллар Исонинг бир кун олдин пул алмаштирувчилар билан нималар қилганини назарда тутиб: «Бу ишларни қандай ҳуқуқ билан қиляпсан? Бу ҳуқуқни сенга ким берди?» — дея сўрашади. (Марк 11:28)

Исо уларга жавобан шундай дейди: «Мен ҳам сизларга бир савол берай. Агар жавоб берсангизлар, мен ҳам қандай ҳуқуқ билан қилаётганимни сизларга айтаман. Қани айтинглар-чи: Яҳё одамларни сувга чўмдириш ҳуқуқини Худодан олганми ё одамларданми?» Энди душманлари қийин саволга жавоб бериши керак. Руҳонийлару оқсоқоллар ўзаро шундай фикр юрита бошлашади: «“Худодан”,— десак, у бизга: “Бўлмаса нега унга ишонмадингизлар?” — дейди. Балки: “Одамлардан”,— дермиз?» Улар халойиқдан қўрқишгани учун шундай фикр юритишади, чунки халқ «Яҳёни ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлган», деб ҳисоблайди. (Марк 11:29–32)

Исонинг душманлари жавоб топа олмай: «Билмаймиз»,— дейишади. Шунда Исо: «Унда мен ҳам бу ишларни қандай ҳуқуқ билан қилаётганимни сизларга айтмайман»,— дейди. (Марк 11:33)