Муқаддас Китобда татуировкалар ҳақида нима дейилган?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Татуировка, яъни баданга расм чизиш ҳақида Муқаддас Китобда бир марта Левилар 19:28 да учраган. У ерда шундай ёзилган: «Танангизга сурат чизманглар». (Левилар 19:28) Худо бу амрни Исроил халқига берган. Улар бу амрга амал қилиб, баданига сурат чизган қўшни халқлардан ажралиб туришган. (Қонунлар 14:2) Масиҳийлар Исроил халқига берилган қонун остида бўлишмаса-да, мазкур амрнинг остида ётган принципни кўриб чиқиш арзийди.
Масиҳий татуировка қилиши керакми?
Қуйида келтирилган оятлар бу борада мулоҳаза юритишингизга ёрдам беради:
Муқаддас Китобда «хотинлар... иффат... билан безансинлар» деб айтилган. (1 Тимўтийга 2:9, «Ўзбекистон Библия Жамияти») Бу принцип ҳам аёлларга, ҳам эркакларга тегишли. Биз бошқаларнинг ҳис-туйғуларини ҳурмат қилишимиз, қолаверса, ўзимизга ноўрин эътибор қаратишдан қочишимиз лозим.
Баъзилар муайян гуруҳга тегишли эканини кўрсатиш ёки таналари билан хоҳлаганини қилишга ҳақли эканини исботлаш ниятида татуировка чиздиришади. Аммо Муқаддас Китобда масиҳийлар учун қуйидагича чорлов бор: «Таналарингизни тирик, муқаддас, Худога маъқул келадиган қурбонлик сифатида бағишланглар. Шу йўсин, ақлингизни ишга солиб, муқаддас хизматни адо эта оласизлар». (Римликларга 12:1) Нега танангизга сурат чиздиришни истаётганингизни тушуниш учун ақлингизни ишга солинг. Бу урфга киргани учун шундай қилмоқчимисиз? Ёки бирон гуруҳга тегишли эканингизни кўрсатмоқчимисиз? Унутманг, ҳис-туйғулар ўткинчи, аммо татуировка бутун умрга қолади. Ниятларингизни текшириш доно қарор чиқаришингизга кўмаклашади. (Ҳикматлар 4:7)
«Тиришқоқнинг режалари муваффақият келтиради, шошқалоқлар эса камбағалликка юз тутади». (Ҳикматлар 21:5) Кўпинча одамлар татуировка қилишга шошиб қарор чиқаришади. Аммо танасига сурат чиздиришгач, одамларнинг уларга бўлган нуқтаи назари салбий тарафга ўзгариши ва уларнинг иш топа олиш имконияти пасайиши мумкин. Татуировкаларни ўчириш қимматга тушиши ҳамда оғриқли бўлиши ҳеч гап эмас. Изланишлар, жумладан, татуировкаларни ўчириш бизнеси гуллаб-яшнаётгани шуни кўрсатяптики, танасига сурат чиздирганларнинг аксарияти вақт ўтиб бундай қилганидан пушаймон бўлади.