Қонунлар 11:1–32

  • Яҳованинг буюклигини кўргансизлар (1–7)

  • Ваъда қилинган юрт (8–12)

  • Итоаткорлик учун мукофот (13–17)

  • Худонинг сўзлари қалбларга таъсир қилади (18–25)

  • «Барака ёки лаънат» (26–32)

11  Тангрингиз Яҳовани севинглар+ ва Унинг олдидаги бурчингизни ҳамиша адо этинглар, Унинг низомларига, қоидаларию амрларига риоя қилинглар. 2  Бугун ўғилларингизга эмас, сизларга мурожаат қилаётганимни ўзларингиз яхши биласизлар. Ахир улар Худойингиз Яҳованинг тарбиясини+, Унинг буюклигини+, кучли билагию қудратли қўлини+ билишмайди ҳам, кўришмаган ҳам. 3  Миср фиръавнига ва унинг бутун юртига У қандай аломатлар ва ишлар қилганини ўғилларингиз кўришмаган+. 4  Миср қўшинлари — фиръавннинг отлари ва жанг аравалари билан У нима қилганини ўғилларингиз билишмайди. Улар сизларни таъқиб қилишганида, Қизил денгиз сувлари уларни босиб қолган эди ва Яҳова уларни бутунлай йўқ қилиб юборганди+. 5  Бу ерга келгунга қадар, У саҳрода сизларга қандай ғамхўрлик қилганини ўғилларингиз кўришмаган. 6  Ёки Рубеннинг ўғли бўлмиш Элиёбнинг ўғиллари Датан ва Абурамга нима қилганини улар кўришмаган. Ўшанда барча Исроил ўғилларининг кўз олдида уларни, уларнинг хонадонларинию чодирларини ва уларга эргашган ҳар бир тирик жонни ер ютиб юборган эди+. 7  Яҳованинг барча буюк ишларини ўз кўзларингиз билан кўргансизлар. 8  Маҳкам бўлишингиз ва дарёнинг нарёғига ўтиб юртни эгаллаб олишингиз учун, мен бугун сизларга бераётган амрларнинг барига риоя қилинглар. 9  Шундагина ота-боболарингиз ва уларнинг зурриётига* Яҳова қасам ичиб бераман деб айтган+, сут ва асал оқиб ётган юртда+ узоқ умр кўрасизлар+. 10  Сизлар эгаллаш учун бораётган юрт эса, сизлар чиққан Миср юртига ўхшамайди. У ерда уруғ экиб, полизни суғоргандай машаққат билан ерга* сув берар эдингизлар. 11  Сизлар эгалламоқчи бўлиб бораётган юрт эса, осмон ёмғирлари суғорадиган+ тоғлар ва водийлар юртидир+. 12  Бу юртга Тангрингиз Яҳова ғамхўрлик қилади. Йилнинг бошидан то охиригача, Худойингиз Яҳованинг нигоҳи ҳамиша шу юртга қаратилгандир. 13  Мен бугун сизларга буюрган амрларга астойдил бўйсунсангиз ва Аллоҳингиз Яҳовани севиб, бутун қалбингиз ва бутун жонингиз* билан+ Унга хизмат қилсангиз, 14  У* белгиланган вақтда ерларингизга кузги ва баҳорги ёмғирларни ёғдиради ва сизлар донларингизни йиғиб, янги шаробингиз ва мойингизни оласизлар+. 15  У чорвангиз учун далаларингизда ўт ўстиради, сизлар ҳам еб тўясизлар+. 16  Эҳтиёт бўлинглар, қалбингиз алданмасин, йўлдан озиб бошқа худоларга сиғинманглар ва уларга сажда қилманглар+. 17  Акс ҳолда, сизларга қарши Яҳованинг ғазаби қайнаб, ёмғир ёғмаслиги учун осмонни беркитиб қўяди+ ва ер ўз ҳосилини бермайди. Шунда Яҳова сизларга бермоқчи бўлган яхши юртдан тезда қирилиб кетасизлар+. 18  Менинг бу сўзларимни қалб ва жонингизга* муҳрлаб, уларни қўлингизга эслатмадек боғлаб қўйинглар. Улар пешонангизда пешонабанддек бўлсин+. 19  Уларни фарзандларингизга ўргатинглар, уйда ўтирганингизда ҳам, йўлда кетаётганингизда ҳам, ётганингизда ҳам, турганингизда ҳам улар ҳақда фарзандларингиз билан гаплашинглар+. 20  Уларни эшикларингиз ёндорларига ва дарвозаларингизга* ёзиб қўйинглар. 21  Ўшанда осмон ер устида қанча турса, ўзингиз ҳам, ўғилларингиз ҳам Яҳова ота-боболарингизга бераман деб қасам ичган юртда+ шунча вақт умр кўрасизлар+. 22  Мен сизларга бераётган бу амрларга қатъий амал қилиб, уларни бажарсангиз, Тангрингиз Яҳовани севсангиз+, Унинг барча йўлларидан юриб Унга содиқ бўлсангиз+, 23  Яҳова бу барча халқларни олдингиздан қувиб чиқаради+ ва сизлар ўзингиздан қудратлироқ ва кўпроқ бўлган халқларнинг ерларини эгаллаб оласизлар+. 24  Қаерга оёқ боссангизлар, ўша ер сизларники бўлади+. Чегарангиз саҳродан тортиб Ливангача, Фурот дарёсидан то ғарб томондаги денгизгача* чўзилади+. 25  Ҳеч ким сизларга қарши тура олмайди+. Тангрингиз Яҳованинг Ўзи ваъда қилганидай, қадамингиз етган ерлардаги халқларнинг барини сизлардан қўрқадиган ҳамда ваҳимага тушадиган қилиб қўяди+. 26  Бугун сизларга барака ёки лаънатни танлашни таклиф қиляпман+. 27  Бугун мен сизларга буюраётган Аллоҳингиз Яҳованинг амрларига бўйсунсангиз, барака топасизлар+. 28  Борди-ю, Худойингиз Яҳованинг амрларига бўйсунмасангиз+, юришингиз учун бугун кўрсатган йўлимдан оғиб кетиб, ўзларингиз билмаган худоларга эргашсангиз, лаънати бўласизлар. 29  Тангрингиз Яҳова эгаллашингиз керак бўлган юртга сизларни олиб борганида, Гаризим тоғида баракани, Эбал тоғида лаънатни эълон қилинглар+. 30  Бу тоғлар Арабада яшайдиган канъонликларнинг юртида — ғарб* томонда, Иорданнинг нарёғида, улкан дарахтлар ўсадиган Мўре+ яқинидаги Гилгалнинг қаршисида жойлашган. 31  Аллоҳингиз Яҳова сизларга бераётган юртга кириб, уни эгаллаб олиш учун Иорданни кечиб ўтяпсизлар+. Уни эгаллаб олиб, унда яшаганингизда, 32  бугун мен сизларга бераётган қонун-қоидаларга астойдил риоя қилинглар+.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «уруғига».
Ёки «оёғингиз билан», яъни чархпалакни ҳаракатга келтириш ёки каналлар очиш ва ўтказиш учун оёқ кучини ишлатиш.
Сўзма-сўз «Мен». Бу ва кейинги оятда Худо назарда тутилган.
Яъни шаҳар дарвозаларига.
Яъни Буюк денгиз ёки Ўрта денгиз.
Ёки «қуёш ботар».