Луқо баён этган хушхабар 23:1–56

  • Исо Пилат билан Ҳирод қаршисида (1–25)

  • Исо ва иккита жиноятчи устунга михланади (26–43)

    • «Сиз мен билан бирга жаннатда бўласиз» (43)

  • Исо ўлади (44–49)

  • Исо дафн этилади (50–56)

23  Бундан сўнг уларнинг бари туриб, Исони Пилатнинг олдига олиб боришди+. 2  Улар Исони шундай дея айблай бошлашди+: «Бу одам халқимизни йўлдан оздираётганини, подшоҳга* солиқ тўлашни ман этаётганини+ ва ўзини Масиҳ, шоҳ деб атаётганини аниқладик»+. 3  Шунда Пилат Исодан: «Сен яҳудийларнинг шоҳимисан?» — деб сўради. Исо унга жавобан: «Ўзингиз айтдингиз»,— деди+. 4  Кейин Пилат бош руҳонийлар ва оломонга: «Мен бу одамдан бирон айб тополмаяпман»+,— деб айтди. 5  Улар бўлса айтганларида туриб олиб: «У ўз таълимотини бутун Яҳудия бўйлаб — Жалиладан тортиб шу ергача ёйиб, халқни ғалаёнга чорлаяпти»,— дейишди. 6  Буни эшитгач, Пилат бу одам жалилалик эмасмикин дея суриштирди. 7  Исонинг Ҳирод* ҳукми остидаги вилоятдан эканини билиб+, Пилат Исони унинг олдига жўнатди. Чунки Ҳирод шу пайтда Қуддусда эди. 8  Исони кўргач Ҳирод роса суюниб кетди, сабаби, у ҳақда кўп эшитган эди+. Исо унга бирон-бир мўъжиза кўрсатар деган умидда юриб, анчадан бери уни кўрмоқчи эди. 9  Ҳирод унга анча саволлар берди, лекин Исо ҳеч қандай жавоб қайтармади+. 10  Бош руҳонийлар ва уламолар эса уни қаттиқ айблашарди. 11  Сўнг Ҳирод унга қимматбаҳо кийим кийдирди-да, аскарлари билан бирга уни камситиб+, масхара қилди+. Кейин эса Пилатнинг олдига юборди. 12  Шу пайтгача бир-бирига душманлик қилиб юрган Ҳирод билан Пилат ўша куни дўст бўлиб қолишди. 13  Бундан кейин Пилат бош руҳонийлару бошлиқларни ҳамда халқни чақиртириб, 14  уларга деди: «Бу кишини олдимга халқни исён кўтаришга даъват этяпти, деб олиб келдингизлар. Аммо мен уни кўзингиз олдида сўроқ қилиб, қўйган айбловларингизнинг бирортасини ҳам топа олмадим+. 15  Ҳирод ҳам унда ҳеч қандай айб топа олмай, уни олдимизга қайтарди. Хуллас, у ўлим жазосига лойиқ ҳеч нарса қилмаган. 16  Шунинг учун уни жазолайман-да+, қўйиб юбораман». 17  * —— 18  Бироқ халойиқ: «Уни ўлдириб, бизларга Бараббани озод этинг!»+ — дея қичқирди. 19  (Барабба шаҳарда қўзғолон кўтариб, қотиллик қилгани учун қамалган эди.) 20  Лекин Пилат Исони қўйиб юбормоқчи бўлиб, уларга яна мурожаат этди+. 21  Шунда улар: «Уни устунга михлатинг, устунга!» — деб бақиришди+. 22  Пилат халойиққа учинчи марта шундай деди: «Нега? У нима ёмонлик қилган? Мен унда ўлимга лойиқ ҳеч қандай айб топмадим. Шу сабабли мен уни жазолаб, қўйиб юбораман». 23  Аммо улар овози борича қичқириб, уни устунга михлатишни талаб қилишди. Улар шунчалик бақиришдики+, 24  охири Пилат уларнинг гапига кўнди. 25  Шаҳарда қўзғолон кўтариб, қотиллик қилган кишини уларнинг талаби бўйича озод этди. Исони эса уларнинг ихтиёрига топширди. 26  Исони олиб кетишаётганда, даладан қайтаётган киринеялик Симун деган кишини ушлашди-да, азоб устунини* унинг елкасига юклаб, Исонинг ортидан боришга мажбурлашди+. 27  Исонинг орқасидан катта халойиқ эргашиб борарди. Уларнинг орасида аёллар ҳам бор эди. Улар қайғудан кўксларига уриб, йиғлаб кетишаётганди. 28  Исо уларга бурилиб, шундай деди: «Эй Қуддус қизлари, мен учун йиғламанглар. Ўзингиз ва болаларингиз учун йиғланглар+. 29  Зеро: “Бепушт, бола кўрмаган ва эмизмаган аёллар бахтлидир!”+ — деб айтиладиган кунлар келяпти. 30  Ўшанда одамлар тоғларга: “Устимизга қуланглар!” ва тепаликларга: “Бизни босиб қолинглар!”+ — деб айтишади. 31  Дарахт кўкариб турганда шундай қилаётган бўлишса, у қуриб қолса нима қилишар экан?» 32  Исо билан бирга икки жиноятчини ҳам қатл қилишга олиб кетишаётган эди+. 33  Улар Бошсуяги деган жойга келиб+, Исони ва икки жиноятчини устунга михлашди: бирини ўнг томонига, иккинчисини эса чап томонига+. 34  Исо бўлса: «Отажон, буларни кечир, чунки улар нима қилишаётганини билишмайди»,— деди. Сўнг унинг кийимларини бўлиб олиш учун қуръа ташлашди+. 35  Халқ эса томоша қилиб турарди. Бошлиқлар Исонинг устидан кулиб: «Бошқаларни қутқарарди-ку. Агар у Худо танлаган Масиҳ бўлса, қани ўзини қутқарсин-чи»+,— дейишарди. 36  Ҳатто аскарлар ҳам уни масхара қилардилар. Улар Исога ачиган шароб ичириш учун ёнига бориб+: 37  «Агар яҳудийларнинг подшоҳи бўлсанг, ўзингни қутқар»,— деб айтишарди. 38  Бошининг тепасида эса: «Бу яҳудийларнинг шоҳидир»,— деган ёзув бор эди+. 39  Устунга михланган жиноятчилардан бири Исони ҳақоратлаб+: «Агар сен Масиҳ бўлсанг, бизни ҳам, ўзингни ҳам қутқар»,— дея бошлади. 40  Бошқаси эса шеригига таъна қилиб, деди: «Ҳой, Худодан қўрқмайсанми? Ахир бундай жазога ўзинг ҳам маҳкум этилгансан-ку. 41  Биз-ку қилмишимизга яраша адолатли ҳукм этилдик. У бўлса ҳеч қандай ёмонлик қилмаган». 42  Кейин давом этиб: «Исо, Шоҳ бўлганингизда*+ мени эсланг»,— деди. 43  Исо унга: «Сизга ваъда бераман*, сиз мен билан бирга жаннатда+ бўласиз»,— деб айтди. 44  Кундузи соат ўн иккиларда* бутун ерни зулмат босди ва бу тахминан соат учгача* давом этди+. 45  Боиси қуёш нур сочмай қўйди. Шу вақт маъбаддаги парда+ ўртасидан йиртилиб кетди+. 46  Шунда Исо баланд овозда: «Ота, ҳаётимни* Сенинг қўлларингга топширяпман»+,— деди. Буни айтгач, нафаси узилди+. 47  Юз берган воқеаларни кўрган юзбоши: «Чиндан ҳам у одил инсон экан»+,— дея Аллоҳни шарафлади. 48  Томошага тўпланган халойиқ бу воқеаларни кўриб, кўксига урганча уйига қайтиб кетди. 49  Исони билганлар, шу жумладан унга Жалиладан эргашиб келган аёллар нарироқда туриб, бу ҳодисаларни кузатишарди+. 50  Ўша ерда Юсуф исмли яхши ва одил киши бор эди. У Кенгаш аъзоси эди+. 51  (Лекин уларнинг режалари-ю хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватламасди.) Юсуф яҳудийларнинг Ариматея шаҳридан бўлиб, Худонинг Шоҳлиги келишини кутиб юрарди. 52  У Пилатнинг олдига бориб, Исони дафн этиш учун рухсат сўради. 53  Юсуф Исони устундан тушириб+, аъло сифатли зиғир кафанга ўради-да, қояда ўйилган, ҳали ҳеч ким қўйилмаган қабрга қўйди+. 54  Ўша кун Тайёргарлик куни* эди+. Кеч яқинлашиб, Шаббат куни+ бошланишига оз вақт қолган эди. 55  Исо билан Жалиладан келган аёллар ҳам, қабрни ва жасад қандай қўйилганини кўриш учун ўша ерга боришди+. 56  Сўнг улар хушбўй ўтлар ва мойни тайёрлаб келиш учун қайтиб кетишди. Шаббат куни+ бўлса Тавротга биноан дам олишди.

Изоҳлар

Ёки «қайсарга». Юн. цезарь.
Яъни Ҳирод Антипа. Луғатга қ.
Сўзма-сўз «Шоҳлигингизга кирганингизда».
Сўзма-сўз «Бугуннинг ўзида сизга айтяпманки».
Сўзма-сўз «олтинчи соатда».
Сўзма-сўз «тўққизинчи соатгача».
Ёки «нафас». Сўзма-сўз «руҳ».