Худонинг Шоҳлиги одамнинг қалбидами?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Йўқ. Худонинг Шоҳлиги шунчаки Исо издошларининг қалб ҳолати эмас a. Муқаддас Китобда Осмон Шоҳлиги дейилгани учун бу Шоҳликнинг жойлашуви осмондадир. (Матто 4:17) Каломга кўра, у чиндан ҳам мавжуд ҳукумат ва у осмондан туриб бошқаряпти.
Худо Шоҳлигининг бошқарувчилари, фуқаролари ва қонунлари бор. Шунингдек, у Худонинг иродасини осмонда ва ерда амалга ошириш ҳуқуқига эга. (Матто 6:10; Ваҳий 5:10)
Худонинг ҳукумати, яъни Шоҳлиги бутун ер юзидаги халқлар, миллатлар ва турли тилда гапирадиганлар устидан бошқаради. (Дониёр 7:13, 14) Бу ҳукуматнинг бошқарувчиларига ҳокимиятни фуқаролар эмас, балки Худонинг ўзи беради. (Забур 2:4–6; Ишаё 9:7)
Исо садоқатли ҳаворийларига улар осмондаги Шоҳликда у билан бирга тахтларга ўтиришини айтган. (Луқо 22:28, 30)
Бу Шоҳлик ўз душманларини йўқ қилади. (Забур 2:1, 2, 8, 9; 110:1, 2; 1 Коринфликларга 15:25, 26)
Айримлар «Худога қулоқ солсангиз, Шоҳлик қалбингизда бўлади» деб ўйлашади. Лекин Муқаддас Китоб бунга ўргатмайди. Унга кўра, «Шоҳлик тўғрисидаги хабар» ёки «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар» қалбларимизга таъсир қилиши мумкин. (Матто 13:19; 24:14)
«Худонинг Шоҳлиги ичингизда» деган ибора нимани англатади?
Баъзи одамлар Луқо 17:21 даги Худонинг Шоҳлиги тўғрисида айтилган сўзларни ўқиб, Шоҳлик қаерда эканини тушунмай қолишади. Масалан, бир таржимада: «Худонинг Шоҳлиги ичингизда»,— дейилган. («The King James Version») Бу оятни тўғри тушуниш учун матн таркибини кўриб чиқишимиз лозим.
Исо бу сўзларни фарзийларга қарата айтган эди. Бу диний раҳбарлар Исога қарши чиқиб, унинг қатл этилишини ташкил этишган эди. (Матто 12:14; Луқо 17:20) Шоҳлик бундай ёвуз инсонларнинг қалбида бўлишини ақлга сиғдириш қийин. Исо уларга: «Ичингиз иккиюзламачилик ва қонунсизликка тўла»,— деб айтган. (Матто 23:27, 28)
Бошқа таржималарда Исонинг Луқо 17:21 даги сўзлари аниқроқ ўгирилган, яъни «Худонинг Шоҳлиги орангизда» дейилган. Демак, Худонинг Шоҳлиги фарзийлар орасида эди, чунки Исо Худо Шоҳлигининг бўлажак Шоҳи сифатида уларнинг орасида бўлган. (Луқо 1:32, 33)
a Аксарият христиан дин мазҳаблари «Худонинг Шоҳлиги инсоннинг ичида, яъни қалбида» деб ўргатади. Мисол учун, Америка Қўшма Штатларида қабул қилинган бир диний ҳужжатда «Худонинг Шоҳлиги муайян маънода инсоннинг юрагида ва ҳаётида ҳукмронлик қилади» деб айтилган. Шу сингари Рим папаси Бенидикт XVI ўз китобида «Худонинг Шоҳлиги итоаткор қалб орқали келади» деб ёзган. («Jesus of Nazareth»)