2020 ЙИЛ 12 МАЙ
ФИЛИППИН
Пандемия пайтида қулоғи эшитмайдиган ва кўзи кўрмайдиган имондошимиз ёлғиз эмас
64 ёшли Синтиа Пабло Филиппиндаги Панхуло имо-ишора тилидаги жамоатда сувга чўммаган ваъзгўй бўлиб хизмат қилади. У эшитмайди ва кўрмайди, етарлича таъминланмаган. Синтиа Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган қариндошлари билан Валенсуэла шаҳрининг чеккасида яшайди. Ҳатто вазияти оғир ва пандемия ҳаётини мураккаброқ қилган бўлса ҳам, биродару опа-сингилларимиз унга роса ғамхўрлик қилишяпти.
Ёши туфайли Синтиа COVID-19 га осонликча чалиниши эҳтимоли бор. Пандемия дастидан у яшайдиган жойда сув етишмовчилиги бошлангани учун, кир ювиш қўшимча қийинчилик туғдирди. Пандемиядан олдин жамоатидаги опа-сингиллар бу юмушда унга ёрдам беришарди. Лекин ҳозирги чекловлар дастидан бу иложсиз.
Унинг жамоатидаги Валтер Илумин исмли оқсоқол Синтиага ғамхўрлик қилиш учун маҳаллий ҳукумат томонидан уйидан чиқиш рухсатини олди. Бундай рухсат фақат зарурий ёрдам кўрсатадиган инсонларга берилади. Синтианинг кийимларини ювиб беришдан ташқари, Валтер унга озиқ-овқат ва бошқа керакли нарсаларни олиб келади. У ҳукумат ўрнатган барча қоидалару чекловларга амал қилади. Масалан, юзига ниқоб тутади, алоҳида кийим кияди ва қўлини тез-тез ювиб туради.
Имондошларимизга миннатдорчилик билдириб, Синтиа улар учун қисқа видео тайёрлайди. Сўнг Валтер уни жамоатдагиларга қўйиб беради.
Бу биродаримиз шунингдек, видеоконференция орқали ўтказилаётган учрашувларимизни таржима қилиб беради. Синтиа унинг имо-ишораларини қўллари билан пайпаслаб тушунади. Биродаримизнинг кўмаги билан у «Қўриқчи минораси» тадқиқида доим шарҳлар бера оляпти. Бундай мушкул пайтдаги унинг шарҳлари жамоатдагиларнинг барига далда бермоқда.
Аминмизки, «ўша куннинг яқинлашиб қолганини кўриб» бир-бирига тасалли ва амалий ёрдам бераётган хизматчиларини кўраётган Тангри Яҳова бундан жуда мамнун. (Ибронийларга 10:24, 25)