Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

1- САВОЛ

Мен кимман?

Мен кимман?

НЕГА БУ МУҲИМ?

Ўзлигингизни ва ниманинг тарафдори эканингизни англаш, босим остида қолганингизда доно қарорлар чиқаришингизга ёрдам беради.

СИЗ ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТГАН БЎЛАРДИНГИЗ?

Қуйидаги вазиятни тасаввур қилинг: вояга етмаган Карэн исмли қиз ўтиришга келади. Бундан 10 дақиқа ўтар-ўтмас қулоғига таниш бир овоз эшитилади.

«Ҳа, энди шундоқ тураверасанми?»

Шунда Карэн орқасига қайрилиб, ўртоғи Джессика очилган икки шиша пиво билан турганини кўради. Джессика Карэнга шишадан бирини узатиб, шундай дейди: «Яйраш учун ҳали ёшман, деб баҳона қидирма».

Карэн бу таклифни рад этишни истайди. Лекин Джессика дугонаси бўлгани учун уни хафа қилишдан қўрқади. Бундан ташқари, Джессика ёмон қиз эмас. Демак, агар у ичса, бунинг ёмон жойи йўқ. Карэн бўлса ичида: «Бу шунчаки ичимлик-ку. Наркотик эмас-ку ахир»,— дейди.

Карэннинг вазиятида бўлганингизда, қандай йўл тутган бўлардингиз?

ТЎХТАБ, ЎЙЛАБ КЎРИНГ!

Шу каби вазиятда доно қарор чиқариш учун, шахсиятингизни англашингиз керак. Шахсиятни англашга инсон ўзлигини ва ниманинг тарафдори эканини билиш киради. Мана шу билим туфайли сиз ҳаётингизни ўзингиз назорат қила оласиз ва буни ўрнингизга бошқалар қилишига йўл қўймайсиз. (1 Коринфликларга 9:26, 27)

Бундай қобилиятни қандай ривожлантира оласиз? Бунинг илк қадами — қуйидаги саволларга жавоб беришдир.

1 ҚАНДАЙ КУЧЛИ ТОМОНЛАРИМ БОР?

Қобилиятларингизу ижобий хислатларингизни билсангиз, ўзингизга бўлган ишонч ошади.

МУҚАДДАС КИТОБДАН МИСОЛ. Ҳаворий Павлус шундай деб ёзган эди: «Гапиришга уста бўлмасам ҳам, билим борасида маҳоратлиман». (2 Коринфликларга 11:6) Павлус Муқаддас Ёзувларни чуқур билгани учун, бошқалар унинг қобилиятларида шубҳаланишганда, у мустаҳкам тура олган. Ҳа, уларнинг салбий гаплари унинг ўзига бўлган ишончини сусайтиришига йўл қўймаган. (2 Коринфликларга 10:10; 11:5)

ЎЗИНГИЗНИ ТЕКШИРИБ КЎРИНГ. Қуйида сизда бор маҳорат ёки қобилиятни ёзинг.

Энди эса кучли томонларингизни тасвирлаб ўтинг. (Масалан, сиз ғамхўрмисиз? Сахиймисиз? Ишончлимисиз? Тартиблимисиз?)

2 ҚАНДАЙ ЗАИФ ТОМОНЛАРИМ БОР?

Агар заифликларингиз ҳаётингизни назорат қилишига йўл қўйсангиз, ип ингичка еридан узилгани каби, шахсиятингиз ҳам тезда ёмон томонга ўзгариши мумкин.

МУҚАДДАС КИТОБДАН МИСОЛ. Павлус ўзининг камчиликларини билган. Шунинг учун, у қуйидагича ёзган: «Қалбимда Аллоҳнинг қонунидан завқ оламан. Тана аъзоларимда эса бошқа қонунни пайқаяпман. Бу қонун ақлимдаги қонунга қарши курашиб,.. гуноҳнинг қонунига мени асир қиляпти». (Римликларга 7:22, 23)

ЎЗИНГИЗНИ ТЕКШИРИБ КЎРИНГ. Қайси заиф томонингизни назорат қилишни ўрганишингиз керак?

3 ҚАНДАЙ МАҚСАДЛАРИМ БОР?

Сиз таксига ўтириб, машинанинг ёқилғиси тугагунча ҳайдовчидан битта мавзени қайта-қайта айланиб чиқишни сўрармидингиз? Албаттаки йўқ, чунки бу нодонлик бўларди ва сизга қимматга тушарди.

Бундан қандай сабоқ олса бўлади? Мақсадлар сизга йўналиш бериб, битта жойда тўхтаб қолмаслигингизга ёрдам беради. Шунда борадиган жойингиз ва у ерга етиб олиш режангиз бўлади.

МУҚАДДАС КИТОБДАН МИСОЛ. Павлус шундай ёзганди: «Мен мақсадсиз чопмаяпман». (1 Коринфликларга 9:26) Павлус ҳаёт оқими уни қаерга олиб борса, ўша йўналишда сузиб боравермаган, аксинча, у мақсадлар қўйган ва шунга яраша ҳаёт кечирган. (Филиппиликларга 3:12–14)

ЎЗИНГИЗНИ ТЕКШИРИБ КЎРИНГ. Қуйида бу йил давомида эришмоқчи бўлган учта мақсадингизни ёзинг.

4 НИМАГА ЭЪТИҚОД ҚИЛАМАН?

Кучли шахсиятга эга бўлган киши шиддатли бўронларга қарши тура оладиган мустаҳкам дарахт кабидир

Ўз эътиқодига эга бўлмаган инсон қатъиятсиздир. Бундай одам, рангини ўзгартирадиган буқаламун каби, эътиқодига қарши бориб, тенгдошларига қўшилиб кетаверади. Бу эса, инсоннинг ўз шахсияти йўқлигидан далолат беради.

Ишларингиз эътиқодингизга асосланган бўлса, бошқалар нима қилишидан қатъи назар, шахсиятингизни уларга мослаб ўзгартирмайсиз.

МУҚАДДАС КИТОБДАН МИСОЛ. Дониёр пайғамбар ота-онасидан ажралганида ҳали ўсмир эди, аммо у шунда ҳам Худога итоат этишга қатъий қарор қилган. (Дониёр 1:8) Шу йўсин Дониёр ўзлигини йўқотмай, эътиқодига биноан ҳаёт кечирган.

ЎЗИНГИЗНИ ТЕКШИРИБ КЎРИНГ. Нимага эътиқод қиласиз? Масалан, Худога ишонасизми? Агар шундай бўлса, нима учун? Худо борлигига сизни нима ишонтиради?

Худонинг ахлоқий меъёрлари сизнинг фойдангиз учун эканига ишонасизми? Агар шундай бўлса, нима учун?

Хўш, нимага ўхшамоқчисиз: ҳатто енгил шабада учириб кета оладиган ерга тушган барггами ёки кучли бўронларга дош бера оладиган дарахтгами? Шахсиятингизни тарбияланг, шунда ўша дарахт каби бўласиз. Бу, ўз ўрнида, «Мен кимман?» деган саволга жавоб топишингизга кўмаклашади.