42- ДАРС
Жасур ва садоқатли Йўнатан
Шоулнинг ўғли Йўнатан жасур жангчи эди. Довуд Йўнатан ҳақда у бургутдан ҳам чаққонроқ, шердан ҳам қудратлироқ, деб айтганди. Бир куни Йўнатан қоянинг тепасида бир нечта филистимлик жангчини кўрди. У қуролбардорига: «Агар Яҳова бизга белги берса, уларга ҳужум қиламиз. Улар биз томонга келинглар дейишса, демак ҳужумга ўтамиз»,— деб айтди. Филистимликлар: «Қани, бу ёққа келинглар-чи, бир таъзирингизни бериб қўяйлик!» — деб бақиришди. Шунда у қуролбардори билан қояга чиқиб, 20 та жангчини мағлуб қилди.
Йўнатан Шоулнинг тўнғич ўғли бўлгани учун шоҳ бўлиши керак эди. Аммо Яҳова Исроилнинг кейинги шоҳи сифатида Довудни танлаганди. Йўнатан буни билса-да, унга ҳасад қилмасди. Йўнатан билан Довуд қалин дўст бўлди. Улар бир-бирини ҳимоя қилишга ваъда
беришди. Йўнатан ўртадаги дўстлик рамзи сифатида Довудга ўзининг камзули, қиличи, камони ва камарини берди.Довуд Шоулнинг дастидан қочиб кетганида, Йўнатан дўстининг олдига бориб: «Кучли ва жасоратли бўлгин. Яҳова сени шоҳ қилиб танлади. Ҳатто отам ҳам буни билади»,— деб айтди. Сизнинг ҳам Йўнатанга ўхшаган қалин дўстингиз бўлишини хоҳлайсизми?
Йўнатан дўстига ёрдам бериш учун кўп маротаба жонини хавф остига қўйди. У отаси Довудни ўлдирмоқчи эканини билиб, унга шундай деди: «Довудни ўлдирсангиз гуноҳга ботасиз. Ахир у сизга ҳеч қандай ёмонлик қилгани йўқ-ку!» Бу гапдан Шоулнинг жаҳли чиқиб кетди.
Бир неча йил ўтгач, Шоул ва Йўнатан жангда ҳалок бўлишди. Йўнатаннинг ўлимидан сўнг, Довуд унинг ўғли Мефибоситни қидирди. Топганида унга шундай деди: «Отанг қалин дўстим бўлгани учун бутун умринг давомида сенга ғамхўрлик қиламан. Сен саройимда яшаб, дастурхонимдан таом ейсан». Довуд асло Йўнатанни унутмади.
«Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир-бирингизни шундай севинг. Ким ўз дўстлари учун жонини берса, бундан буюкроқ севги йўқдир». (Юҳанно 15:12, 13)