2- САВОЛ
Нега ташқи кўринишим ҳақида ташвишланаман?
СИЗ ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТГАН БЎЛАРДИНГИЗ?
Қуйидаги вазиятни тасаввур қилинг: Джулия ҳар гал ойнага қараганида, семизман, деган фикрга келади. Гарчи ота-онаси ва дўстлари унга: «Ўзиям чўпдай озғинсан»,— дейишса-да, у барибир: «Озишим керак»,— деб юради.
Яқин орада Джулия «ҳеч бўлмаса бир неча кило» вазн ташлаш мақсадида жиддий чоралар кўриш ҳақида ўйлади. Унинг фикрича, бу учун бор-йўғи бир неча кун оч юриши керак, холос.
Агар сиз ҳам ўзингизни Джулия сингари ҳис қилганингизда, қандай йўл тутган бўлардингиз?
ТЎХТАБ, ЎЙЛАБ КЎРИНГ!
Ташқи кўринишингиз қандай экани борасида ташвишланишнинг ёмон жойи йўқ. Муқаддас Китобда Сора, Роҳила, Обигайл, Юсуф ва Довуд каби эркагу аёлларнинг ташқи кўриниши чиройли бўлгани ҳақида айтилган. Шунингдек, Обиша исмли қиз «ғоятда гўзал» бўлганини ҳам ўқиймиз. (3 Шоҳлар 1:4)
Бироқ кўплаб ёшлар ташқи кўриниши борасида керагидан ортиқ ташвишланишади. Бу эса жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин. Мисол учун, қуйидаги маълумотни кўриб чиқинг:
-
Қўшма Штатларда 58 фоиз қизлар ўзларини семиз, деб ҳисоблашади. Аслида эса, фақат 17 фоиз қизларни ростдан ҳам семиз деса бўлади.
-
Қўшма Штатлардаги бошқа бир тадқиқотга кўра, аслида вазни нормадан кам бўлган аёлларнинг 45 фоизи ўзларини жуда семиз деб билишади.
-
Вазнини камайтириш ниятида ўзини қийнаб, оч юрган баъзи ёшлар овқат ея олмаслик каби ҳаётга хавф туғдирувчи касалликка чалинишган. Бу касаллик тиббиётда анорексия, деб юритилади.
ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН БЎЛГАН ЭНГ ЯХШИ ЎЗГАРИШ!
Аслини олганда, инсонни чиройли қиладиган нарса — бу унинг ички дунёсидир. Келинг, шоҳ Довуднинг ўғли Абсаломнинг мисолини кўриб чиқайлик. Муқаддас Китобда у ҳақда шундай ёзилган:
«Абсалом каби чиройли, келишган одам йўқ эди. У бошдан-тирноғигача бенуқсон эди». (2 Шоҳлар 14:25)
Лекин шунга қарамай, бу йигит мағрур, шуҳратпараст ва сотқин бўлган. Шунинг учун Муқаддас Ёзувларда Абсалом ижобий томондан тасвирланмай, пасткаш, садоқатсиз ва нафратга тўла инсон сифатида тилга олинган.
Шу боис ҳам, Муқаддас Китобда биз учун қуйидаги маслаҳат ёзиб қолдирилган:
«Янги ўзликни кийиб олинглар». (Колосаликларга 3:10)
«Сизнинг чиройингиз ташқи кўринишдан... иборат бўлмасин. Аксинча, чиройингиз қалбингизнинг тубида яширилган... бўлсин». (1 Бутрус 3:3, 4)
Чиройли ташқи кўринишга эга бўлишнинг ёмон жойи йўқ. Лекин ташқи кўринишдан ҳам муҳимроқ бўлган нарса — бу сизнинг шахсиятингиздир. Умуман олганда, бошқалар назарида сизни гўзал қиладиган нарса — бу кучли тана ёки келишган қоматингиз эмас, балки мақтовга лойиқ фазилатларингиздир! Филисия исмли бир қиз шундай фикр билдирди: «Тўғри, гўзаллик дарров эътиборни жалб қилади, аммо ичингизда қандай инсон эканингиз ва яхши хислатларингиз одамларнинг хотирасида кўпроқ сақланиб қолади».
ТАШҚИ КЎРИНИШИНГИЗ ҚАНДАЙ?
Ташқи кўринишингиз туфайли тез-тез тушкунликка тушасизми?
Жисмоний нуқсонингизни тўғрилаш учун пластик операция ёки қаттиқ парҳез қилиш тўғрисида ўйлаган пайтларингиз бўлганми?
Имконингиз бўлганида, ташқи кўринишингизда нимани ўзгартирган бўлардингиз? (Сизга мос келганини белгиланг.)
-
БЎЙ
-
ВАЗН
-
СОЧ
-
ҚОМАТ
-
ЮЗ
-
ТАНА РАНГИ
-
БОШҚАСИ
Агар биринчи иккита саволга «ҳа» деб жавоб бериб, учинчи саволга учтадан кўпроқ жавобни белгилаган бўлсангиз, унда мана шу фикр ҳақида ўйлаб кўринг: бошқалар сизга сиз каби салбий нуқтаи назар билан қарашлари амримаҳол. Ҳа, мувозанатни йўқотиб, ўзингиз ҳақингизда ҳаддан ортиқ ташвишланиб қолишингиз ҳеч гап эмас. (1 Шоҳлар 16:7)