Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Қачон яхши баҳолар оламан?

Қачон яхши баҳолар оламан?

«Синфдошларимнинг баъзилари дарсга китобсиз келишади, устозни тингламай наушник тақиб ўтиришади. Кейин эса икки олганидан норози бўлиб юришади. Бошқалар эса менга ўхшаб бош кўтармай ўқишса ҳам, ёмон баҳо олишади. Нега бундай бўляпти? Умуман тушунмайман! Бутун ҳафта мобайнида кечасигача ниманидир ёдлайсиз-да, натижада эса барибир ёмон баҳо оласиз». (Иоланда)

Хўш, бу қизнинг сўзлари сизга танишми? Тўғри, ёмон баҳо, айниқса, бирин-кетин икки-уч ёғилаверса, ҳафсалангиз пир бўлади.

Бундай вазиятда баъзилар таслим бўлиб, ҳеч нимани ўзгартирмайди. Айримлар эса, умуман ўқишни ташлаб қўйишади. Балки, сиз ҳам шундай фикрга бораётгандирсиз. Бироқ бу муаммони ҳал қилса бўлади. Яхши баҳо олиш мумкин, бунинг олтита қадамини билиб олинг.

 Қандай чора кўриш мумкин?

  • Дарсдан қочманг. «Бу мен учун янгилик эмас», деб ўйларсиз. Дарсларни кўп марта қолдирсангиз, яхши баҳолар олишингиз амримаҳол.

    «Мактабда асосан қандай баҳо олиши барибир бўлган ўқувчилар дарслардан қочиб юришарди. Лекин бундай қилиб, улар фақат ўзига зарар келтиришарди». (Мэтью)

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Инсон нима экса, шуни ўради». (Галатияликларга 6:7)

  • Синфда фаол бўлинг. Айтайлик, синфга келдингиз. Хўш, нима қиласиз? Дарслар мазмунини ёзиб боринг. Устознинг айтаётганларини тушунишга ҳаракат қилинг. Агар мумкин бўлса, тушунмаганингиз борасида саволлар беринг.

    «Устоз бизга айнан нима тушунарсиз бўлаётганини кўрса, буни яхшироқ етказиб беришга ҳаракат қилишига аҳамият бердим. Шунинг учун, дарсда кўп саволлар бераман». (Оливия)

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Қандай тинглаётганингизга диққат қилинглар». (Луқо 8:18)

  • Айёрлик қилманг. Яхши баҳо оламан деб ўқувчилар турли хил муғомбирлик қилишади. Масалан, бошқалардан кўчиришади. Лекин бу шунчаки ёлғон эмас, бундай қилиб сиз ҳеч нарсага ўрганмайсиз, аксинча, зарар келтирасиз.

    «Ҳатто тўғри жавобни билмасангиз ҳам, бошқалардан кўчирманг. Муаммони бундай ҳал қилиб бўлмайди. Ўзингиз унинг ечимини топишга интилсангиз, бошқаларнинг ёрдамига қараб қоласиз». (Жонатан)

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Ҳар нарсада ҳалол бўлишни истаймиз». (Ибронийларга 13:18)

  • Уй ишига жиддий ёндашинг. Имкон бўлса, биринчи навбатда дарсларни бажаринг, бошқа нарсаларни эса, айниқса, ҳордиқ чиқаришни кейинга суриб туринг a. Дарсларингизни қилиб бўлгач, маза қилиб ва тоза виждон билан дам олишингиз мумкин.

    «Дарсларимга жиддий қарай бошладим. Шунда, баҳоларим ҳам ўзгарди. Уйга келганимда, сал-пал мизғиб олгим ёки мусиқа эшитгим келади. Бироқ ўзимни тийиб, дарсларимни қиламан, сўнг эса дам оламан». (Кэлвин)

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланг». (Филиппиликларга 1:10)

  • Ёрдам сўранг. Бошқалардан ёрдам сўрашдан тортинманг. Ота-онангиз билан маслаҳатлашинг. Яхши баҳога ўқиш учун устоздан ёрдам сўранг. Баъзида репетиторнинг хизматларидан фойдаланиш мумкин.

    «Устознинг олдига боринг. Мавзуни яхшироқ тушуниш ва баҳоларни яхшилаш учун ёрдам сўранг. Тиришқоқ инсон эканингизни билса, устозингиз сизни қўллаб-қувватлаши мумкин». (Дэвид)

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Маслаҳатчи кўп бўлса, улар амалга ошади». (Ҳикматлар 15:22)

  • Ташаббус кўрсатинг. Баъзида имтиҳонларда қўшимча топшириқлар бўлади. Уларни ҳам четлаб ўтманг, балки бу яхши баҳо олишингизга имкон берар. Шунингдек, бажариш ихтиёрий бўлган вазифаларни олинг. Масалан, бирон мавзуда ёзма маълумот тайёрлаб беринг. Имтиҳонни яхши топшира олмасангиз, устоздан баҳони қандай яхшилаш мумкинлигини сўранг.

    Баҳоларни яхшилай олишни мусиқа асбобида ўйнашни ўрганиш билан солиштирса бўлади. Бу осон эмас, лекин натижаси бунга арзийди

    «Яхши баҳо биринчи навбатда ўзим учун фойдали. Шунинг учун, қўшимча топшириқлар олиш ёки ёмон хатони ўзгартириш учун ташаббус кўрсатаман ва устозларнинг ёнига бораман». (Маккензи)

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Ҳар қандай меҳнатнинг фойдаси бор». (Ҳикматлар 14:23)

a Уй ишини бажариш борасидаги муайян маслаҳатларни «Ёшларнинг саволлари. Уй ишини қандай қилиб тугата оламан?» номли мақоладан топинг.