Коринфликларга йўлланган биринчи мактуб 10:1–33

  • Исроилнинг тарихидан сабоқлар (1–13)

  • Бутпарастлик ҳақида огоҳлантириш (14–22)

    • Яҳованинг дастурхони, жинларнинг дастурхони (21)

  • Озодлик ва бошқаларни инобатга олиш (23–33)

    • «Ҳамма нарсани Худони шарафлаш учун қилинглар» (31)

10  Биродарлар, сизлар қуйидагиларни билишингизни истайман: ота-боболаримизнинг ҳаммаси булут остида йўл юриб+, денгиздан ўтишди+. 2  Бундан ташқари, барчаси Мусонинг орқасидан эргашиб, булут ва денгиз орқали сувга чўмишди. 3  Шунингдек, ҳаммалари бирдай илоҳий озуқани еб+, 4  бирдай илоҳий сувни ичишди+. Улар орқаларидан келаётган илоҳий қоядан сув ичишди. Бу қоя Масиҳнинг рамзи эди+. 5  Бироқ улардан кўпчилиги Аллоҳга маъқул келмай, саҳрода ўлиб кетишди+. 6  Уларга ўхшаб ёмонликни истамаслигимиз учун, бу бизга сабоқ бўлди+. 7  Уларнинг баъзиларидек бутпараст бўлманглар. Улар ҳақида Муқаддас Ёзувларда: «Халқ еб-ичиш учун ўтирди, кейин эса ўрнидан туриб, вақтичоғлик қила бошлади»+,— дейилган. 8  Айримлари каби зино* ҳам қилмайлик. Зеро улар зино қилишгани туфайли бир кунда 23 000 киши ҳалок бўлди+. 9  Яҳовани* ҳам синамайлик+. Баъзилари Уни синашгани учун уларни илонлар чақиб ўлдирди+. 10  Нолиманглар. Улардан айримлари нолиб+, қирувчининг қўлидан нобуд бўлишди+. 11  Буларнинг барчаси сабоқ бўлсин дея уларнинг бошига тушган ҳамда замоналарнинг охирида яшаётган бизлар учун огоҳлантириш сифатида ёзилган+. 12  Шундай экан, ким тик турибман деб ўйласа, эҳтиёт бўлсин, тағин йиқилиб тушмасин+. 13  Сизлар одамлар йўлиқаётган оддий васвасаларга дуч келяпсизлар+. Худо эса Ўз сўзига содиқдир ва дош бера олмайдиган даражада васваса қилинишингизга У йўл қўймайди+. Аксинча, васваса пайтида чидай олишингиз учун иложини ҳам беради+. 14  Шу боис, азизларим, бутпарастликдан қочинглар+. 15  Бу сўзларни эс-ҳушли одамларга мурожаат қилгандек гапиряпман. Айтганларимдан ўзларингиз хулоса чиқаринглар. 16  Биз қутлаётган шукрона косаси Масиҳ қонига шерик бўлишимизни англатмайдими?+ Шунингдек, биз синдираётган нон Масиҳнинг танасига шерик бўлишимизни билдирмайдими?+ 17  Нон битта бўлганидай, биз ҳам кўп бўлишимизга қарамай, бир танмиз+. Сабаби, ҳаммамиз битта нонни бўлишяпмиз. 18  Исроил халқига* қаранглар: қурбонликлардан еганлар, наҳотки қурбонгоҳга шерик бўлишмаса?+ 19  Хўш, нима десам экан? Бутларга бағишланган қурбонлик ёки бутнинг ўзи бирор аҳамиятга эгами? 20  Йўқ. Аммо шуни айтмоқчиманки, бошқа халқлар келтирган қурбонликлар Худога эмас, жинларга бағишланади+. Мен эса жинларга шерик бўлишингизни хоҳламайман+. 21  Сизлар ҳам Яҳованинг* косасидан, ҳам жинларнинг косасидан ича олмайсизлар; ҳам «Яҳованинг* дастурхонидан»+, ҳам жинлар дастурхонидан таом ея олмайсизлар. 22  Ёки «Яҳованинг* ғазабини* қўзғатмоқчимизми»?+ Наҳотки биз Ундан кучлироқ бўлсак? 23  Менга ҳар нарса рухсат этилган, лекин ҳаммаси ҳам фойдали эмас. Ҳар нарса менга рухсат этилган бўлса-да, ҳаммаси ҳам далда бермайди+. 24  Ҳар ким ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини кўзласин+. 25  Гўшт бозорида сотиладиган ҳамма нарсани суриштирмай, тоза виждон билан еяверинглар. 26  Зеро «ер юзи ҳамда ундаги бор нарса Яҳовага* тегишлидир»+. 27  Агар имондош бўлмаган бирор киши сизларни меҳмонга чақирса ва сизлар боришга рози бўлсангиз, олдингизга қўйган ҳамма нарсани суриштирмай, тоза виждон билан еяверинглар. 28  Мабодо кимдир: «Бу нарсалар бутларга бағишланган»,— деб қолса, айтган киши учун ҳамда ҳеч кимнинг виждони қийналмасин деб, уни еманглар+. 29  Мен сизларнинг эмас, ўзга одамнинг виждонини назарда тутяпман. Менинг эркинлигимни бошқа кишининг виждони ҳукм қилишига йўл бериб нима қиламан?+ 30  Агар таомни Аллоҳга шукрона айтиб есам, унда шукрона айтиб еган таомим учун нега айбланишим керак?+ 31  Шу сабабдан, ейсизларми, ичасизларми, нимаики қилсангизлар, ҳамма нарсани Худони шарафлаш учун қилинглар+. 32  На яҳудийлар, на юнонлар, на Тангри жамоатининг қоқинишига сабабчи бўлманглар+. 33  Мен ҳам ўзимнинг эмас, кўпларнинг фойдасини кўзлаб+, Аллоҳ уларни қутқариб қолиши учун, барчани ҳар нарсада мамнун этяпман+.

Изоҳлар

Луғатдаги «жинсий ахлоқсизлик» иборасига қ.
Ёки «жисмоний Исроилга».
Ёки «рашкини».