Асосий материалларга ўтиш

2022 йил 23 июлда Украинада сувга чўмган ваъзгўйлар

2022 ЙИЛ 12 АВГУСТ
УКРАИНА

СЎНГГИ ХАБАРЛАР — 12 | Украинадаги қийин пайтда кўрсатилаётган биродарлик севгиси

«Ҳатто уруш ҳам шогирд тайёрлаш ишини тўхтата олмайди»

СЎНГГИ ХАБАРЛАР — 12 | Украинадаги қийин пайтда кўрсатилаётган биродарлик севгиси

Украина ва бошқа мамлакатларда 23–31 июлда «Тинчлик сақлашга интилинг!» номли анжуманда кўплар сувга чўмди. 2 августга келиб Украинада сувга чўмган одамларнинг умумий сони 1 113 та бўлди. У ердаги битта биродар шундай деди: «Ҳатто уруш ҳам шогирд тайёрлаш ишини тўхтата олмайди. Чунки Исо: “Мен доимо сизлар билан бўламан”,— деб ваъда қилган». (Матто 28:20)

Қуйидагиларни сиз билан бўлишишдан хурсандмиз:

Луганск вилоятидаги Кременная шаҳридан бўлган 63 ёшли Наталья опамиз ва унинг иккита қизи 1990 йилларда Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашган. Қизлари маънан ўсиб, сувга чўмишган, у эса йўқ. Уруш бошланганида имондошларимиз Натальяни ўзлари билан хавфсизроқ ҳудудга олиб кетишган. У Ивано-Франковскдаги Йиғилиш залида бошпана топган.

Наталья шундай бўлишди: «Кучли бомбардимондан кейин, мен гўё кулишни унутгандай эдим. Биродару опа-сингиллар менга самимий севги кўрсатди. Менга шунчалик ғамхўрлик қилишади деб ҳеч ўйламагандим. Ўшанда, қалбимда Яҳовага бўлган севги уйғонди. Муқаддас Китобни кўп ўқирдим. Битта опамиз “Ҳаётдан тоабад завқланинг!” китоби ёрдамида тадқиқ ўтишни таклиф қилди. Ўша опамиз Яҳованинг совғаси эди. Ҳозир Яҳованинг Шоҳиди эканимдан жуда бахтиёрман. Тангри Яҳовани бутун қалб, жон ва онг билан севиш ҳақидаги амр бўйича яшашни хоҳлайман». (Матто 22:37)

Оля Польшада «Тинчлик сақлашга интилинг!» номли анжуманнинг мавзуси ёзилган қоғозни ушлаб турибди

Черкассидаги Оля уруш бошланганида сувга чўммаган ваъзгўй эди. 6 март куни у қизи ва невараси билан Польшага қочиб кетган. У шундай деди: «Ҳар биримиз фақат ўз рюкзагимиз билан келдик, лекин имондошларимиз учаламизга ҳам ғамхўрлик қилишди. Бу мени Яҳованинг ташкилоти бирдам эканига ва уни муқаддас руҳ бошқараётганига ишонтирди. Буларнинг ҳаммасини бошдан ўтказиб, ҳаётимни Яҳовага бағишлаш қарорим янада мустаҳкамланди. Қийин дамларда У менга ёрдам қўлини чўзди. Энди, Унга хизмат қилиб, миннатдорчилигимни кўрсатмоқчиман».

Донецк вилоятидаги 18 ёшли Юлия Яҳованинг Шоҳидлари оиласида улғайган, аммо сувга чўммаган эди. Уруш бошланганидан кўп ўтмай у билан бир воқеа юз берди. Юлия қуйидагиларни айтиб берди: «Уйнинг полида ётганимда, дуч келган пайтда ўлишим мумкинлигини тушундим. Биз яшаган кўча бутунлай вайрон бўлди, аммо биз омон қолдик. Кейинчалик, мен ибодат қилиб, Яҳованинг фазилатлари ҳақида фикр юритдим. У билан дўстлашдим ва ҳаётимни Унга бағишлашим кераклигининг айни вақти эканидан бошқа шубҳаланмасдим. Яҳова ибодатларимга жавоб бериб, доим ёнимда бўлганини кўрсатди. Олдин Худо ҳақида фақат билимга эга эдим. Ҳозир эса Уни яхши кўраман». Юлия 23 июлда сувга чўмди.

11 ёшли Давид Германияда сувга чўмишдан олдин

Уруш бошланганида, 11 ёшли Давид оиласи билан Германияга қочиб кетди. У тўққиз ёшидан бери сувга чўммаган ваъзгўй эди. Ҳозир эса у маънавий мақсадлари сари интиляпти. Давид шундай деди: «Сувга чўмишга қарор қилдим. Чунки Яҳовани яхши кўраман ва Унинг дўсти бўлмоқчиман. Сувга чўмганимда, Яҳованинг ажойиб оиласига қўшилганимдан кўзларим қувонч ёшларига тўлди. Одамларга Яҳова ҳамда инсонлар учун қилган нияти ҳақида айтиб беришни ёқтираман. Шунинг учун, кашшоф бўлишни мақсад қилдим. Шунингдек, жамоатимдаги имондошларимга хизмат қилишни ва бир кун келиб жамоат хизматкори бўлишни истайман. Энг катта мақсадим Байтилда хизмат қилиш. 2018 йили Львовдаги филиалга ташриф буюрганимиздан бери буни орзу қиламан».

Киевдан бўлган Олёна 2011 йили сувга чўммаган ваъзгўй бўлган. У ўн йил давомида фаолиятсиз бўлган. 2020 йили оқсоқоллар у билан боғланиб, «Яҳовага қайтинг» номли рисолани унга беришган. Олёна қуйидагича бўлишди: «Мен яна тадқиқ бошлаб, йиғилишларга қатнайдиган бўлдим. Бироқ сал вақт ўтгач, яна тўхтаб қолдим. Уруш пайтида Яҳова ибодатларимга жавоб берди. У мени ҳимоя қилганини, севгисини кўрсатиб, хотиржамлик берганини тушундим. Сўнг Руминияга қочдим ва Яҳованинг Шоҳидларини излаб топдим. Улар менга кўрсатган севги ва ғамхўрлик худди Яҳова устимга ёпган иссиққина ёпинчиқдай бўлган». У 24 июлда сувга чўмди. Олёна шундай деди: «Яҳова менга сабрини намоён этганидан жуда миннатдорман. Ҳозир: “Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан”,— деб айта оламан». (Филиппиликларга 4:13)

Қуйида 2022 йил 2 август кунига оид Украина ҳақидаги янгиликлар келтирилган. Ушбу маълумотда келтирилган сонларни маҳаллий биродарлар тақдим этди. Аммо бу сонлар аслида кўпроқ бўлиши мумкин. Чунки мамлакатнинг барча ҳудудларидаги биродарлар билан алоқага чиқиш қийин бўляпти.

Имондошларимиз ҳақида маълумот

  • 43 та ваъзгўй вафот этди.

  • 97 та ваъзгўй жароҳатланди.

  • 22 568 та ваъзгўй уйини тарк этиб, мамлакатнинг хавфсиз жойларига қочди.

  • 586 та уй вайрон бўлди.

  • 613 та уйга жиддий зарар етказилди.

  • 1 632 та уйга оз-моз зарар етказилди.

  • 5 та Йиғилиш зали вайрон бўлди.

  • 10 та Йиғилиш залига жиддий зарар етказилди.

  • 37 та Йиғилиш залига оз-моз зарар етказилди.

Ёрдам ишлари

  • Украинада 27 та Табиий офатларда ёрдам бериш қўмитаси фаолият юритяпти.

  • 53 836 та ваъзгўй бу қўмита томонидан хавфсиз жойга жойлаштирилди.

  • 24 867 та ваъзгўй бошқа мамлакатларга қочди ва у ердаги имондошлардан ёрдам олди.