Матто баён этган хушхабар 17:1–27
17 Олти кундан кейин, Исо Бутрусни ва ака-ука Ёқуб билан Юҳаннони баланд тоққа олиб чиқди+.
2 У ерда Исонинг қиёфаси ўзгариб, юзи қуёш каби ярқиради, устки кийимидан эса нур тарала бошлади+.
3 Тўсатдан шогирдларга, Исо билан суҳбатлашиб турган Мусо ва Илёс пайғамбарлар кўринди.
4 Шунда Бутрус Исога: «Ҳазрат, бу ер бизга жуда ёқди. Агар истасангиз, шу жойга учта чодир қурайин: бири сизга, бири Мусога, бири эса Илёсга»,— деди.
5 У ҳали гапини тугатмасидан, уларни булут қоплади ва булут ичидан: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман+. Унга қулоқ солинглар»+,— деган садо келди.
6 Буни эшитиб, шогирдлар қаттиқ қўрққанларидан юзтубан тиз чўкишди.
7 Шу пайт Исо уларнинг ёнига келди-да, қўлини теккизиб: «Туринглар, қўрқманглар»,— деб айтди.
8 Шогирдлар бошларини кўтариб, Исодан бошқа ҳеч ким йўқлигини кўришди.
9 Тоғдан тушиб келишаётганда, Исо уларга: «Инсон Ўғли тирилмагунча, кўрганларингизни ҳеч кимга айтманглар»,— деб буюрди+.
10 Шогирдлари Исодан шундай дея сўрашди: «Нега уламолар, биринчи Илёс пайғамбар келиши керак дейишади?»+
11 Исо шундай жавоб берди: «Тўғри, Илёс пайғамбар келиб ҳамма нарсани тиклайди+.
12 Аммо сизларга айтиб қўяй, Илёс пайғамбар аллақачон келган эди. Лекин уни танимай, у билан ўзлари хоҳлагандай муомала қилишди+. Шу сингари Инсон Ўғли ҳам уларнинг қўлида азоб чекиши керак»+.
13 Шунда шогирдлар Исо уларга халқни сувга чўмдириб юрган Яҳё ҳақида гапираётганини тушунишди.
14 Улар халойиқ ёнига келишганида+, бир киши Исонинг олдида тиз чўкиб:
15 «Ҳазрат, ўғлимга раҳм-шафқат кўрсатинг, чунки унинг тутқаноғи бор, аҳволи жуда ёмон. У ўзини кўпинча оловга ва сувга ташлайди+.
16 Аммо уни шогирдларингизнинг олдига олиб келсам, улар даволай олишмади»,— деб айтди.
17 Исо жавоб бериб, деди: «Эй, имонсиз ва бузуқ насл+, қачонгача сизлар билан бўлишим керак? Яна қанча сизларга чидашим керак? Болани олдимга олиб келинглар».
18 Исо жинга дўқ урган эди, у боладан чиқиб кетди ва бола шу заҳотиёқ соғайди+.
19 Бундан сўнг, шогирдлар Исонинг ёнига келиб: «Нега биз жинни қувиб чиқара олмадик?» — деб сўрашди.
20 Исо уларга: «Имонингизнинг сустлигидан,— деди. — Ишонаверинг, агар имонингиз хантал уруғидай бўлса-ю, шу тоққа: “Бу ёқдан у ёққа кўч”,— десангиз, у кўчиб ўтади. Сизлар учун имконсиз нарса бўлмайди»+.
21 * ——
22 Улар Жалилада йиғилиб ўтиришганда, Исо шогирдларига: «Инсон Ўғли душманларининг қўлига тутиб берилади+
23 ва улар уни ўлдиришади. Аммо у учинчи куни тирилади»+,— деб айтди. Буни эшитиб шогирдлар қайғуга ботишди.
24 Улар Кафарнаҳумга келишганда, маъбад солиғини* йиғиб юрган кишилар Бутруснинг ёнига келиб: «Устозингиз маъбад солиғини+ тўлайдими?» — деб сўрашди.
25 Бутрус: «Тўлайди»,— дея жавоб қайтарди. Бироқ у уйга кирганида, Исо гап бошлаб сўради: «Нима деб ўйлайсиз, Симун, жаҳон подшоҳлари бож ёки жон солиғини кимдан олишади? Ўз ўғиллариданми ёки бегоналарданми?»
26 Бутрус: «Бегоналардан-да»,— деди. Шунда Исо унга қуйидагича жавоб берди: «Демак, ўғиллар солиқдан озод экан-да.
27 Лекин биз ҳақимизда нотўғри фикрга бормасликлари учун+ денгизга бориб, қармоқ ташланг. Қармоққа илинган балиқнинг оғзини очсангиз, кумуш танга* топасиз. Ўшани олиб, икковимиз учун тўланг».
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «дидрахма». Илованинг Б14 мавзусига қ.
^ Сўзма-сўз «статир». Тетрадрахма деб ҳам номланади. Илованинг Б14 мавзусига қ.